YouTube порталида Adolat TV видеоблогини очган андижонлик блогер Жўрабек Қимизов фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган, деб хабар беради «Озодлик» радиоси. Бологернинг турмуш ўртоғи Асилзода Холмирзаеванинг таъкидлашича, унинг эри маҳалий ҳокимият тўғрисида тайёрлаган танқидий материаллари учун қамалган.
26 февраль куни блогер Қимизов Пахтаобод тумани ички ишлар бўлимига чақирилади. Аниқланишича, терговчи бундан олдин ҳам Жасурни суҳбатга чақирган, лекин блогер у пайт Россияда ишлаб юрган бўлган.
Номаълум бир одам блогер устидан бундан икки йил олдин сумкасини ўғирлагани ҳақида шикоят аризасини топширади. Терговчилар шунга ўхшаш бир-иккита эпизод бўйича блогерга нисбатан республика Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноят ишини қўзғайдилар. Қимизов ички ишлар бўлимида ҳибсга олинади. Холмирзаеванинг таъкидлашича, бу ишлар «буюртма» асосида амалга оширилган.
Блогернинг турмуш ўртоғи ҳозирги кунда Жасурнинг қаерда ҳибсда ўтирганини ҳам билмайди. У Андижондаги қамоқхона ва изоляторларини кезиб чиққан, лекин Қимизовнинг қаерда ўтирганини аниқлолмаган.
Асилзода Холмирзаева муаммолар ўтган йилнинг октябрида Жўрабек пахтаободлик икки ночор ва ногирон аёл ҳақида чиқарган видеоларидан кейин бошланганини айтади.
Пахтаобод ҳокими Маҳмуджон Бозоров уни чақиртириб, «Бунақа видеоларни қилмасдан, эр-хотин қисиб юрларинг! Сенларда кучинг бўлса, менда тепароғи бор. Хулоса чиқар — 4 фарзандинг бор экан. Мен ёритган чироқларни, ўнглаган йўлларни чиқар — нима қиласан кампирларни чиқариб» — деган.
Ҳокимият ходимлари Жўрабек ёрдам берган аёлни топишиб, «Жўрабекни устидан битта ариза етмаяпти қамашга — икки хонали уй билан таъминлаймиз, ариза ёзиб беринг!» — дейишган. Аёл эса рози бўлмаган, дейди Холмирзаева.
Аёлнинг сўзларига кўра, шундан сўнг уларга нисбатан ҳокимият ва ички ишлар органи томонидан босим кучайган.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда блогерларнинг фаолияти анча жонланган. Улар интернет орқали муҳим ижтимоий муаммоларни ёритадилар. Лекин фаол блогерларга босим ўтказиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. 2018 йил сентябрь ойида диний-маърифий мавзуда материаллар тайёрлаётган бир неча блогер ҳисбга олинган. Уларнинг кўпчилиги 15 кунлик маъмурий қамоқ жазосини олганлар.