Россиянинг йирик хусусий банки — «Альфа-банк» «Асака» банки учун 100 млн евро миқдорида синдицирлашган кредитни ташкиллаштирди. Бу ҳақда Россия компаниясининг матбуот хизмати хабар беради.
«Синдицирлашган кредит» деб камида иккита қарз берувчи томонидан маблағнинг тақдим этилишига айтилади. « «Альфа-Банк» тажрибаси ва ҳамкорлар билан ўрнатган алоқалари туфайли МДҲ, Ғарбий Европа ва Осиё мамлакатларидаги 19 та кредиторни синдикатга жалб қилолдик», — дейди «Альфа Банк» директорлар кенгаши раисининг ўринбосари Андрей Чулак.
У мазкур амалиёт МДҲ банклари ичида синдицирлашган кредит бўйича рекорд ўрнатгани, шунингдек заёмчиларнинг ўзбек бозорига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Инвесторлар синдикати «Асака» банкига умумий миқдорда 135 млн евро миқдорида кредит беришга тайёр экани маълум бўлди ва бу қарз олувчи эҳтиёжидан 35 фоиз ортиқ маблағни ташкил этади.
Икки транш орқали тақдим этилган 100 млн евро миқдоридаги кредит 12 ва 18 ой муддатига берилган.
«Асака» банки бошқаруви раисининг ўринбосари Бобохон Абдуллаев жалб этилган маблағлар кредит портфелини кенгайтириш, чакана молия хизматларини тарғиб этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшишини эътироф этди.
«Альфа-банк» 1990 йили масъулияти чекланган шерикчилик асносида ташкил этилган ва 1991 йили Россия Марказий банкининг банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясини қўлга киритган. Банкнинг 75 фоиздан ортиқ акцияси «Альфа-Групп»га тегишли. 2019 йил якунларига кўра, «Альфа-Банк» банк гуруҳининг умумий активлари — $59,47 млрд, умумий кредит портфели — $39,8 млрд, акционер капитали — $8,1 миллиарддан иборат бўлган.
«Асака» банки 1995 йили ташкил этилган. Ўзбекистон Реконструкция ва ривожланиш жамғармаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Олмалиқ ТМК» АЖ, «Бухоро» нефтни қайта ишлаш заводи, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ва бошқалар банкнинг акциядорлари ҳисобланади. 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, банкнинг умумий активи 34,7 трлн сўм ($3,6 млрд), умумий капитали — 6,1 трлн сўмдан ($642 млн) иборат бўлган. Банкнинг кредит салоҳияти — 26,3 трлн сўм (деярли $2,77 млрд) миқдорида баҳоланади.