Республика футбол миллий жамоасининг ярим ҳимоячиси Вадим Афонин Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолади. Бу ҳақда Championat.Asia хабар беради.
Футболчининг «Оренбург» клубини тарк этиши шу йилнинг январь ойида маълум бўлганди. Афонин жамоа жамлаган вақтда ҳозир бўлмаган, кейинчалик клуб президенти Владимир Кияев мавсумнинг иккинчи ярим учун жамоа таркиби шаклланиб бўлганини маълум қилади. Рўйхатда Никита Маляров ва Афонин бўлмаган, уларнинг ўрнига қозоғистонлик Исламбек Куат ва сенегаллик футболчи Мамаду Силла киритилган.
Вадим Афонин – Тошкентнинг «Трактор» жамоасида вояга етган. У турли пайтда «Шўртон» жамоаси, Россиянинг «Рубин-II» (Қозон), «Салют-Белгород» клубларида тўп сурган. Афонин «Оренбург»га 2014 йили келиб қўшилган, 2017 йили Махачқалъанинг «Анжи» жамоасига ўтган, лекин ярим йилдан сўнг ортга қайтган. Ушбу мавсумда Афонин 11 та ўйинда иштирок этган.
Ўзбекистон терма жамоасида футболчи олтита ўйинда иштирок этган. Transfermarkt маълумотига кўра, ўйинчи 700 минг еврога баҳоланади.
Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси бу мавсумда Осиё футбол федерациясининг Лига чемпионлари учун гуруҳ босқичига чиқолмади. Ўзбекистон Суперлигасининг биринчи турида «темир йўлчилар» «Андижон» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратганлар.