Ўзбекистонда бир зумда тўлов ўтказадиган QR-Online хизмати ишга тушди. У Марказий банк ва тижорат банклари ҳамкорлиги ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг матбуот хизмати хабар беради.
Янги сервис QR-коди (камера ўқий оладиган маълумотлар жомланган оптик белги. —«Фарғона» изоҳи) орқали товар ва хизматларга тўлов ўтказиш имконини беради. Лойиҳада иштирок этадиган ташкилот QR-кодини ўзи бириктирилган банк рўйхатидан ўтказиб, уларни мижозларга хизмат кўсатиш жойларида ёпиштиргич (наклейка) кўринишида жойлаштиради. Харидорлар қуйидагича тўловни амалга оширадилар: улар мазкур тўловни жорий этган банк иловасига кириб, QR-коди тўловини танлайдилар ва ёпиштиргич кодини сканер қиладилар. Шундан кейин илова товар ёки хизматга тўлов ўтказишни таклиф этади. Пул банк картасидан ёки иловага бириктирилган электрон картмондан ечиб олинади.
Компаниялар QR-Online орқали пул тушумларини уч хил йўл билан кузатиб бориши мумкин: банк сайтининг персонал кабинетидан, СМС-хабар ва Telegram мессенжеридаги @onlineqrbot ботидан . «Муқобил тизимларга қарши ўлароқ, мазкур тизим халқаро анзоларга мос равишда ишлаб чиқилган ва Марказий банкнинг клиринг тўлов тизимига боғланган ҳолда ишлайди», — деб эътироф этади МБ.
Ҳозирги кунда Тошкентдаги тижорат ташкилотларига уч мингдан ортиқ QR-коди бор стикерлар тақдим этилган. Марказий банк йўловчи ва товарларни ташиш билан шуғулланадиган компаниялар ҳам мазкур хизматдан фойдаланишига умид билдиради. «QR-online тизимининг тўлиқ жорий этилиши тўлов хизматлари сифатини оширади, нақдсиз ҳисоб-китоб қилиш спектрини кенгайтиради, шунингдек тўлов тизими барқарорлигини таъминлайди», — дейилади хабарда.
Февралда МБ тижорат компаниялари ва хусусий тадбиркорлар учун «Анор» пул ўтказмалари тизимини жорий этди. У банклараро тўловларни байрам, дам олиш кунларисиз амалга ошириш имконини беради. Мижоз ўтказилган пул маблағларини бир зумда қўлга киритиши мумкин.