Ўзбекистон Эрон ва Афғонистон билан ҳаво алоқаларини тўхтатди

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон 1 мартдан Эрон ва Афғонистон мамлакатлари билан вақтинча ҳаво алоқаларини тўхтатди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Коронавируснинг мамлакат ҳудудига киришини олдини олиш мақсадида шундай қарор қабул қилинган. Бундан олдин инфекция тарқалган Италия, Япония, Жанубий Корея, Хитой каби мамлакатлар билан ҳам ҳаво алоқалари тўхтатилгани хабар қилинганди. ТИВ ўзбекистонликларни мазкур давлатларга бормасликка даъват этади ва керак бўлганда ўша мамлакатларда фаолият юритаётган Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишни тавсия қилади.

Саудия Арабистони коронавирус туфайли зиёратчиларни қабул қилмаслик қарорини қабул қилганидан сўнг Тошкентдан Мадина ва Жидда шаҳарларига парвозлар тўхтатилди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ўзининг барча рейсларида хавфсизлик чораларини кўрган, шунингдек, республика ҳудудига кирмоқчи бўлган фуқаролар тиббий санитария-назоратига олинган.

2 март маълумотларига кўра, коронавирус Антарктидадан ташқари дунёнинг барча қитъаларида қайд этилган. Эронда 978 нафар одам коронавирус COVID-19 билан касалланган ва 54 одам ундан вафот этган, Афғонистонда эса мазкур касалликка битта одам чалингани қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ