Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Отабек Муродовга беш йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга 19 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.
Жазо чоралари 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбийлар судида эълон қилинди, деб хабар беради республика Олий судининг матбуот хизмати.
Учала фигурант республика Жиноят кодексининг 210-моддаси («Пора олиш») ва бошқа қатор моддалари билан айб деб топилган. Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, етмишдан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинган.
Судланувчи Муродовнинг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олинган, дейилади Олий суд матбуот хизматининг хабарида.
Судда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олинган.
2019 йил сентябрда Абдуллаев ва Эгамовга жиноий уюшма ташкил этиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламачилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш , божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганлик айблари қўйилиб, Абдуллаевга 18 йил, Эгамовга 16 йил қамоқ жазоси белгиланганди.
Отабек Муродов 2018 йил 31 январдан 2019 йил 20 июнга қадар Бош прокурор вазифасида ишлаган. Бунга қадар у президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. Муродов Абдуллаев ўрнига Бош прокурор этиб тайинланганди. Муродов ишдан олингандан сўнг бир кун ўтиб президент Шавкат Мирзиёев уни коррупцияда айблаганди.
Ўзбекистон қонунчилигига биноан, озодликни чеклаш жазоси шахснинг яшаб турган жойини мутлоқ ёки қисман тарк этмаслигини англатади. Суд қарорига кўра, бундай жазони олган шахс маълум жойларга бормаслик, оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, транспорт ҳайдамаслик, шунингдек интернетдан фойдаланмасликка мажбур бўлиши мумкин.