Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳрининг Шайхонтохур тумани судида болаларни сўроқ қилиш учун махсус хона ташкил этилди. Суд жараёнида гувоҳ ёки жабрланувчи сифатида иштирок этаётган вояга етмаган болаларни сўроқ қилиш учун хонада қулай шароитлар яратилган.
Лойиҳа Олий суд ва ЮНИСЕФ ташаббуси билан амалга оширилган, деб хабар беради UzNews.uz Олий суд матбуот хизматининг маълумотига таянган ҳолда.
Болалар хонаси халқаро андозаларга мос равишда ташкиллаштирилган, унда замонавий видео ва аудиоускуналар ўрнатилган. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари
Саша Грауманн сўзларига кўра, биринчидан махсус хона сўроқ ёки тергов ишларини олиб бориш учун қулай вазият яратади, иккинчидан бундай хонанинг борлиги болани суд жараёнида иштирок этаётган бошқа шахслар жанжалидан ҳимоя қилади.
Суд биноларида болалар учун махсус хоналарни ташкил этиш масаласи 2017 йили Олий суд, Бош прокуратура ва халқаро экспертлар ҳамкорлигига муҳокама қилинганди.
«Газета.uz»нинг хабар беришича, 2018 йил ЮНИСЕФ кўмагида Ички ишлар вазирлигининг Тергов бошқармасида болалар учун махсус хона ташкил этилган. Ўша йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳар ИИБ Тергов бошқармаси ҳузурида сўроқ ишларини олиб бориш учун махсус мажмуа барпо этилган ва унда болаларнинг ўйнаши учун алоҳида хона мослаштирилган.