Самарқанд Халқаро аэропортининг реконструкция қилиниши натижасида хизмат қўрсатилаётган рейсларнинг сони етти баробарга ортади. Ҳозирда ҳафтасига 40 та рейсга хизмат кўрсатилаётган бўлса, кейинчалик бир кунда шунча рейсга хизмат кўрсатилади. Аэропортни қайта қуриш ишлари жорий йилнинг сўнггигача якунланади, деб хабар беради «Самаркандский вестник» газетаси.
Реконструкция доирасида янги учиш-қўниш йўлагини қуриш, самолётларнинг янги турар жойини барпо этиш ишлари амалга оширилади. Аэропорт барча турдаги самолётларни қабул қилиш салоҳиятига эга бўлади. Реконструкция туфайли янги иш ўринлари яратилади, ходимларнинг сони 630 дан 1000 нафарга ортади.
Бундан ташқари, янги тўрт қаватли аэровокзал мажмуаси бунёд этилади. Унда Duty Free дўконлари, муҳташам VIP ва CIP заллари ишга туширилади, йўловчиларга хизмат қўрсатиш соатига 400 дан 600 га ошади. Бироқ, материалда «Самарқанд» аэропортининг янги биносида йўловчиларни кутиб оладиган ва кузатадиганлар учун ҳудуд ажратилиши ёзилмаган, зеро ҳозирги пайтда ҳеч ким авиачиптасиз аэропорт ҳудудига киритилмайди.
Самарқанд Халқаро аэропорти ўтган асрнинг 80-йилларидан бери фаолият юритади. У 2004 йили йили МДҲ давлатлари ичида «100 000 йўловчига хизмат кўрсатиш» номинацияси бўйича энг яхши аэропорт, деб тан олинган.
2019 йил майда Ўзбекистондаги учта аэропорт реконструкцияси билан Россиянинг «Новапорт» компанияси шуғулланиши маълум бўлганди. Унда 2022 йили Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити ўтказиладиган Самарқанд аэропорти биринчи бўлиб модернизация қилиниши керак эди. «ВТБ Капитал» банки мутахассислари лойиҳанинг инвестицион нархини $300–500 млн миқдорида баҳолаган эдилар.
Бироқ, ўтган йил сўнггида томонлар ҳамкорликдан воз кечдилар. Ўзбек ҳукумати ва «Новапорт» компанияси музокалари боши берк кўчага кириб қолди. Чунки, ўзбек томони россияликлар истаганидек аэропортни 30 йил концессияга беришга тайёр эмаслигини маълум қилди.