2020 йил ўртасига келиб UzAuto Motors корхонаси хорижга Ravon бренди остида маҳсулотларини сотишни тўхтатади. Жорий йилнинг март ойидан машиналар Россия ва МДҲ давлатларига Chevrolet бренди остида сотилади, деб хабар беради компаниянинг матбуот хизмати.
UzAuto Motors компанияси Россия, Қозоғистон ва Беларусга Chevrolet бренди остида Spark, Nexia ва Cobalt русумидаги автомобилларни етказиб беради.
«Chevrolet брендидан ташқи бозорларда фойдаланиш ҳуқуқи «UzAuto Motors» компаниясига автомобилларнинг юқори сифати жаҳон автосаноати етакчиларидан бири — «General Motors» компанияси томонидан белгиланган стандартларга тўлиқ жавоб берганлиги учун берилди.
Қабул қилинган қарор «UzAuto Motors«га Chevrolet жаҳон брендининг тўлиқ қувватидан Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги каби экспорт бозорларида ҳам самарали сотувни ошириш имконини яратади», – дейилади хабарда.
Шунингдек, Ravon автоуловларини ҳарид қилган мижозлар учун ҳам «UzAuto Motors» ўзининг ваколатли сервисларида хизматларни давом эттиради.
Ўзбекистон 2018 йилнинг биринчи ярмида Россияга автомобилларни етказиб беришни тўхтатди. «Ўзавтосаноат» раҳбари Шавкат Умурзоқов РФда утилизация тўлови жорий этилганидан сўнг машиналарнинг нархи тахминан $1400 ортиб кетгани ва бу ҳолат савдо ишларига тўсиқ бўлганини маълум қилганди. Ўтган йил август ойида Ravon бренди яна Россияга қайтди. Декабрда компания автомобиллар нархини камайтирди. Nexia R3 нархи 670 минг рублдан ($10 300) 550 минг рублгача тушди ($8460). Ravon R4 (Cobalt) 678 мингдан ($10 430) 603 минг рублгача ($9280), Ravon R2 (Spark) 646 мингдан ($9940) 586 минг рублгача ($9015) арзонлашди. Ўтказилган акция РФ бозорида ўзбек автомобилларини энг арзон чет эл машиналари жойини мустаҳкам эгаллашига имкон берди.
Ravon савдо белгиси Россия бозорида 2015 йил октябрида пайдо бўлганди. У UZ-Daewoo бренди ўрнини босганди. Ўшанда Ravon аббревиатурасидаги ҳарфлар, ўзбекча маънодан ташқари « Reliable Active Vehicle On Road» (йўлдаги ишончли фаол автомобиль) тушунчасини ҳам англатиши айтилганди.
GM Uzbekistan компанияси 2008 йили ташкил этилган бўлиб, у 10 йилдан ортиқ «Ўзавтосаноат» ва Американинг General Motors компаниясининг қўшма корхонаси ҳисобланган. Ўзбекистон GM Uzbekistan акцияларининг 75 фоизига, америкаликлар – 25 фоизига эгалик қилган. 2019 йил ёзида «Ўзавтосаноат» ҳамкорининг акцияларини тўлиқ сотиб олганидан сўнг, корхонанинг номи UzAuto Motorsга ўзгартирилди .