Москва метроси яқинида ташлаб кетилган чақалоқнинг онаси топилди

Ўтиш йўлагида топилган чақалоқ. "Россия 1"телеканали лавҳаси

Бундан бир неча кун олдин Москва метроси бекати яқинида ташлаб кетилган чақалоқнинг онаси топилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар беради. Агентлик аниқлаган маълумотга кўра, гўдакнинг онаси ўзбекистонлик аёл бўлади. ТАСС келтирган Тергов қўмитаси маълумотида аёлнинг фуқаролиги айтилмаган. Таржимон ёрдамида аёл сўроқ қилингани айтилади. Сўроқ жараёни РЕН телеканалида намойиш қилинган. Унда ўзбекча иборалар қулоққа чалинади.

Аёл айбини бўйнига олган, қийин аҳволда экани боис шундай йўл тутишга мажбур бўлганини айтган.

Кўринишидан икки-уч ойлик бўлган чақалоқни 12 февраль куни Москванинг «Парк Победы» метро бекати яқинида метрополитен ходими топиб олади. Гўдакни шифохонага юборишади, ҳозир унинг соғлигига ҳеч нарса хавф солмайди.

Ўз чақалоғини ташлаб кетган аёл видеокамера ёзуви орқали топилган. Уни Москва вилоятида қўлга олишган. Жиноят кодексининг «инсонни хавфда қолдириш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Терговчилар аёлни ҳисбда ушлаб туришга оид ариза киритадилар. Чақалоқ эса шифохонадан сўнг махсус ижтимоий ҳимоя муассасига юборилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ