Истанбул аэропортида самолётнинг қаттиқ қўниши оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонлик ва қирғизистонлик фуқаролар ҳам бўлган. Бу тўғрида икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар беради.
Уларнинг исм-шарифи тўлиқ келтирилмаган. Б.С (Ўзбекистон фуқароси), К.Н ва И.А (Қирғизистон фуқаролари) шифохонага ётқизилган. Консулликлар вазиятни назоратга олганлар.
Anadoluнинг сўнгги хабарларига кўра, ҳалок бўлганларнинг сони уч кишига етган, 179 нафар йўловчига тиббий ёрдам кўрсатилган. Бундан олдин битта йўловчининг оламдан кўз юмгани ва 157 одам жароҳатлангани тўғрисида хабар тарқалганди.
Авария 5 февраль куни кечқурун содир бўлган. Hurriyetнинг ёзишича, Истанбул аэропортида қўниш вақтида Pegasus авиакомпаниясининг Boeing 737 йўловчи самолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, қисмларга ажралган ва ёниб кетган.
Daily Sabah нашри маълумотига кўра, самолёт бортида 177 нафар йўловчи ҳамда олти нафар экипаж аъзоси бўлган.
Авария жойига етиб келган ўт учирувчилар оловни ўчирганлар, йўловчилар эвакуация қилинган.
Фавқулодда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. Авария ёмон об-ҳаво шароити (қаттиқ сел ва шамол) туфайли содир бўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.
Бундан олдин, 7 январь куни Истанбулнинг Соҳиби Гёкчен номидаги аэропортида Pegasus Airlinesнинг бошқа самолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетганди. Лекин унда йўловчилар азият чекмаганди.
Авария туфайли Соҳиби Гёкчен аэропортига қўниши керак бўлган самолётлар Истанбулнинг бошқа аэропортига юборилмоқда.