Ҳуқуқ-тартибот органи бўлимларида инсоннинг ўлиб қолиши — бу табиий ҳолат. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Қашқадарёда бўлган воқеага нисбатан шундай изоҳ берган, деб ёзади Kun.uz.
«ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас, бу табиий ҳолат, олдин ҳам бўлган. Айримлар ўз жонига қасд қилади, айримларнинг тоби қочиб қолади», – деган ИИВ вакили.
Шунингдек, у Чироқчи тумани Ички ишлар бўлимида ҳибсга олинган инсоннинг ўлиб қолганига доир муносабат текширувлар тугаганидан сўнг берилишини айтган. Ғиёсовнинг сўзларига кўра, Ички ишлар органининг икки ходими ҳибсга олинган ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
ИИВ вакилига кўра, худди шу воқеа ортидан Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ўз хоҳиши билан вазифасидан бўшаган.
Бундан олдин Олий Мажлис Сенати республика Бош прокуратураси мазкур воқеани ўз назоратига олганини маълум қилганди.
22 январь куни ҳайвонлар савдоси билан шуғулланадиган Ю.А. ўғирликда гумонланиб ҳибсга олинади ва тунда милиция бўлимига келтирилади. Айбланаётган шахс шу ерда жон беради. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, ҳибсдаги одамни ўлгудек калтаклашган. Ю.А.нинг отаси ва ўғлига ҳам зуғум ўтказилган.