Чорвадорлар учун 50 млрд сўм ажратилди

Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

2020 йили давлат томонидан чорвадорларнинг зотдор ҳайвонларни сотиб олиши учун 50 млрд сўм миқдорида ($5,2 млн) субсидия ажратилади, ундан 40 млрд ($4,2 млн) сўм хориждан чорва ҳайвонларини сотиб олишга мўлжалланган. ЎзА чоп этган Ўзбекистон президентининг «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча-чора тадбирлари тўғрисида»ги қарорида қўй ва эчкиларни импорт қилиш учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси 6 миллиард сўм ($630 минг) миқдорида белгилангани кўрсатилган. Бундан ташқари чорвачилик соҳасида иннавацион лойиҳаларни амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банкининг $150 млн миқдоридаги кредити йўналтирилади.

Ҳужжатда чорвадорларга яқин уч йилда берилажак субсидия тизими келтирилган. Унга кўра, чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:

республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида ($100), хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм ($210), наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм ($42) миқдорида маблағ ажратилади. Давлат бюджетидан балиқчилик ва паррандачилик билан шуғулланаётганларга ҳам пул ажратилади.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:

интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм ($100) миқдорида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 миллион сўмгача ($370) бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида маблағ ажратилади. “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш

билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг ($1 га яқин) сўмини қоплаш учун давлат томонидан субсидия ажратилади.

Чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик соҳаларида ишлаётган ишбилармонлар учун имтиёзли кредитлар берилади. Жумладан, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қисман фоизларни қоплашга маблағ йўналтиради.

2019 йили «Ҳар бир оила-тадбиркор» давлат дастури бўйича чорвачиликка 1,6 трлн сўм ($168 млн), паррандачиликка – 332 млрд сўм ($35 млн) имтиёзлик қарзлар берилгани айтилганди. Дастур доирасида аҳолига бештадан наслдор қаромол берилди ва кейинчалик аҳоли томонидан етиштирилган сут маҳсулотлари сотиб олинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Фарғонада бузиб ташланган Гидролиз шаҳарчаси ўрнида нимадир қурила бошланди

  • Ўзбекистон меҳнат мигрантларига ҳужжатларни расмийлаштириш учун микрокредитлар ажратади. Улар кимга керак?

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди