Мирзиёев мамлакатни Каримов бошқарган даврни «қўрқув даври эди» деб айтган

Шавкат Мирзиёев 2020 йил 20 январь Қонунчилик палатаси мажлисида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда Ислом Каримов раҳбарлик қилган йиллар «қўрқув даври» эди, шунинг учун депутатлар ичида жим бўлиш маъқулланган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг аввалги раҳбарининг номини тилга олмаган ҳолда мана шундай деди, дея хабар беради «Газета.uz».

«Мен 15 йил депутат бўлганман. Лекин у даврлар бошқача эди. Қанча жим юрсанг, шунча яхши эди…Бизлар қўрқув даврида яшагандик», – деган Мирзиёев.

Президент дупутатларни ислоҳотларда фаол иштирок этишга, дадил бўлишга, халқ манфаатига зид қонунлар қабул қилинишига йўл қўймасликка чақирган. Депутатлар нуфузини ошириш учун Мирзиёев вазирлик ва идоралар раҳбарларига депутатлар сўровига шахсан жавоб бериш мажбуриятини қонунан бириктириш таклифини киритган. Молия вазирлиги эса бюджетдан сарфланган ҳар бир сўм учун парламент олдида ҳисобот бериши керак.

Мирзиёев депутатлар ва сайловчилар ўртасида мулоқотни тиклаш кераклигини айтиб ўтган. Жумладан, бунинг учун икки томон муносабатини тиклаш учун электрон портал вам мобил иловалар яратиш зарурлигини айтган. «Бу тизим шундай ишлаши керакки, токи сайловчи депутатнинг ҳар кунги ишини кузата олсин, қонун лойиҳаларида иштирок этиб, ўз фикрини айтсин. Фақат мана шу йўл билангина фуқаролар ва парламент ўртасида ҳақиқий кўприк қурилади», – деган президент.

Депутатларнинг мулоқот маданиятини ошириш учун Давлат бошқарув академияси билан ҳамкорликда мунтазам мутахассисликни оширишга доир депутатларни ўқитиб бориш таклиф этилган.

Президент кейинги беш йил ичида Қуйи палата фаолияти жонланиб бораётганини таъкидлаган. Депутатлар 540 та қонун лойиҳасини кўриб чиққанлар ва бу 2010-2014 йилларга нисбатан икки баробар кўп демакдир. Фуқаровий процессуал, Иқтисодий процессуал, Сайлов кодекслари, шунингдек, бошқа муҳим норматив-ҳуқуқий актлар қабул қилинган. Жамоат муҳокамаси туфайли 400 дан ортиқ қонун лойиҳалари фуқаролар таклифларини инобатга олган ҳолда қайта ишлаб чиқилган, 16 та лойиҳа қайта ишлашга юборилган, ваҳоланки 2010-2014 йиллари бундай ҳолатлар қайд этилмаган.

Аввали хабар берилганидек, Қонунчилик палатасида спикернинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилган. Бу вазифани Инсон ҳуқуқлари миллий марказининг директори Акмал Саидов эгаллаган.

5 январда ўтказилган парламент сайловининг иккинчи босқичидан сўнг Қуйи палата таркиби тўлиқ шаклланди. Унда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) — 53, «Миллий тикланиш» демократик партияси – 36, «Адолат» социал-демократик партияси – 24 , Халқ демократик партияси – 22 ва Экология партияси – 15 ўринга эга бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?