Самарқанднинг «Динамо» клуби футболчилари маошсиз қолганлар

Самарқанднинг «Динамо» жамоаси футболчилари. Championat.asia сайти фотосурати

Самарқанднинг «Динамо» клуби раҳбарияти тўрт ойдан бери футболчиларга ойлик тўламаяпти, деб ёзади Championat.Asia.

Мавсумолди йиғилиши 10 январга белгиланган эди, бироқ 15 январга келиб барча ўйинчилар йиғилмаган. Жамоанинг бир неча иштирокчилари таҳририятга ойлик маоши берилмаётганидан шикоят қилганлар. Шунингдек, улар клуб билан шартномани бекор қилиш борасида Профессионал футбол лигаси раҳбариятига мурожаат қилганлар.

Клуб менежери Илҳом Шарипов яқин орада жамоа раҳбарияти билан учрашиб, келгусидаги фаолиятга аниқлик киритишни ваъда қилган.

Ўтган мавсумда Самарқанднинг «Динамо»си Суперлигани тарк этиб, кейинги мавсумда Pro-лигада иштирок этади. Шу билан бирга «Фарғона» маълумотларига кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Суперлига таркибини кенгайтириб, «Динамо»ни олий дивизионда қолдириш вариантини кўриб чиқмоқчи.

Мазкур футбол клубининг асосий спонсори -Самарқанд вилояти раҳбарияти ҳисобланади. Жамоага ойлик маоши тўлаш ишларида тез-тез муаммолар бўлиб туради. «Фарғона»га кўра, жамоа вакиллари спонсорларга футболчиларни боқиш учун ҳеч бўлмаганда сутли маҳсулотлар ажратилишини сўраб мурожаат қилганлар.

Эслатиб ўтиш лозим, ўтган йил декабрда республика президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон футболини янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чеккан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди