Хитойликлар Ўзбекистонда юк машиналарини ишлаб чиқариш учун $12 млн сармоя киритадилар

Sinotruk юк машиналари. Truckcnhtc.com сайти фотосурати

Хитойнинг Sinotruk International Investment Limited компанияси $12,1 млн сармоя киритган ҳолда JV MAN Auto-Uzbekistan корхонаси негизида юк машиналарини ишлаб чиқарувчи Uz Truck & Bus Motors қўшма корхонасини ташкил этади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» компанияси матбуот хизмати хабар беради.

Инвестиция йилига 3 мингдан 6 минг донагача юк машиналарини ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиб, бу мамлакат ички бозорини арзон ва сифатли юк автомобиллари билан таъминлашга имкон беради. Янги корхона 5 тоннадан 70 тоннагача юк кўтарадиган карьер самосвалларини ҳам ишлаб чиқариш эвазига ўзининг экспорт потенциалини оширади.

«Ўзавтосаноат» маълумотларига кўра, Sinotruk компанияси Хитойда оғир юк машиналарини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича биринчи ўринда туради. Компания турли тижорат брендлари остида кичик, ўрта ва оғир юкларни ташувчи юк машиналарини ишлаб чиқаради. Ўтган йили компаниянинг йиллик товар айланмаси $15,7 миллардни ташкил этган. 2009 йилдан компаниянинг 25 фоиз акцияси MAN Truck & Bus SE компанияси қўлида бўлиб, у ўз навбатида Ўзбекистондаги JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонасининг таъсисчиси ҳисобланади.

Мазкур корхона 2009 йили 29 августда ташкил топган. Унинг 49 фоиз акцияси MAN Truck&Bus AG га, 51 фоизи — «Ўзавтосаноат»га тегишлидир. MAN автомобиллари Самарқандда ишлаб чиқарилади. Корхона 15 тоннадан 50 тоннагача юк кўтарадиган автомобиллар, шунингдек, тиркачлар, самосваллар, фургонлар, махсус техникаларни ишлаб чиқаради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентдаги Human House арт-майдонининг яратувчилари ўз уйларини бузилишдан сақлаб қола оладиларми

  • Давлат туризм қўмитасининг собиқ мутасаддиси – хорижий ғоялар ва технологияларни жалб этиш бўйича янги лойиҳа ҳақида

  • Москва мэрининг буйруғи билан қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилди. Бироқ бу чора вақтинчалик эканлигига прорабларнинг ишончлари комил

  • Осиё тараққиёт банки прогнози: Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини 2020 ва 2021 йилларда инқироз кутмоқда. Омон қолиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида