«Пахтакор» клуби Швейцария миллий жамоасининг ҳужумчиси Эрен Дердийок билан шартнома тузиш арафасида. Бу ҳақда турк журналисти Левент Умит Эрол ўзининг Instagram саҳифасида хабар берган.
Ҳозирда 31 ёшни қаршилаган Дердийок туркларнинг «Газтепа» клубнинг футболчиси ҳисобланади. У мавсумнинг барча турнирларида учта гол киритган. Transfermarktга кўра, ўйинчи 350 минг еврога баҳоланган. Швейцариялик ўйинчи «Пахтакор»нинг ҳозирги бош ҳаками Шота Арвеладзе қўли остида туркларнинг «Қосимпошшо» клубида тўп сурган.
Дердийок – Швейцариянинг «Олд Бойз» клубида тарбия олган, шунингдек, у ўз ватанидаги «Базел» клуби сафида ўйнаган. У 2009 йили немисларнинг «Байер» (Леверкузен) клубига ўтади. 2012 йили «Хоффенхайм» клуби футболчини 5,5 млн евро эвазига сотиб олади, лекин у бу ерда узоқ тўп сурмайди. 2014 йили Дердийок дастлаб Туркиянинг «Қосимпошшо»клубида , кейинчалик тўрт йил «Ғалатисарой» жамоасида иштирок этади. У 2019 йили «Газтепа» билан икки йиллик шартнома имзолайди. Дердийок Швейцария жамоаси таркибида 60 та матчда иштирок этиб, 11 та гол урган.
«Пахтакор» ўтган йили 11-чи бор мамлакат чемпионатида ғолиб бўлди. Тошкентлик футболчилар Ўзбекистон кубоги ва Лига кубогини қўлга киритганлар. Клубнинг сербиялик ўйинчиси Драган Черан 23 та голи билан суперлиганинг «энг яхши ҳужумчиси» унвонини қўлга киритди. Яна бир ҳужумчи Игорь Сергеев 18 та гол урган. Бу йилги мавсумда «Пахтакор» Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) чемпионатининг гуруҳлар босқичида иштирок этади.