Ўзбекистон 2020-2022 йилларда $35 млрд хориж сармояси билан биргаликда 850 трлн ($90 млрд) сўмдан ортиқ инвестицияни ўзлаштиришни режалаштирди. 9 январь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорда инвестицияга доир мана шундай кўрсатгичлар келтирилади.
Прогнозларга қараганда, жорий йилнинг ўзида 233 трлн сўм ($24,5 млрд) миқдорида капитал маблағлари ўзлаштирилади. Улардан 43,4 трлн ($4,5 млрд) – марказлаштирилган инвестиция, яъни давлат бюджети, Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, шунингдек, давлат кафолати билан олинган хориж сармоя ва кредитлари ташкил этади. Марказлаштирилмаган инвестиция, яъни аҳоли ва корхоналар маблағлари, тижорат банклари кредитлари, давлат кафолатисиз олинган хориж сармоя ва қарзлари 190 трлн сўмни ($20 млрд) ташкил этади.
Таққослаш учун, 2019 йили 184 трлн сўм ($19,3 млрд) ўзлаштирилган ва бу аввалги йилга нисбатан 1,3 баробарга кўп бўлган. Ўтган йил якунига кўра, ЯИМдаги инвестициянинг улуши 34 фоизни ташкил этган.
Ҳужжатда 2020 йили 206 та йирик саноат объектларини ишга тушириш, 30 мингдан ортиқ ишчи ўринларини яратиш кўрсатиб ўтилган. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун жорий йилда $2,8 млрд сарфланади, маблағнинг катта қисми янги корхоналар қурилишига йўналтирилади.
Йирик лойиҳалар ичида Шўртан газкимё мажмуасида тозаланган метан асосида сунъий ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод ($429 млн) ва «Навоийазот» қошида аммиак ва карбамит ишлаб чиқарувчи завод ($318 млн) ўрин олган. Бундан ташқари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК март ойида $141 млн эвазига ўз паркини яна битта «Боинг 787-8» самолёти билан тўлдириши кутилмоқда. Самарқанд Халқаро аэропорти реконструкцияси ва Тошкентда электорон газ ҳисоблагичларни ишлаб чиқарувчи «Технопарк» МЧЖ учун $50 миллиондан маблағ сарфланиши белгиланган.
Ўзбекистон иқтисодиёт ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йили республикада Ялпи ички маҳсулотлар ишлаб чиқариш (ЯИМ) 5,5 фоизга ўсган. Бунга иқтисодга $21 млрд миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига эришилган.