10 январь куни Россия Федерациясининг 2-чи Ғарбий округи ҳарбий суди Ўзбекистон фуқаросини ижтимоий тармоқларда терроризмга чорловчи контент жойлаштиргани учун 5 йил озодликдан маҳрум этиш қарорини қабул қилди. Бу ҳақда РФ Бош прокуратураси сайтида хабар берилган.
Тергов маълумотларига кўра, 24 ёшли Шермуҳаммад Шамсиддинов 2016 йил июлидан 2018 йил июнь ойига қадар ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасига «террорчи ташкилотлар фаолиятини ёқлайдиган, зўравонлик мафкурасини тарғиб қиладиган, террорчи ташкилотларга аъзо бўлишга даъват этадиган» аудио ва видеофайлларни жойлаштириб келган.
Суд Шамсуддиновни РФ Жиноят кодексининг 205.2-моддаси, 2-банди («Террорчилик фаолиятини амалга оширишга оммавий чорлаш, «Интернет» ахборот-телекоммуникация тармоқларида террорчиликни оммавий ёқлаш, унга чорлаш») билан айбдор деб топган. Ўзбекистонлик фуқаро умумий режимдаги колонияда жазо муддатини ўтайди ва уч йил сайтни тузиш, унга администратор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Хабарда суд ҳукми ҳали қонуний тус олмагани таъкидланган.
Россия суди Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларининг террорчилик ҳаракатларида айбланиши билан боғлиқ жиноий ишларни тез-тез кўради. Ўтган йили январь ойида Москвада террорчилик актларига тайёргарлик кўрганлик айби билан 11 нафар Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароси 6 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум этилганди. Март ойида Новосибирск суди террорчиларга 2 АҚШ доллари юборган Ўзбекистон фуқаросига 10 йил қамоқ жазосини берган. Сентябрда Сахалин суди икки нафар ўзбекистонликни Сурияга боришига ёрдам берган Қирғизистон фуқаросини саккиз йил озодликдан маҳрум этди.