«2020 йил 9 январь, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 157-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган собиқ дипломат К. Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди» — деб хабар беради Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати .
Бир неча ой давом этган суд жараёни ёпиқ тарзда ўтган.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи К. Юсупов давлатга хоинлик қилиш жиноятини содир этганликда айбли деб топган.
Суд томонидан содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи каби жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар эътиборга олинган. К. Юсуповга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ўзбекистоннинг Австрия, Буюк Британия ва Яқин Шарқ мамлакатлари элчихоналарида ишлаган Қодир Юсупов 2019 йил март ойида давлатга хоинлик қилишда айбланган эди. Бунга собиқ дипломатнинг Ғарб давлатлари «айғоқчиси бўлгани»ини тан олгани сабаб бўлганди. Юсупов метро рельсига қулаш оқибатида касалхонада даволанаётганда ушбу сўзларни гапирган. Бунга қадар унга руҳий зўриқиш ташхиси қўйилганди.
Айбланувчига адвокат ёллашга имкон берилмаган, ҳуқуқ ҳимоячиларининг эътироф этишларича, Юсупов қийноққа солинган, унинг хотини ва фарзандларига босим ўтказилган.
Ўтган йил октябрь ойида дипломатнинг ўғли Темур Юсупов Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари устидан шикоят қилиб Бош прокуратурага ариза берган. Шунда қатор халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматидан Қодир Юсупов оиласига босим ўтказмасликни талаб қилганди.