Гулнора Каримова билан боғлиқ янги жиноий иш юзасидан суд жараёни бошланди

Гулнора Каримова . karimova.gulnara «Вконтакте» саҳифасидан фотосурат

8 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у билан боғлиқ бошқа шахсларга нисбатан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг Telegram каналида хабар берилган.

Хабарда судга ким раислик қилаётгани ва Каримовадан ташқари шахслар тўғрисида маълумотлар берилмаган. «Газета.uz» нашрига кўра, суд жараёни ёпиқ ҳолда ўтказилмоқда. 6 январь куни Бош прокуратура Гулнора Каримовага қарши жиноий иш бўйича терговни якунлагани ҳақида хабар берганди. Тергов нафақат биринчи президентнинг қизига, балки жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган «бошқа шахслар»га нисбатан ҳам ўтказилган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, келтирилган зарар миқдори $165 млн ва 85 млрд сўмни (деярли $9 млн) ташкил этган.

Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш бундан бир неча йил олдин (2012 йили Европа давлатларида Каримовага тегишли компаниялар фаолияти юзасидан текширув ишлари бошланганди) қўзғатилганди. У ўғирлик ва солиқдан бўйин товлаш ишларида айбланган. Унинг давлатга келтирган зарари 4 трлн сўм ($966,1 млн ўша пайт курси бўйича) миқдорида баҳоланган. Биринчи жиноий иш бўйича 2015 йили Каримовага беш йил озодликдан чекланиш, 2017 йилги иккинчи жиноий иш бўйича 10 йил қамоқ жазоси белгиланган. Кейинчалик жазо беш йиллик эркинликни чеклаш қарорига алмаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ