«Ўзбекнефтгаз» акциадорлик жамияти UNG бренди остида ўзининг ёнилғи қуйиш шаҳобчаларини очади. Бу ҳақда компаниянинг Telegram-каналида хабар берилган.
Компания тармоғининг бошқарувчиси шу йили август ойида Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида барпо этилган UNG Petro МЧЖ ҳисобланади. Шаҳобчалар тармоғи «Ўзбекнефтгаз» ва истеъмолчилар ўртасидаги воситачиларни бартараф этиш ва маҳсулотлар сифатини ошириш мақсадида тузилмоқда.
«Кўпгина ишларни амалга ошириш лозим, энг асосийси – йўналишлар белгиланган, вазифалар қўйилган. Биринчи навбатда республика аҳолисини нефть маҳсулотлари билан таъминлаш, автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида маҳсулотлар ассортименти ва ҳажмини кўпайтириш зарур», — дейди UNG Petro директори Мирзоҳид Мусаев.
Ҳозирда шаҳобчаларни қабул қилиб олиш ишлари кетмоқда. Келаси йили барча ёнилғи қуйиш шаҳобчаларини реконструкция қилиш, уларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, у ерда минимаркетлар қуриб, электрмобиллар учун барча шароитлар яратиш ишлари амалга оширилади. Нефть маҳсулотлари сифатини текширувчи ҳаракатдаги лаборатория ишга туширилган.
Ҳозирда ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида АИ-80 ва АИ-91 бензин турлари ва «Ўзбекнефтгаз» ишлаб чиқарган дизель ёнилғиси, шунингдек, АИ-92 импорт бензини истеъмолчиларга етказиб берилмоқда . 2020 йил январидан АИ-95 турдаги автобензин ва Европа стандартига жавоб берадиган дизель ёнилғисини импорт қилиш режалаштирилган.