Гонконгда уйғурлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган намойишчиларни тизгинлаш мақсадида полиция ходимлари қалампирли спрей қўллаганлар, деб ёзади The Guardian.
Воқеа 22 декабрь, якшанба куни содир бўлган. Намойишчилар полиция ходимларига қарата бутилка ва тошлар отган. Hong Kong Free Press сайтининг хабар беришича, намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашув митингчилардан бири маъмурий бинодаги Хитой байроғини ечиб олгандан сўнг бошланган. Сўнг махсус хизмат аскарлари намойишчиларни дубинкалар билан ура бошлаганлар, одамлар эса уларга қарата пластик бутилкаларни отишган. Оқибатда полиция қалампирли баллон ва резинали ўқлардан фойдаланган. Йўловчилардан бири жароҳатланган.
Даставвал мингдан ортиқ одам уйғурлар байроғини кўтариб намойишга чиқади. Ниқоб тақиб олган намойишчилар «Уйғурларга озодлик, Гонконгга ҳам озодлик», «Хитойдаги сохта автономия геноцидга олиб келади» деган ёзувлари бор плакатларни кўтариб олганлар. Намойиш тугагандан сўнг, унинг айрим иштирокчилари қўлга олинган.
Гонконгдаги намойишлар мана етти ойдан бери давом этмоқда. Дастлабки намойишлар маҳкумларни қитьа Хитойига юбориш имконини берадиган экстрадиция қонун лойиҳасига қарши, кейинчалик сайлов тизимини ўзгартириш, сиёсий маҳкумларни авф этилиши ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида бошланган.
Якшанба кунги намойиш Шинжон уйғурлари билан бирдамликни исҳор қилувчи дастлабки митинг эди.
«Эркинлик ва мустақиллик нафақат Гонконг учун, балким барча учун керакдир», — дейди турмуш ўртоғи билан митингга чиққан 41 ёшли Вонг.
Саҳнада «Бугун Шинжон, эртага Гонконг, Илҳом Тўхтини озод қилинг!» деган плакат бўлган. Маълумки, уйғур олими Илҳом Тўхти 2014 йили «сепаратист» тамғаси билан бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилганди. Куни-кеча Страсбургда Тўхтига сиртдан Андрей Сахаров номидаги мукофот берилди.
«Арсенал» ўйинчиси, германиялик турк Месут Озил ўтган ҳафта ўзининг Twitterида Хитойнинг озчилик мусулмонларга нисбатан қўллаётган сиёсатини қоралаган. У «уйғурлар қатағонга қарши курашаётган жангчилардир» деб ёзган. Мазкур клубнинг Хитойдаги Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида футболчи мутлоқ ўз фикрини билдиргани, «клуб ҳеч қачон сиёсий масалаларга аралашмаслиги» тўғрисида изоҳ берилган.
Шундан сўнг, 15 декабрь куни Хитойда «Арсенал» ва «Манчестер Сити» ўйинининг трансляцияси узиб қўйилган, Озил ва унинг хитойлик фан-клуби аккуанти мамлакат ижтимоий тармоқларидан ғойиб бўлган.
Пекин ғарбий ҳудудларини хитойлаштиришга ҳаракат қилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, камида бир миллион уйғур ва бошқа мусулмон халқи 2017 йилдан бери қайта тарбиялаш лагерларида ушлаб турилибди. Бу ерда улар хитой тилини ўрганиш, Хитой Коммунистик партиясига мадҳиялар ўқиш ва махсус қоидаларни ёдлашга мажбур қилинмоқдалар.



