Ўзбекистоннинг дзюдо бўйича миллий терма жамоасини юнон тренери, Олимпия ўйинлари ғолиби Илиас Илиадис бошқаради. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпиада қўмитасининг матбуот хизмати хабар беради.
Илиадис Дзюдо федерацияси билан 2020 йил октябрига қадар шартнома имзолаган. У ўзбекистонлик дзюдочиларни келаси йил июль ойида Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёрлайди.
«Рости, Илиас Илиадис номзоди бирдан пайдо бўлди. Биз Япония ва Европадан тренерларни жалб қилишни ўйлаётган эдик. Билдикки, Илиадиснинг эски шартномаси тугаяпти. Вақтни бой бермасдан у билан келиша олдик. Олимпиадагача оз вақт қолган, максимал натижага эришиш учун бор куч-ғайратни сарфлашга тўғри келади», — деди республика Дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Комилов.
Илиас Илиадис Грузияда туғилган, лекин ёшлик чоғидан Грецияга кўчиб ўтган. У 2004 йили 17 ёшда Афинада ўтказилган Олимпиаданинг дзюдо бўйича эркаклар курашида ғолиб бўлган. Шунингдек, Илиадис уч марта жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритган ва 2012 йилги Лондон Олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлган.