Саноат ва фермер хўжалигини ривожлантириш учун Япония Ўзбекистонга $3,5 млрд маблағ ажратади

Шавкат Мирзиёев ва Синичи Китаоку учрашуви. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Япония халқаро хамкорлик агентлиги (JICA) саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун Ўзбекистонга $3,5 млрд пул ажратади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва JICA раҳбари Синичи Китаокунинг Токиода бўлиб ўтган учрашувида мана шундай келишувга имзо чекилди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

«Бугунги кунда шерикликдаги лойиҳалар қиймати 4 миллиард доллардан ортиқни ташкил этмоқда. Узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан зиёд бўлган, жумладан, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган янги дастур ўзаро келишиб олинди», дейилади хабарда.

Учрашувда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим соҳасидаги алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва JICA ҳамкорлигидаги ҳар бир лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида «йўл харитаси» ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистоннинг JICA билан ҳамкорлиги 1993 йили бошланган. 1999 йили Агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очади ва у 2003 йили ташкилотнинг хориждаги энг муҳим ўттизта ваколатхоналари рўйхатига кирган.

Ўтган вақт мобайнида Агентлик Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш, Самарқанд, Бухоро, Урганч аэропортларини реконструкция қилиш, темир йўлни модернизация қилиш, Толимаржон ГЭСини кенгайтириш ишларини амалга оширди. Ҳозирда JICA билан ҳамкорликда Қарши-Термиз темир йўлини электр билан таъминлаш, Навоий ИЭСини модернизация қилиш, Аму-Бухоро суғориш тизимини жонлаштириш ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш кўзланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ