2019 йил 22 декабрда Ўзбекистон парламентига бўладиган сайловлар қоидалари фуқароларга депутатликка номзодлар ичидан танлаб олиш имконини бермайди. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) ўз фикрини билдиради.
Шундай қилиб, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) билан бир фикрга келди. Зеро, ЕХҲТ ДИИҲБ ўз докладида Ўзбекистонда фаолият юритувчи бешта партия президент ва ҳукумат белгилаб берган сиёсий доирада иш юритишини, сайловга мустақил номзодлар ва мухолифат партиялар киритилмаганини эътироф этган. Қонунчилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан, ДИИҲБ сиёсий партияларни рўйхатга олиш ўзгармай қолганига урғу беради.
HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон таъкидлашича, мавжуд вазият Ўзбекистонда олиб борилаётган муҳим ислоҳотлар бўлажак парламент сайловларини қамраб олмагани билан аянчлидир. «Тошкент келажакда мустақил партия ва номзодларнинг сайловларда иштирок этишига имкон бериши керак», — дейди Уильямсон.
HRW мамлакатда инсон ҳуқуқлари тикланаётганида Мирзиёев хизмати ўринли эканига урғу беради. Ўзбекистон ҳукумати парламент сайловлари ислоҳотлар босқичининг муҳим бўлаги эканини иддао қилгани билан ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги сиёсий тизим сезиларли даражада авторитар бўлиб қолаётгани, сиёсий плюрализм етишмаётганига эътиборни қаратадилар.
ЕХҲТ ДИИҲБнинг жадвалига кўра, 17 декабрдан Ўзбекистонга 224 нафар қисқа муддатли кузатувчилар ташриф буюради. Улар икки кишилик гуруҳга бўлиниб, бутун мамлакатдаги сайлов участкаларининг очилиши, овозларни санаш ва якуний ишларни кузатадилар. 3 декабрдан мамлакатда узоқ муддатли кузатувчилар фаолият юритмоқда. ЕХҲТ миссияси доирасида 11 нафар халқаро эксперт иштирок этмоқда. ДИИҲБ сайловга доир дастлабки якун ва ҳулосаларини 23 декабрда ўтказиладиган матбуот анжуманида ошкор қилади, сайлов жараёнлари кузатувига оид якуний ҳисобот эса тахминан икки ойдан кейин эълон қилинади. 150 ўриндан иборат Қонунчилик палатаси учун «Миллий тикланиш» демократик партияси, Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва «Адолат» социал-демократик партияси номзодлари кураш олиб борадилар. Сайловда иштирок этиш учун жами 750 нафар номзод рўйхатга олинган.