Ўзбекистонда 2020 йил 1 апрелдан «ўрта бизнес» тушунчаси пайдо бўлади. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан тайёрланган Президент қарори лойиҳасида мана шундай тоифа киритилиши таклиф этилади.
Ўрта тадбиркорлик субъектлари кичик бизнес тасарруфидан чиқарилади. Ходимлар сони ва йиллик айланма маблағига қараб юридик шахслар қайси тоифага мансублиги белгиланади. Янги тоифага мансуб бўлиш учун ишлаб чиқариш корхонадасида 100 дан 150 нафаргача, қурилиш ташкилотида 70 дан 100 нафаргача ходим ишлаши керак. Шунингдек, ушбу тоифага улгуржи савдода 30 дан 40 нафаргача, чакана савдо, хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа ишлаб чиқаришдан ташқари соҳаларда 20 дан 30 нафаргача иш билан банд ходимга эга бўлган ўрта корхоналар киради.
Йиллик айланма маблағи 1 млрд.сўмдан 3 млрд.сўмгача ($105 мингдан — $316 минггача) бўлган тадбиркорлик субъектлари ўрта бизнес тоифасига киритилади ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
Кичик бизнес субъектлари учун барча имтиёз ва преференциялар ўрта тадбиркорлик (бизнес) субъектларига татбиқ этилади.
Шу йилнинг сентябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев кичик бизнес тоифасини киритишни таклиф қилганди. У бундай эҳтиёж дунё тажрибасидан келиб чиққани ва бизнеснинг барча тоифалари учун давлат кўмаги зарур бўлишини таъкидлаганди.
Ўзбекистон Давлат статистика кўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йил январь-сентябрь ойларида мамлакатда 323 мингта кичик корхона ва фирмалар фаолият юритган ва бу ўтган йилга қараганда 25 фоизга кўпдир. Тўққиз ой ичида кичик тадбиркорликнинг Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмидаги улуши 57,2 фоизни ташкил этган.