Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Гулнора Каримова адвокати Грегуар Манжага нисбатан адвокатлик этикасини бузиш, ўзбек қамоқхоналари тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатишга доир кўйган айбловлари сохта ҳисобланади. Бу ҳақида Манжанинг ўзи «Фарғона»га сўзлаб берди ва у мижозини бундан кейин ҳам ҳимоя қилишни давом эттиришини билдирди.
«Мен ушбу асоссиз ва билвосита айбловларни мутлоқ инкор қиламан ва буни Каримованинг ўз адвокати билан мулоқот қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга уриниш, деб биламан», – деди Манжа. У адвокат сифатида адолатсиз суд ишлари, маҳкумларга нисбатан ёмон муносабат ва бошқа нарсаларни танқид қилиш ҳуқуқига эга эканини қўшимча қилди.
Манжанинг сўзларига қўра, у охирги марта Ўзбекистонда жорий йилнинг июнь ойида бўлган. Шундан бери республика ҳукумати унинг ўз мижози билан учрашишига рухсат бермаяпти. Жумладан, 14 октябрь куни Манжа Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосаридан 11 октябрь санасида ёзилган мактубни олган. Унда «Каримова ишига доир кўплаб суд ишлари айбланувчининг маҳаллий адвокати иштирокида давом этаётгани ва унинг ташрифи тергов ишларига халақит бериши мумкинлиги» сабаб Манжанинг Гулнора Каримова билан учрашуви имконсиз экани ёзилган.
Бундан икки ҳафта олдин Манжа 2020 йил 5 ва 8 январь оралиғида ўз мижози билан учрашишга рухсат сўраб мактуб йўллаган. Ҳозирча жавоб хати келмаган. «Мен Ўзбекистондан суд ишларининг адолатли олиб борилишини, Гулнора Каримованинг ўз ҳимоячиси билан яна учрашишга ҳақли эканига доир ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кутиб қоламан», – деди адвокат.
Ўзбекистон ҳукумати Грегуар Манжанинг мамлакатга киришига рухсат бермаган ва бу ҳақида Бош прокуратуранинг матбуот хизмати 10 декабрда маълумот берди.
Бош прокуратура эътироф этишича, бунга «ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Г.Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган»и сабаб бўлган.