Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Ўзбекистонга киритилмади

Грегуар Манжа. Bilan.ch сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжани мамлакатга киришига рухсат бермади. Бу ҳақида республика Бош прокуратураси матубот хизмати хабар қилади.

Бош прокуратура эътироф этишича, бунга «ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Г.Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган»и сабаб бўлган.

Аслида, «пенитенциар муассасалар халқаро ҳуқуқни ҳимояловчи ташкилотлар учун ҳам очиқ бўлиб, уларнинг мониторинг ҳисоботлари мунтазам равишда чоп этиб борилади», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Шунингдек, «амалдаги қонунчиликка кўра чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмагани, чет эллик адвокат Г.Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Г.Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегаралангани, унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилгани» таъкидланади расмий баёнотда.

Бош прокуратура Г.Каримованинг манфаатлари ҳимоясида қатнашаётган адвокатларнинг барчаси Г.Каримованинг яқин қариндошлари томонидан ёлланган бўлиб, тегишли тартибда адлия органлари томонидан берилган адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эканига урғу беради.

Ноябрь ойида Грегуар Манжа ўз ҳимояси остидаги шахс билан учрашолмаётгани, Ўзбекистон ҳукуматидан рухсат сўраб ёзган аризаларига рад жавоби берилганини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • ШҲТ-2016 саммити олдидан реконструкция қилинган Тошкент маҳалласини “Москва кўп қаватли турар-жойлари” учун бузишади

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди