2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари харид комиссиясининг энг яхши таклифларни саралаш бўйича қарорини мажбурий равишда икки кунга жамоат муҳокамасига қўяди. Ушбу талаб республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 декабрдаги қарори билан белгиланди.
Ташкилот харид комиссиясининг баённомаси, ҳужжат расмийлаштирилган кунда давлат харидлари бўйича махсус порталда жойлаштирилади.
Ушбу веб-манбанинг ўзида келгуси йилдан бошлаб ташкилот ва идоралар тендер ва танловлар ҳақида маълумотларни аризалар қабул қилиниши якунидан камида ўн беш кун олдин эълон қилади.
Харидлар электрон дўкон ёки бошланғич нархни пасайтиришга мўлжалланган аукцион орқали ўтказилади. Бундай функциялар xarid.uz. порталида ҳам мавжуд. Бу ерда кўрсатилган статистик маълумотларга кўра, электрон дўкон орқали ўтказилган битимларнинг умумий қиймати 72 млрд сўмни ($8,2 млн), аукцион орқали 61 млрд сўмни ($6,4 млн) ташкил қилди. Корпоратив харидлар мувофиқ равишда 27 млрд сўм ($2,8 млн) ва 44 млрд сўм ($4,6 млн) даражасида белгиланди.
Президент қарорида ушбу ҳужжат корпоратив буюртмачилар маблағларининг мақсадли сарфланиши ва самарадорлигининг ошишини, давлат харидлари тизимининг шаффофлигини ва жараёнга хусусий тадбиркорларни кенг жалб қилинишини таъминлаши кераклиги белгиланган.
Давлат харидлари тизимидаги янгиликлар рўйхати ўтган йил бошида президент томонидан тасдиқланган компаниялар учун амал қилади. Рўйхатга жами 23 ташкилот киритилган бўлиб, “Ўзбекнефтегаз”, “Ўзбекэнерго”, “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзкимёсаноат”, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва бошқалар шулар жумласидандир.
2018 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун имзоланган бўлиб, у мазкур соҳани тартибга солишни осонлаштирди ва миллиард сўмлаб бюджет маблағларини тежаш имконини берди. Қонун харид процедураларининг беш турини белгилаб, улардан иккитаси қарорларни қабул қилишда инсонийлик омилини тўлиқ йўқотди. Қонун талабларига кўра, ҳозирда махсус талаблар амал қилмайдиган товарлар, ишлар ва хизматларнинг барчаси электрон дўкон орқали харид қилинади.