Россиядаги Сбербанк банкоматларининг 80%да ўзбек ва тожик тилларида хизмат кўрсатиш жорий этилди. Бу ҳақда Сбербанк матбуот хизмати хабар бериб, 2020 йилда хорижлик фойдаланувчилар учун узоқлашган хизмат кўрсатиш каналларини мослаштириш давом этишини таъкидлади.
“Сбербанк чет эллик мижозларининг катта қисми Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир. Ушбу давлат фуқароларининг мижозлик тажрибасини яхшилаш мақсадида Сбербанк банкоматлардаги интерфейсларни уларнинг она тилига ўгирди”, — дейилади хабарномада.
Банкомат томонидан амалга ошириладиган барча амалиётлар тожик ва ўзбек тилларига ўгирилган: нақд пул ечиш ва қўйиш, қолдиқни текшириш, мобил алоқа учун тўловни амалга ошириш ва ҳоказо. Ушбу амалиётлар қўшимча саккиз чет тилида мавжуд бўлиб, инглиз тили шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Сбербанк бўлимларида чет эл фуқаролари орасида талабгир бўлган тақдимотлар ҳам тожик ва ўзбек тилларига таржима қилинган бўлиб, дебет карталари ҳам ушбу тақдимотлар қаторига киради. Ушбу тилларда Сбербанк-онлайн мобил иловасидан фойдаланиш, карталар бўйича хабарномалар билан ишлаш ва “Спасибо” хайрихоҳлик дастури билан ишлаш ҳақида маълумот олиш мумкин.
“Чет эл фуқаролари банк маҳсулотлари ва хизматларидан фаол фойдаланадилар. Уларнинг эҳтиёжларини ўрганар эканмиз, хизматларни уларнинг она тилига таржима қилиш, уларнинг банк билан ўзаро ҳаракатини осонлаштирувчи муҳим қадам бўлишини тушундик”, — дейди Сбербанкнинг “Ўзига хос ечимлар” бўлимининг раҳбари Александра Алтухова.
Шу йилнинг баҳор мавсумида Сбербанк телефон рақами ва олувчининг исми орқали тезкор пул ўтказмаларини қўшни ўнта давлат учун жорий қилган эди. Шу жумладан, Марказий Осиё давлатларининг барчаси – Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон давлатлари учун ҳам ушбу хизмат мунтазир. Пул ўтказмасини мобил илова орқали амалга ошириш мумкин. Жўнатувчидан олинадиган комиссия миқдори 1%ни ташкил қилади.