Ўзбекистон Адлия вазирлиги Фарғона ҳокимининг Constant Trading МЧЖга тегишли хусусий мулкни олиб қўйишига доир қарорини бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритди. Идора мутасаддилари мансабдор шахс ўз мансаб ваколатларини ошириб юборган деб ҳисоблаганликлари сабабли, иш материаллари прокуратурага топширилади. Бу ҳақида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари Адхам Турдиевнинг ЎзА сайтида эълон қилинган баёнотида маълумот келтирилган.
Сўз Фарғона ҳокимининг 2019 йил 19 сентябрь куни қабул қилинган 965-сонли қарори ҳақида кетиб, унга кўра Constant Trading МЧЖнинг Фарғона шаҳар Б.Марғилоний кўчаси, 139-уй манзилида жойлашган хусусий мулк, ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг иншоотлари ҳокимлик захирасига ўтказилиши белгиланган. Мансабдор шахс ушбу қарорига асос сифатида уларнинг узоқ вақт мобайнида фойдаланилмаганлигини келтирган.
Адлия вазирлигининг вакили Ўзбекистон қонунчилиги хусусий мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ёки ундан маҳрум қилишга йўл қўймаслигини таъкидлади. “Бундан ташқари, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг 1921 ва 2422-моддаларида хусусий мулкдорларнинг мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаганлик ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилганлик учун жавобгарлик белгиланган”, — дейилади Турдиевнинг баёнотида.
Эътиборлиси, вазирлик ходими Фарғона ҳокимининг фамилиясини кўрсатмаганлиги сабабли, тушунмовчилик вужудга келди. Баъзи ўзбек ОАВлари сўз Фарғона вилоят ҳокими Шухрат Ғаниев ҳақида кетмоқда деб ёзган, аслида эса Фарғона шаҳар ҳокими лавозимида Ҳамид Ҳабибидинов ишлайди. Айнан Ҳабибидинов Адлия вазирлигининг маълумотида кўрсатилган қарорга имзо чеккан бўлиб, ушбу қарорни Фарғона ҳокимлигининг сайтида топишнинг иложи бўлмади.
Бундан аввал ўзбек ОАВлари Фарғона раҳбарияти билан Constant Trading ташкилоти ўртасидаги зиддият ҳақида хабар берганди. Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида тадбиркорлар судга мурожаат қилиб, ҳоким қарорининг Б.Марғилоний кўчаси, 139-уй манзилида жойлашган корхонага тегишли фабрикани олиб қўйиш тўғрисидаги қисмини бекор қилишни сўраган. Ишни кўриб чиқиш 8 ноябрь кунига белгиланган, лекин суд мажлиси бошқа кунга кўчирилган. Ушбу суд жараёни доирасида бирорта мажлис ўтказилгани номаълум.