Россияда фирибгар 10 минг € эвазига мигрантларни ясама Финляндия чегарасидан ўтказиб қўйди

Angara.net сайти фотоси

Россияда тўрт нафар Жанубий Осиёлик мигрантларни Петербург шаҳри яқинида ясалган сохта Финляндия чегарасидан ўтказиб қўймоқчи бўлган фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақида “Интерфакс” агентлиги Россиянинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича ФХХ матбуот хизматидан олган маълумотларига асосланган ҳолда хабар берди.

Мазкур ғоя муаллифи МДҲ давлатларидан бирининг фуқароси бўлиб, махсус хизматда у айнан қайси давлатдан эканлигига аниқлик киритилмади. “Чегара”дан ўтишда ёрдам бериш учун у 10 минг евродан ортиқ маблағ олиб, ҳақиқий Россия-Финляндия чегараси яқинида ўзи сохта чегара устунларини ўрнатган ва уларнинг ёнига мигрантларни олиб келган.

Исталган ўрмонга етиб боришдан аввал, йўл кўрсатувчи шахс уларни умум фойдаланиш йўлларидан, кейин – майда йўллардан, кейин Виборг вилояти кўлларидан бирининг атрофидан олиб ўтган, қизиқарлиси, у йўлга ишириладиган қайиқ олиб, “ҳар эҳтимолга қарши-да” деган.

Ўрмонда беш нафар шахс чегара ходимлари томонидан ушланган. Суд Осиёдан келганларни МЖтКнинг чет эл фуқароси томонидан РФ да бўлиш тартибини бузиш ҳақидаги моддасини бузганлик ҳақида айбдор деб топиб, уларнинг барчасига маъмурий жарима қўллаган ва мамлакат ҳудудидан мажбурий равишда чиқариб юборишни белгилаган. Чегарани бузиш уларни 6 йиллик қамоқ жазосига олиб келарди.

Уларнинг кузатувчиси эса фирибгарлик (РФ ЖКнинг 159-моддаси) бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, ҳозирда жиноий иш қўзғатиш масаласи кўрилмоқда.

Россия-Финляндия чегарасидан ўтмоқчи бўлганларнинг алданиши – табиий ҳолат, лекин, одатда уларнинг усуллари оддийроқ бўлган, ҳар ҳолда шу кунгача бундай жиноятлар озроқ уринишлар билан амалга оширилган.

Масалан, сентябрь ойининг бошида Виборг туманининг ўрмон ҳудудида Москвага сайёҳлар сифатида келиб, Европа иттиффоқи ҳудудига ноқонуний кирмоқчи бўлган 9 нафар покистонлик қўлга олинган. Россия пойтахтида такси ҳайдовчилари уларнинг ҳар биридан 300$ дан олиб, Финляндия чегарасигача олиб боришни ваъда қилишган, сўнгра Виборг яқинидаги ўрмонга олиб бориб, автоуловларини алмаштириш баҳонасида машинадан туширишган. Шу билан бирга, йўловчиларни автоулов ичида барча буюмларини, жумладан уяли телефонларини қолдиришга кўндириб, бошқа автоуловлар келгунича қоронғуда буюмлар йўқолиши мумкинлигини тушунтиришган. Покистонликлар пулсиз, телефонларсиз, шахсий буюмларсиз қолишган, камига уларни қўлга олиб, жаримага тортишди ва Россиядан мажбурий равишда чиқариб юборишди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ