Ушбу янгиликни «Фарғона» Бош директори Даниил Кислов Фейсбукдаги ўз саҳифасида шундай изоҳлайди:
««Контрабандани олдини олиш» баҳонаси ҳечам ақлга сиғмайди. Контрабандани чегарада бир марта текшириш керак, кейин фураларни ҳар бир блокпостда тўхтатиб, уларни «соғиш» ярамайди. Блокпостлар уруш давридаги Чеченистон ва Сурияни эсга соладиган тимсолдир. Ўз ҳалқига ишонмаган, амалда полиция ва бошқа амалдорлар коррупцияси ривожи учун шароитлар яратиб бераётган давлат ўз ишидан уялиши керак. Ўзбекистон йўлларига блокпостларни қайтариш ғоясини полиция қўллаб-қувватлаган бўлса, ажабмас. Бу очиқдан-очиқ регресс, ортга қайтишдир, жаноб Ш.Мирзиёев».
Фарғона-Водил ва Фарғона-Аввал йўлларида яна йўл-патрул хизмати ўз фаолиятини тиклади, деб хабар беради Sof.uz. нашрининг Telegram-канали Мазкур назорат ўтказиш пунктлари, шунингдек республика бўйича фаолият юритган мана шундай 74 та блокпост ўтган йили мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан йўқ қилинганди.
«Озодлик» радиоси Фарғонада йўловчиларни ташиш билан шуғулланадиган ишбилармон сўзларига таянган ҳолда Водил туманида бир нечта блокпостлар қурилганидан хабар беради. Ички ишлар вазирлиги вакили радиостанция мухбирига Қирғизистондан олиб кирилаётган контрабанда товарларини олдини олиш учун Фарғона вилоятида блокпостлар яна қайтадан тикланганини маълум қилган.
«Озодлик» маълумотларига кўра, аввали бартараф этилган бундай ўтказиш пунктлари Андижон, Хоразм, Тошкент, Навоий, Бухоро, Сурхондарё вилоятларида яна тикланган.
Республика Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати мамлакатнинг айрим регионларида вақтинча қўшимча блокпостлар ташкил этилганини тан олган. Бўлажак сиёсий, байрам тадбирларини ўтказишда хавфсизликни таъминлаш мақсадида бундай чоралар кўрилгани таъкидланган.
2017 йил декабрда Ўзбекистон президенти йўл постларини бартараф этиш мақсадга мувофиқ эканини айтганди. Унинг фикрича, бу эскиликдан қолган сарқит одамларнинг ҳаракатланишига, иқтисодиёт, ички ва ташқи туризм ривожига тўсиқ бўлиб келган.
«Тасаввур қилинг, Хоразмдан машинада Тошкентга келиш учун одам 17 та постдан ўтиши керак…17 та постдан! Битта постдан ўтдинг — Самарканд, кейин Жиззах, Сирдарё, кейин эса Чинозгача яна учта пост…Фарғона водийси халқи эса пойтахт йўлида саккизта постга учрайди», — дея норози бўлганди Мирзиёев. Давлат раҳбари чиқишидан сўнг бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов назорат-ўтказиш пунктларини қисқартириш режалари ҳақида гапирганди.