Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги чақалоқ ўлими билан боғлиқ ҳолатни текшира бошлади

Елена Царевскаянинг видеомурожаатидан лавҳа

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги пойтахт фуқароси Елена Царевскаянинг 25 кунлик чақалоғи ўлими билан боғлиқ ҳолатни текшира бошлади. Жабрланган она вазирга видеомурожаат қилиб, пойтахт давлат клиникаларидаги аянли аҳволни тилга олади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматинининг маълумотига кўра, мазкур ҳолатни вазир ўз назорати остига олган. Вазирлик қошида ишчи гуруҳи ташкил этилиб, у 2 декабрдан мудхиш воқеа юз берган Тошкент механика заводи клиникасини текшира бошлаган. Вазирлик айбдорлар топилиб, қонун бўйича қаттиқ жазоланишини таъкидлайди.

Царевскаянинг сўзларига кўра, чақалоққа расман қўйилган ташхисга асосан унинг ўпкалари тўлиқ очилмаган. Лекин туғруқхонада чақалоқни «соғлом» деб кузатиб қўйишган. Видеомурожаат муаллифининг таъкидлашича, давлат клиникаларида оддийгина медикамент, дорилар йўқ, туғилган чақалоқлар учун кислород маскалари ва бокслари етишмайди. «Боламни иссиқ сув солинган баклашкаларга ўрашди. Бу нима деган гап?! Биз Ўрта асрда яшаяпмизми?» – деб мурожаат қилади аёл вазирга. У завод клиникасида УЗИ аппарати йўқлиги сабаб, қўлда гўдак билан пулли клиникага бориб, ушбу процедурани қилганлигини айтади. Бу билан Царевская хусусий ва давлат клиникалари ўртасида осмон билан ерча фарқ борлигига ишора қилади. Хусусий клиникаларда барча шароитлар мавжуд, лекин хизматлар қиммат, бепул давлат клиникаларида эса ҳаттоки «шприц ва перчаткалар» йўқ.

Царевская вазир эътиборини бошқа муаммоларга қаратади, жумладан коррупцияга. Унинг сўзларига кўра, перинатал маркази врачлари сифатли хизмат кўрсатилиши учун 2-3 млн сўм (таҳминан $300) тўлаш лозимлигини айтганлар. Бундай ҳолатлар «бепул» медицинада гуллаб-яшнаётгани ҳеч кимга сир эмаслиги айтилади. Видеомурожаат муаллифи соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар тақчиллиги муаммосини кўтаради: тажрибали мутахассислар кўчиб кетишмоқда, кўпчилик шифохоналарда пора билан ўқишни тамомлаган чаласавод одамлар ишламоқдалар.

«Боламни энди ҳеч ким қайтариб беролмайди, лекин бундай ёрдамга муҳтож чақалоқлар жуда кўп…Бизлар мамлакат бўйлаб болаларнинг операцияси ёки дори-дармонига пул йиғамиз. Бундай аҳвол қай бир нормал давлатда бор?» – дейди Царевская. Аёл болалар клиникаларида нималар содир бўлаётганидан бохабар бўлиш учун Шодмоновга шахсан бориб кўришни маслаҳат беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ