Хива шаҳри туркийлар дунёсининг 2020 йилги пойтахти, деб эълон қилинди. Бу ҳақда Kabar.kg. хабар беради.
Ушбу қарор Ош шаҳрида бўлиб ўтган туркий давлатлар доимий кенгаши — ТЮРКСОЙ (Халқаро турк маданияти ташкилоти)нинг 37-мажлисида қабул қилинди.
Анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон маданият вазирлари, шунингдек, Шимолий Кипр маориф ва маданият вазири ва мазкур ташкилотнинг бош директори Дюсен Касеинов иштирок этди.
«Хива шаҳри Ўзбекистоннинг дурдона шаҳарларидан бири саналиб, тарихий қиёфасини тўлиқ сақлаб қололган маскандир. Бу қадим шаҳар бир пайтлар Хоразм хонлиги пойтахти бўлган», – деди Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова.
ТЮРКСОЙ 2012 йилдан бери туркийлар дунёсининг пойтахтини эълон қилиб келади. Илк бор бундай шарафли ном Остона (ҳозирги Нур-Султон), 2019 йили Ўш шаҳрига берилган.
Ҳалқаро турк маданияти ташкилоти (ТЮРКСОЙ) 1993 йили тузилган бўлиб, унинг бош мақсади туркий халқларнинг бой маданий меросини сақлаб қолиш, уни ривожлантирган ҳолда келажак авлодга етказиб беришдан иборатдир. Мазкур ташкилотнинг бош қароргоҳи Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган.
Ҳозирги Хива жойлашган минтақада эрамиздан аввалги олтинчи асрдан бошлаб одамлар истиқомат қила бошлаганлар. Шаҳар турли даврларга мансуд тарихий обидалари билан дунёга машҳур. У ЮНЕСКО томонидан «бутун инсоният маданий мероси» сифатида тан олинган.