Хорижга ишга кетаётган ўзбекистонликлар учун кредит берилади

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати фотоси

Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган ўзбекистонликларга микроқарз берилади. 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Меҳнат вазирлиги, “Ўзагросуғурта” АЖ ҳамда “Микрокредитбанк” АТБ ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.

Микроқарзларнинг йиллик фоизи 2019-2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз этиб белгиланган.

Мазкур кредитлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labour-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига берилади.

Бунда микроқарзларни расмийлаштириш жараёни бир банк кунида амалга оширилиб, бунинг учун фуқаролардан паспорт, ариза каби минимал ҳужжатлар талаб қилинади.

Ушбу ҳужжат билан фуқароларнинг чет элда вақтинча ишлаши даврида уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун 50 минг сўм ($5,2) миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этилади.

Ушбу суғурта маблағлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Микроқарзлар ва субсидиялар қачон берилиши тўғрисида маълумот берилмаган.

Маълумотларга кўра, 2,5 млн фуқаро ёки мамлакат аҳолисининг 7 фоизи меҳнат мигрантлари ҳисобланади ва уларнинг аксарияти Россияда ишлайдилар. 2018 йил июль ойида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари хорижда мажбурий меҳнатга тортилган, дискриминация ёки зўравонликка учраган, моддий ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож ўзбекистонликларга ҳар томонлама кўмак беришдан иборатдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ