Сирдарёлик ҳайдовчилар трассани тўсиб қўйганлар

Ҳайдовчилар йўлни тўсмоқдалар. Gazeta.uz сайти видеоёзувидан лавҳа

Сирдарё виоятининг Бахт шаҳрида ўнлаб ҳайдовчилар «Тошкент-Гулистон» трассасини тўсиб қўйганлар ва оқибатда бу йўналишда сунъий тирбандлик пайдо бўлган. Одамларнинг норозилигига «Тежамкор Метан Газ» компаниясига қарашли Ёнилғи қуйиш шаҳобчасида метан газининг йўқлиги сабаб бўлди, деб хабар беради Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Воқеа 27 ноябрь куни содир бўлган. Айрим ҳайдовчилар метан газини қуйдириш учун ярим тундан навбатда туришган ва оқибатда шаҳобча олдида бир неча километрли машиналар навбати вужудга келган. Бироқ , кундузги соат 11 да «Ўзнефтгазинспекция», «Ўзтрансгаз» ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари газ ҳисоблагични текширув учун ечиб оладилар ва оқибатда ёнилғи шаҳобчаси иши тўхтаб қолади. Бундан ғазабланган ҳайдовчилар скамейкаларни қўйиб, трассани тўсиб қўядилар. Воқеа содир бўлган жойга ички ишлар ходимлари етиб келади ва норози фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борадилар. Шундан сўнг трасса очилади, Ёнилғи шаҳобчаси ўз ишини тиккалайди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ҳудудда метан гази билан боғлиқ муаммолар содир бўлаётганини тан олиб, трассага яқин жойлашган Ёнилғи қуйиш шаҳобчалари олдида тирбандликни олдини олиш мақсадида йўл-патрул хизмати ходимлари навбатчилик қилаётганини маълум қилди.

«Озодлик» радиосининг маълумотига кўра, Сирдарёда юз берган норозилик акцияси икки соат давом этган. Бир гувоҳнинг айтишича, ҳайдовчилар олдига вилоят ҳокимияти вакиллари келиб метан билан боғлиқ муаммо ҳал этилишини ваъда қилганлар. Шундан сўнг ҳайдовчилар трассани очиб қўйганлар. Бошқа манбага кўра, ички ишлар органи ходимлари трассани очиш учун куч ишлатганлар.

Сирдарёликларнинг айтишича, Гулистон шаҳрида ёнилғи борасидаги муаммолар сабаб кўп километрли навбатлар юзага келмоқда.

Бундан олдин Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида норозилик намойиши бўлиб ўтгани тўғрисида хабар тарқалганди. Шўртанбой қишлоғининг 70 нафар аҳолиси автотрассани тўсиб, автомобиль шиналарини ёқишган ва шу йўл билан қишлоққа табиий газ берилишини талаб қилишган. Маҳаллий ҳокимият кўмир тарқатиш орқали аҳолини тинчлантиради. Бундан ташқари кам таъминланган оилаларга текинга газ баллонлари ва ўтин етказиб берилган

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ