27 ноябрь куни “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти” ташкилотининг етакчиси, ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Яқубов Жиззахдаги ўз хонадонидан оламдан ўтди. Бу ҳақда «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциациясининг президенти (AHRCA, Франция) Надежда Атаева ўзининг Facebookдаги саҳифасида хабар берди.
Толиб Яқубов 1989 йилдан 2002 йилгача «Бирлик» Ўзбекистон халқ ҳаракатининг аъзоси бўлган, ташкилот тузилганидан сўнг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан фаол шуғулланган ва ушбу ташкилотни бошқарган.
2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг республика ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан тайзиқни кучайтиради. Яқубовнинг фикрича, орадан бир йил ўтиб унинг куёви, мазкур ташкилотнинг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Азам Фармонов сохта айбловлар билан ҳибсга олинади. Якубовга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилади. Таъқиблар туфайли Яқубов 2006 йили ватанни тарк этиб, Францияга кўчиб ўтади.
Яқубов ҳукуматга қарши кескин чиқишлари билан танилган шахс эди. У 2011 йили «Фарғона»га берган интервьюсида Ислом Каримовни «халқ душмани» деб атайди. «Ўзбекистон учун энг катта хавф бу – диктатура, ҳокимятнинг бир инсон қўлида жамланиб қолганидадир. Ислом Каримовнинг диктатураси мамлакатни анча ортга улоқтириб ташлади. Адолат тушунчаси мутлоқ йўқолди. Давлат қонунчилиги ва адолатни давлатнинг ўзи топтамоқда, шунинг учун ҳукумат тепасида бир гуруҳ қароқчилар жамланиб олган. Маориф, фан, жамият таназзулликка юз тутди», – деганди ҳуқуқ посбони.
2018 йили Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ходимлари Яқубовга қўнғироқ қилиб, Тошкентга қайтиш учун виза расмийлаштиришни таклиф қиладилар. Шу билан бирга дипломатлар ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан ўзбек ҳукумати томонидан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини кафолатлайдилар. Ўша йилнинг сентябрь ойида Яқубов 12 йиллик эмиграциядан сўнг ватанга қайтганди.