Америкалик блогер қиз Синжон мусулмонларининг таъқиб этилаётгани тўғрисида сўзлаб берди

Феруза Азиз . Tiktok.com сайти видеосидан скриншот

TikTok ижтимоий тармоғида макияж бўйича онлайн-дарс олиб борувчи 17 ёшли америкалик блогер қиз Феруза Азиз (Feroza Aziz) ўзининг машғулотлари давомида Хитойнинг Синжон -Уйғур автоном туманида маҳаллий уйғур ва бошқа кам сонли халқларга нисбатан зуғум ўтказилаётгани ҳақида сўз юритган. The Guardian нашрининг ёзишича, мазкур ижтимоий тармоқ қиз чиқишларидан кейин цензурага учраган.

Азиз – афғон миллатига мансуб бўлиб, Нью-Жерсида яшайди. Унинг TikTok даги киприкларни парваришлашга бағишланган видеосида одамларни Синжондаги мусулмонларни таъқиб этилаётгани борасида янгиликлардан хабардор бўлишга даъват этишини 500 минг одам кўрган.

«Сиз киприкларни парвариш қилишда телефондан фойдаланасиз… Унда Хитойда нималар содир бўлаётгани, маҳаллий мусулмонлар концентрацион лагерларга ташланаётгани, хитойлик мулозимлар бегуноҳ одамларни ўз оилаларидан ажратиб қўяётгани, мусулмонларни ўғирлаб кетишаётгани, уларни чўчқа гўшти ейишга, спиртли ичимликларни ичишга мажбур қилишаётганидан хабардор бўлинг... Бу яна битта Холокостдир, лекин бу ҳақда ҳеч ким миқ этмаяпти. Илтимос, Синжонда нималар бўлаётганидан хабардор бўлинг, у билан боғлиқ маълумотларни кенг оммага тарқатинг», – дейди Азиз ўз машғулотида. Twitter кўчириб, намойиш этган мазкур роликни 5 млн томошабин кўрган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ