Хорижликлар Самарқандга $1,7 млрд миқдорида сармоя киритадилар

Invest in Samarkand форуми иштирокчилари. Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотоси

Самарқандда бўлиб ўтган Invest in Samarkand («Самарқандга инвестиция кирит») форумида $1,7 млрд миқдоридаги 146 келишув имзоланди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигига таяниб хабар беради. Жумладан, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Испаниянинг «Реал» (Мадрид) қироллик футбол клуби билан вилоятда “Реал Мадрид” футбол академиясини очиш борасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

Форум доирасида Самарқанд вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар, жумладан халқаро аэропорт қурилиши, IMAX форматидаги кинотеатр ва аттракционларга эга кўнгилочар ҳиёбон барпо этиш, электр двигателли автобусларни ишлаб чиқариш, IT-парк, бизнес-марказлар, сайёҳлик мажмуалари, импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга доир шартномаларга қўл қўйилди.

Анжуманда дунёнинг 31 мамлакатидан, жумладан Хитой, Жанубий Корея, Испания, АҚШ, Италия, Исроил, Россия, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Афғонистон ва Қозоғистон давлатларидан уч юздан ортиқ ишбилармонлар иштирок этдилар.

Самарқандда ўтказилган форум жалб қилинган сармоялар бўйича етакчи ўринда бўлди. Шу йилнинг октябрь ойида ўтказилган Invest in Tashkent Region (IITR, «Тошкент вилоятига сармоя кирит») халқаро инвестиция форумида $1 млрд миқдорида шартномалар имзоланганди. Аввали Жиззахда бўлиб ўтган инвестфорумда $1,1 млрд, Фарғона вилоятида – $358 млн, Андижонда – $250 млн миқдоридаги лойиҳалар имзоланганди.

Ўзбекистонда Мадриднинг “Реал” футбол академияси очилиши тўғрисида ўтган йили хабар тарқаганди. Унинг Тошкент ҳудудида очилиши режалаштирилганди. Маҳаллий матбуот мамлакатда хориж футбол клублари филиалларининг очилаётгани ҳақида тез-тез ахборот бериб боради. Буларнинг орасида Миланнинг “Интер”, немисларнинг «Штутгарт», Турин шаҳрининг «Ювентус» клублари мавжуд. Ушбу академия филиаллари болажонларни тижорат асосида ўқишга қабул қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ