Кўпчилик жума оқшомини дам олиш кунларининг бошланиши ва иш ҳақида ўйламаслик имкони билан боғлайди. Лекин Қирғизистон судларига бу ҳолат тааллуқли эмас – улар учун дам олиш куни арафасида ҳам жавлон уриб ишлаш одатий ҳол. 9 февраль куни маҳаллий вақт билан кечки ўнларда Бишкекнинг Октябрь туман суди қарор эълон қилди, унга кўра пойтахт прокурорининг «Клооп Медиа» жамоат фондини (ЖФ) тугатиш тўғрисидаги даъвоси қаноатлантирилди. Гап худди шу номдаги мустақил оммавий ахборот воситаларини бошқарадиган юридик шахс ҳақида бормоқда. Ҳукм бир неча экспертиза натижалари, жумладан, психологнинг хулосаси асосида чиқарилган. «Фарғона» аксар ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистонда сўз эркинлигига нисбатан навбатдаги босим ҳаракати сифатида баҳоланган мазкур жараён билан танишиб чиқди.
Даъвонинг келиб чиқиши
«Клооп» интернет нашри ва республика расмийлари ўртасидаги қарама-қаршилик кеча бошлангани йўқ. 2006 йили ташкил этилганидан бери муҳаррирлар «ҳақиқатни баралла айтиш» позициясини эгаллаб, хусусан, юқори мартабали амалдорлар билан боғлиқ коррупция ишлари бўйича текширувларни нашр этишди. Бу, албатта, бундай материаллар қаҳрамонларини хурсанд қилмасди. Шу муносабат билан нашрга сайтни блоклаш билан таҳдид қилинган. Шу сабабли, бир неча йил олдин веб-ресурс маъмурияти сайтнинг асосий саҳифасида сайт ёпилган тақдирда ўқувчилар учун кўрсатмалар жойлаганди: бу ҳолда портални чекловлардан ҳимоялаган ва барча материаллар нусхалари жойлаштирилган кўзгу саҳифасига ташриф буюриш мумкин.
Аммо 2023 йил ёзига қадар таҳдидлар ҳақиқий санкциялар ёки жиноий ишлар кўринишида бўлмаган. Кўпчилик экспертларнинг фикрича, мустақил нашр учун вазиятнинг ёмонлашуви 22 август куни «Клооп» сайтида Қирғизистонда «Барселона» футбол клуби академияси очилиши ҳақидаги суриштирув материали эълон қилинган пайтда бошланган. Журналистлар ҳужжатларни варақлаб, йирик спорт лойиҳаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва мамлакат президенти Садир Жапаровга яқин кишилар томонидан амалга оширилаётганини аниқлашади. Эътиборлиси, республика раҳбари бу ҳолатни тан олиб, бу иш билан «Ташиевлар, Жапаровлар ва бошқа хорижий инвесторлар» шуғулланаётганини айтади. Давлат раҳбари жамоатчилик эътиборини бюджет сақлаб қолинганига қаратади: бу ерга хусусий капитал қўйилган, давлат ёрдам берган ягона нарса — 16 гектар ер ажратилган ва у ўзини 16 баравар оқлаши мумкин.
Эҳтимол, бу тасодифдир (гарчи бундай тасодифларга ишониш қийин бўлса-да), бироқ бир ҳафта ўтиб интернетда Бишкек прокуратураси номидан «Клооп» Медиа жамоат фондига қарши даъво аризаси пайдо бўлади. Бундан ташқари, сканердан кўра, ҳужжатнинг ўзи айнан 22 августга тегишли бўлган.
Назорат маҳкамаси расман суддан жамоат фондини тугатишни талаб қилган, чунки унинг фаолияти низомга мос келмайди. Тушунтиришда айтилишича, ташкилот Қирғизистонда журналистикани ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий ва бошқа масалалар бўйича жамоатчилик фикрини билдириш учун платформа яратиш функцияларини ўз зиммасига олган. Аммо ахборот тарқатиш низомда белгиланмаган, шунинг учун Жамоат фонди тўлиқ нашрни назорат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бундан ташқари, «Клооп» давлат ОАВ реестрига киритилмаган, дея таъкидлаган Бишкек прокуратураси.
Давоми бўлди
Бироқ, бу таҳририятни бошқараётган юридик шахсни ёпиш учун фақат расмий сабаб эди. Даъво аризасида шаҳар расмийлари «Клооп нима учун тугатилиши керак» мавзусида деярли диссертация тайёрлашган.
Сабаблари орасида:
👉 амалдаги ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилган материалларни чоп этиш;
👉 давлат ва муниципал органлар вакилларини обрўсизлантирадиган салбий материаллар (тегишли мақолалар ва янгиликлар сарлавҳалари рўйхати билан) тарқатиш;
👉 ҳокимиятни эгаллашга оммавий чақириқлар;
👉 қирғиз-тожик чегарасидаги можарони ёритишда қўшни давлат манфаатларини ҳимоя қилганлик;
👉 этник сабабларга кўра душманлик ва нифоқга олиб келадиган материалларни тарқатиш.
Ва бу сабаблар турли экспертизалар ҳисоботларидан олинган расмий иқтибослар, жумладан, Адлия вазирлиги мутахассислари, тилшунослар ва ҳатто психиатрларнинг ҳисоботлари билан урғуланган. Охирги мутахассислар ғаройиб атама ва сўзлар билан баённома тақдим этиш орқали дўндиришган. Масалан, нашр материалларида «аҳоли тафаккурини умумеътироф этилган меъёр ва стандартлардан маҳрум этиш мақсадида салбий муносабат тарғиботи ўрин олган», шунингдек, «халқнинг амалдаги ҳукумат ҳақидаги тасаввурини бузиб кўрсатиш» борлиги айтилади. Натижада, мустақил ОАВ журналистлари қирғизистонликларни митинг ва инқилоблар уюштириш учун «зомбилаш»да айбланмоқда.
Республика бошидан бир қанча инқилоблар ва давлат тўнтаришларини кечирганини ҳисобга олинса, «Клооп» қандай хавф туғдираётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Номақбул сайтларни блоклаш ваколатига эга бўлган Маданият вазирлиги дарҳол жавоб берди. Сентябрь ойининг бошида вазирлик аҳолини «зомбилаштирадиган» медиа-ресурсга киришни чеклаш учун сабаб топди. Бу сафар экспертлар эътиборини «Сиёсатчи Равшан Жеенбеков 1-СИЗОда қийноққа солаётганини айтди» сарлавҳали хабар тортди, унда расмийлар «атайин ёлғон маълумотлар» берилганини кўришди. Матннинг қайси аниқ сўзлари сохта эканлигини ҳеч ким тушунтириб бермади. Лекин, афтидан, вазирлик «қийноққа солиш»ни тор маънода тушунади, масалан, калтаклаш ёки бошқа турдаги жисмоний зўравонлик қўллаш ҳақида гап кетганда. Бу ерда Жеенбеков ўзининг ижтимоий тармоқлари орқали тергов изоляторининг ертўласида жойлашган совуқ ва нам камерага ўтказилганидан шикоят қилган. Кўриб турганингиздек, бу ерда ҳеч қандай дўппослаш ҳақида сўз йўқ, лекин ҳуқуқ ҳимоячилари кўпинча қўриқчиларнинг бундай хатти-ҳаракатларини қийноқларга тенглаштираётганини таъкидлаймиз, чунки улар психологик босим элементларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, «Клооп» маҳбуснинг постидан асосий манба сифатида фойдаланган, яъни моҳиятан хабар матнни тўғридан-тўғри иборалар билан омма эътиборига етказиш бўлган.
Бироқ, вазирлик аллақачон интернет репрессия машинасини ишга туширганди. Регулятор таҳдиди ва муҳаррирларнинг шов-шувли материални ўчиришдан бош тортганидан бир неча кун ўтиб, юқоридан берилган «кўрсатма» бўйича провайдерлар мустақил ОАВ веб-сайтига киришни блоклай бошладилар.
Кечки суд
9 февраль куни «Клооп» иши бўйича навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди, шундан сўнг ҳукм эълон қилинди. Жараённинг ўзи аввалроқ бошланган, ўшанда ҳам экспертлар таҳририятга ҳужум қилиб, уни кўплаб муаммоларда айблашган, жумладан, одамларнинг бундай хабарларни ўқиб, тушкунликка тушиши билан. Мисол учун, 5 февраль куни бўлиб ўтган суд мажлисларида психиатр Жекшенбек Аралбаев мазкур ОАВ нашрларидан кейин одамларнинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлганини таъкидлаган. Бироқ, ўшанда мутахассис ўз сўзлари исботи учун битта ҳам далил келтирмаган.
Ўшанда судланувчининг адвокатлари судга «Клооп Медиа» уставини қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида маълумот тақдим этишган, унда жамғарма оммавий ахборот воситаларини ташкил этиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги банд қўшилган. Аслида, суд жараёни ёпилиши мумкин эди, чунки адвокатлар ЖФни тугатиш сабабини «зарарсизлантиришганди». Аммо прокуратура ёрдамга келади ва қайта рўйхатга олишни бекор қилиш тўғрисида ариза тайёрлайди. Ва ишни кўриб чиқаётган орган низом ўзгартирилганига кўп ҳам эътибор бермайди.
Аммо 9 февраль куни турли экспертлар сўзлашда давом этишади. «Клооп «суд залидан репортаж олиб берган ва у билан танишгач, экспертларнингайрим индивидуал фикрларини эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
Республика Наркология маркази вакили Жанна Караеванинг айтишича, нашр «фуқаролик масъулияти»ни кўрсатмаган, шу сабабли мамлакатда «руҳий касалликларга чалинганлар сони» ошиб бормоқда. Қирғизистонлик аёл ўз ҳукмининг ягона далили сифатида «Клооп»нинг ҳар бир мақоласида мавжуд «салбийлик»ни келтиради. Мутахассис журналистларга муаммонинг ечими сифатида кўнгилочар контент очишни маслаҳат беради.
Караева таҳририят веб-сайтига ташриф буюрганидан кейин касал бўлиб қолган ўқувчилар сони бўйича статистик маълумотларни келтирмаган. Бироқ, «Клооп» ходимлари олдинга чиқиб, ушбу маълумотни оммага эълон қилишди. Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, руҳий касалликларга чалинганлар сонининг энг юқори чўққиси 2013 йилга тўғри келган – 13183 киши. Кейин графикда чўқиш кузатилади: масалан, 2020 йили бу кўрсаткич 6 569 ҳолатга тушган, 2022 йили эса 10 796 тага этган. Шу билан бирга, кўриб турганингиздек, судланувчи-ОАВ материалларининг услуби йиллар давомида деярли ўзгармаган, шунинг учун мақоларларнинг депрессияга тушиб қолган фуқаролар билан алоқаси энг камида шубҳали кўринади.
Яна бир психология мутахассиси Вероника Терехованинг судда билдирган фикрлари қандайдир аниқликка таянганди. Унинг сўзларига кўра, у «Клооп»ни ўқиб, руҳий касаллик билан касалхонага ётқизилган одамни учратган. Тўғри, унга патология эмас, балки касалликнинг «ўткир хусусиятлари» ташхиси қўйилган.
«Нашрларингиз, уларнинг тагмаъноси ҳукуматга нисбатан салбий фикрни, умуман Қирғизистонга нисбатан салбий фикрни шакллантиради. Одамлар Қирғизистонда ўз келажагини кўролмай қоладилар. Буларнинг барчаси салбий ҳис-туйғулар қатламини ҳосил қилади, шундан кейин одамларда ўзгаришлар юз беради. Айнан руҳий касаллик эмас, балки бузилишлар, йўлда кимнидир уриб кетиш, бир-бирини ҳақорат қилиш каби, — дейди Терехова.
Журналистларнинг ёзишича, бу аёл Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ташаккурномасига эга эканини қўшимча қилиш лозим. Бундан ташқари, унинг «Одноклассники» ижтимоий тармоғидаги профилида айтилишича, Терехова республика махсус хизматининг тўққизинчи бўлимида ишлайди. Манфаатлар тўқнашуви, дейсизми? Йўқ, суд бу ҳақда ҳеч нарса эшитмаган.
Судя масалани кечиктирмай, кечки соат ўнда қарор қабул қилди: Бишкек прокуратурасининг даъвосини қаноатлантирилсин ва «Клооп Медиа» жамоат фонди тугатилсин.
Адвокатлар ҳукмдан норози бўлишди. Улардан бири Нурбек Сидиқов жараён давомида йўл қўйилган қатор қонунбузарликларга тўхталиб ўтди:
✅ кетма-кет учта учрашувни ўтказиб юборган мутахассисни чақиришмаган;
✅ Бектур Искендернинг (нашр асосчиси) шахсий нашрлари «Клооп» нашрлари билан биргаликда кўриб чиқилди;
✅ суд қарори иш вақтидан ташқари пайтда қабул қилинган;
✅ судя экспертларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ошкор этмаган ва улардан тегишли тилхат олмаган;
✅ мутахассислар ҳеч қандай факт тақдим этишмаган.
Ўз навбатида, судланувчининг манфаатларини ҳимоя қилган Акмат Алагушев ҳимоячи тилшунос мутахассисларнинг маълумотларини қабул қилишини, лекин психолог ва психиатрларнинг маълумотларига қўшилмаслигини, чунки улар ҳеч қандай далилсиз хулосалар берганини айтади. Унинг қўшимча қилишича, адвокатлар ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида ва қонунда белгиланган муддатларда апелляция шикояти берилади.
КХДР томон йўл олиш
Албатта, мустақил матбуот фаолиятини назорат қилувчи, ҳукуматни танқид қилишга имкон берувчи фондни тугатиш тўғрисидаги қарорни Қирғизистонда сўз эркинлигини бўғиш йўлидаги навбатдаги қадам сифатида баҳолаш мумкин. Айниқса, мазкур суд жараёни бошқа шунга ўхшаш ишлар фонида ўтганини ҳисобга олсак. Эслатиб ўтамиз, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 24.kg ахборот агентлигига босим ўтказиб, таҳририятни муҳрлаб, ходимларнинг ўз вазифаларини тўлиқ бажаришига тўсқинлик қилмоқда. ОАВга қарши «уруш ташвиқоти» моддаси билан иш очилган.
Яна бир ҳуқуқ-тартибот идораси – Ички ишлар вазирлиги «Айт Айт Десе» ва Temirov Live онлайн лойиҳалари билан боғлиқ журналистларга қарши «рейд» уюштирди. 11 киши оммавий тартибсизликларни қўзғатганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Бунда хавфсизлик кучлари одатга кўра, тилшунослик экспертизаси натижалари ортига яшириниб, қайд этилган ахборот ресурслари материалларида қонун бузилиши аниқлашган.
Бундан ташқари, бу «жабҳада» хотиржамликни кутишнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак. Гап шундаки, Қирғизистон парламенти депутатлари айни дамда мустақил нашрларни таъқиб қилишни ваъда қилувчи яна иккита қонун лойиҳасини муҳокама қилишмоқда. Шундай қилиб, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун ОАВни рўйхатдан ўтказиш ва журналистларни аккредитация қилишда қўшимча қийинчиликларни назарда тутади, бироқ у тартибга солувчи органга эрк беради, улар биринчи имкониятда, масалан, давлат амалдорлари қадр-қиммати ва шаънини камситувчи нашрлар учун рухсатномаларни бекор қилишлари мумкин.
«Сиз барча оммавий ахборот воситаларини назорат қилмоқчисиз, бу нотўғри. Кейин 150 та Интернет-провайдер ва уяли алоқа операторларини чеклайсиз. Сиз хоҳлаган вақтда ва ҳоҳлаган кимсадан лицензияларни олиб қўйиш имкониятини яратасиз. Оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишни иккита бошқарма – Адлия вазирлиги ва Рақамли ривожланиш вазирлигига топширасиз, лекин чегарани кўрсатмаяпсиз», — деди депутат Алишер Эрбаев лойиҳадаги камчиликларни борасида.
Аммо, ҳужжат президент маъмурияти ташаббуси билан чиққани учун у барча даражаларда маъқулланиши учун яхши имкониятга эга.
«Нотижорат ташкилотлари тўғрисида» ги қонунга келсак, у нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқларини чеклашга қаратилган, улар орасида оммавий ахборот воситалари ҳам бўлиши мумкин. Ўзгартиришларга кўра, хориждан маблағ олувчи ва сиёсий фаолият билан шуғулланувчи тузилмалар тушунчаси киритилади. Республикада улар учун қўшимча бюрократик тўсиқлар яратилади, улар «фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларига тажовуз қилганликлари» учун жазоланадилар. Бундан ташқари, охирги норма Жиноят кодексига киритилмоқда ва бундай жиноят учун ННТ вакили ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат амалда «чет эл агентлари» тўғрисидаги Россия қонунининг нусхасидир. Жогорку Кенеш (парламент) депутатлари қонун лойиҳасини қабул қилиш борасида баҳслашишда давом этишмоқда, бироқ, у маъқулланиши мумкин. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг бу борадаги танқидига Қирғизистон президенти Садир Жапаров кескин жавоб қайтарди ва сиёсатчидан республика ички ишларига аралашмасликни сўради.
Шу тариқа Қирғизистон мустақил ОАВга нисбатан назоратни кучайтирмоқда. Бу ўтган йилнинг май ойида эълон қилинган Жаҳон матбуоти эркинлиги индексида мамлакат бирданига 50 поғонага тушиб кетганида ҳам ўз аксини топган. Бу кетишда республика бир йил ичида яна ҳам кўпроқ ўринларини йўқотиб, Туркманистон, Эрон ва Шимолий Кореяга қаторида рўйхатнинг охирига тушиб қолиши ҳеч гармас, деб тахмин қилишимиз мумкин.
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида