20 декабрь куни Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутатлари давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини уч ўқишда маъқуллади. Унга мамлакат президенти Садир Жапаров имзо чекиши қолди, аммо бу муаммо эмас. Энди, қирғизистонликлар республиканинг янги рамзига – қуёшнинг тўғридан-тўғри тараладиган нурларига ва ўтов тундугидаги тўртта чизиққа кўникишлари керак бўлади. «Фарғона» байроққа доир кечмишлар ва мазкур тарихий воқеа атрофида содир бўлган воқеаларни эслаб ўтди.
Олтин Қуёш нурлари бирдан ўз кўринишини ўзгартирди
Демак, Қирғизистондаги байроқ муаммоси ҳал бўлди дейиш мумкин. Депутатлар ҳатто дебат ҳам ўтказмадилар. Ўзгартиришлар учун 59 нафар халқ вакили овоз берди, атиги беш нафари қарши бўлди, яна 15 нафари бетараф қолди.
Парламент спикери Нурланбек Шакиев ҳамкасбларини Қирғизистоннинг янги байроғи билан табриклаб, «бу ўзгариш емас, балки тузатиш» эканига урғу бенрди. Шунингдек, у мамлакат учун ушбу тарихий воқеада Жогорку Кенешнинг ўрни борлигини айтиб ўтди.
«Биз ҳар доим афсонавий парламент (мустақилликнинг дастлабки йилларида олий ҳокимият бўлган ва мамлакат учун тақдирли қарорлар қабул қилган Қирғизистон Олий Кенгаши. – «Фарғона» изоҳи) ҳақида гапирамиз, лекин ҳар давр ва замоннинг ўз афсонаси бўлади. Ишонаманки, жорий чақириқ байроқни тузатган парламент сифатида тарихда афсонавий бўлиб қолади», — дея тушунтирди Шакиев.
Президент Садир Жапаровнинг ўзи ислоҳот ташаббускори бўлиб, давлат тимсолининг янгиланган дизайни бўйича олиб борилаётган ишларда фаол иштирок етгани боис, у яқинда тегишли қонунни имзолаши ва шу билан эски байроқнинг унутилишига шубҳа йўқ.
Дарвоқе, 2022 йил октабрь ойида янада радикал ечим – байроқ рангини қайта бўяшни таклиф қилган депутат Aрсланбек Малиев 20 декабрь куни овоз беришда бетараф бўлган эди.
«Буюк қирғиз халқининг байроғи кўк рангда бўлган. Манасда у шундай эди», — деганди Жогорку Кенеш вакили.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги қизил байроқ совет парламенти томонидан тасдиқланган ва баъзи депутатлар бу қарорни танқид қилишган, чунки уларнинг фикрича, қизил ранг қон ва тажовузни англатади.
Буларнинг барчаси шу йилнинг сентабригача давлат рамзларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгунча назария эди. Ҳужжат депутатлар Нурланбек Шакиев (шунингдек парламент спикери) ва Улан Примов томонидан ишлаб чиқилган. Ҳужжат муаллифлари унинг долзарблигини кунгабоқар гули ёки ўтовнинг бурмалари сифатида талқин қилинадиган қуёш нурларини визуал идрок етишда дилемма мавжудлиги билан изоҳладилар.
Шу муносабат билан, тўлқинсимон ўрнига тўғридан-тўғри таралаётган нурлар шаклидан фойдаланиш таклиф қилинди.
Бир неча ой давомида мутахассислар дизайнни кўриб чиқишди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчилар таъкидлаганидек, ишга байроқнинг биринчи версияси эскизини яратганлар жалб қилинган. Мутахассислар математик ҳисоб-китоблардан фойдаланганлар. Мураккаб асбоблардан, масалан, секстант ёки астролабдан фойдаланиш сири кейинроқ очилиб қолса, ажабланмаймиз. Шунга қарамай, қуёш нурларини тўғрилаш осон кечмади.
Натижада байроқ депутатлар ва президент фикрларини инобатга олган ҳолда учта ўзгартиришдан ўтди. Жогорку Кенеш томонидан 29 ноябрь куни биринчи ўқишда маъқулланган якуний вариантда нафақат тўғри шаклдаги нурлар акс этди, балки ўтов тундугидаги учта чизиқ ўрнига тўртта чизиқ пайдо бўлди. Чизиқлар, эҳтимол, Херох логотипидан узоқлашиш учун қўшилган бўлиб, унда худди шундай кесишган учта эгри чизиқли тўп тасвирланган. Учта! Шундай қилиб, мана энди таниқли оргтехникалар бренди билан қиёслаш ҳаёлга келмаслиги керак.
Бу зиёфат кимнинг ҳисобидан?
Депутатлар томонидан тасдиқланган давлат байроғига киритилган ўзгартиришларни косметик деб аташ мумкин. Ҳеч бўлмаганда бу давлат рамзининг тавсифига асосланади. Президент қонунни тасдиқламагунга қадар амалдаги вариант амал қилади:
«Қирғизистон Республикаси Давлат байроғи тўртбурчаклар шаклидаги қизил панно бўлиб, унинг марказида қирқта бир хилда таралувчи олтинранг нурлари бўлган думалоқ қуёш диски тасвири, қуёш ичида эса қизил рангдаги қирғиз ўтови тундуки тасвирланган.
Халқнинг безак маданиятида қуёш ёруғлик, очиқлик, ҳаётийликни англатади. Унинг олов тилларидек қирқта нури, бир халққа бирлашган қирқ (қирк) қабиладир.
Тундук — қирғизларнинг бўз уйини (ўтов) тожини ўраб турувчи шарсимон структура бўлиб, ёруғ дераза ҳисобланади. Тундукнинг думалоқ рамкаси четига кўндаланг боғланган тиргаклардан иборат. Тундук осмон ва ерни боғлаган ҳолда уй белгиси сифатида қабул қилинади.
Қирғизистон Республикаси Давлат байроғидаги қуёш диски билан бирлаштирилган тундук тоғли мамлакатда яшаётган барча миллатларнинг умумий тинч уйи – Қирғизистон Республикасида бирлигини англатади».
Кўриб турганингиздек, аслида фақат «олов тилларига ўхшаш нурлар» ҳақидаги сўзлар ўзгаряпти, у «тўғридан тўғри» сўзига ва хоҳлаганча аллегорияга айланади. Бунга бир неча сония кифоя.
Барча рамзларни ўзгартириш бу — бошқа масала: бутун дунё бўйлаб давлат муассасаларидаги байроқлардан тортиб, паспортлар, машиналардаги давлат рақамлари ва эгри нурлару, уч чизиқли тундукни ўз ичига олган бошқа элементларгача.
Бироқ, байроқ тасвирини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасида ислоҳот босқичма-босқич амалга оширилиши айтилган. Таъкидланишича, амалдаги байроқ тасвири туширилган барча турдаги расмий ҳужжатлар амал қилиш муддати тугагунга қадар ўз кучида қолади. Давлат рақамлари, автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш гувоҳномалари ва уларнинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бошқа ҳужжатлар алмаштириш тўғрисида алоҳида қарор қабул қилингунга қадар амал қилаверади.
Умуман олганда, расмий рамзларнинг бундай ўзгариши жиддий харажатларга олиб келади. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, харажатлар тахминан 700 миллион долларни ташкил қилиши мумкин, аммо қонун лойиҳаси муаллифлари бир овоздан таъкидлаганидек, бу борада республика бюджетидан бир сўм ҳам сарфланмайди. Уларга кўра, ислоҳот маълум «ҳомийлар» томонидан молиялаштирилади. Хайр-эҳсончиларни «ватанпарварлар» деб аташди, гап ташкилотлар ҳақидами ёки шахслар ҳақида – бунга аниқлик киритилмади.
Бироқ, битта «ҳомий»нинг номи маълум. Байроқларни алмаштириш нархи бўйича баҳсда
мамлакат президенти вазирликлар, идоралар ва хорижий дипломатик миссиялар учун янги байроқларни алмаштириш учун ўз чўнтагидан тўлашга тайёр эканини айтди.
Журналистлар Жапаровнинг маоши билан қанча маҳсулот сотиб олиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишди. 2021 йилги маълумотларга кўра, давлат раҳбарининг шахсий бюджети ҳар ой 83 минг сўмга (934 доллар) тўлдирилади. Ўш шаҳар ҳокимлигининг тендерига кўра, расмийлар 1,8 х 0,9 метр ўлчамдаги байроқларни бир донасини 1250 сўм (14 доллар) эвазига сотиб олишга рози. Шундай қилиб, агар президент бутун ойлик даромадини бу ишга сарфласа, у ҳолда 66 та байроққа пул тўлаши мумкин бўлади, бу республиканинг дунё бўйлаб тарқалиб кетган елчихоналари ва бош консулликларига етиши керак.
Қаршилик ҳаракати
Байроқни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муваффақиятга маҳкум эди, зеро тегишли ташаббус Садир Жапаровнинг ўзига тегишли эди. Бу ҳақда президент 16 декабрь куни Халқ Қурултойи делегатлари билан учрашувда тан олди. Шу билан бирга, давлат раҳбари ўз ҳаракатлари моҳиятини аниқ тушунтириб берди. Унинг сўзларига кўра, хорижга амалий ташрифлар чоғида ундан республика байроғи ҳақида тез-тез сўрашган. Хорижликлар байроқда кунгабоқар тасвирланганига ишора қилишиб, мамлакат қишлоқ хўжалигига, уруғ етиштириш ёки мой ишлаб чиқариш ниятидами, деган саволлар беришган. Бундай ҳолларда Жапаров давлат рамзида «камчилик» борлигини тан олиб, жавоб беришдан қочган.
Маълум бўлишича, қонун лойиҳасини асослаш ҳужжатида унинг «номинал муаллифлари» хорижий мамлакатлар тажрибасига таянишганини айтишган. Хусусан, Испания буни саккиз марта, AҚШ 28 марта, Россия ҳам бир марта байроқни ўзгартиргани кўрсатилган. Келинг, Aмерикага аниқлик киритайлик: ҳақиқатан ҳам, бу ерда байроқ рекорд частотада ўзгартирилган, лекин асосан янги штатларнинг ягона давлатга қўшилиши натижасида юлдузлар сонининг кўпайиши туфайли.
Хулоса шуки, Қирғизистон учун тарихий қарор қабул қилинаётганда хорижлик дипломатлар ва сиёсатчиларнинг танқидлари, халқаро тажриба ҳам инобатга олинган. Aммо республика аҳолиси ҳақида нима дейиш мумкин? Парламентдаги муҳокамаларнинг бирида бундай ислоҳотларни умумхалқ референдумига қўйиш керак, деган фикр билдирилган, лекин бу ғоя кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланмаган.
Aйни пайтда қирғиз халқи, юмшоқ қилиб айтганда, олов тиллари билан аллақачон таниш бўлган байроқнинг ўзгаришига совуққонлик билан муносабатда бўлишди. Ижтимоий тармоқларда #байроқниўзгартирманг ҳештеги билан флеш-моб бошланди. change.org веб-сайтида тегишли петиция пайдо бўлди, аммо у деярли бир ой ичида 500 дан ортиқ имзо тўплади.
Ислоҳот мухолифлари нафақат онлайн фаол эдилар. Ноябрь ойи охирида парламент ташаббусни биринчи ўқишда маъқуллаганидан сўнг бир қанча акциялар ўтказилгани маълум бўлди. 3 декабр куни ижтимоий фаол Aфтандил Жўробеков Бишкекда «Байроқдан қўлингни торт» шиори остида автомобиллар юриши ўтказишни режалаштирган. Бироқ, пойтахт полицияси автомобиль эгаларига уюшқоқлик билан шаҳар бўйлаб ҳаракатланишни тақиқлади.
Фаол шу билан чекланиб қолмай, бефарқ бўлмаган фуқароларни 9 декабрь куни ўтказиладиган митингга чиқишга чақирди. Бу жой Горький майдони бўлиши керак эди, бу расмийлар намойиш ўтказишга рухсат берадиган ягона жой. Aммо аксиядан икки кун олдин хавфсизлик кучлари Жоробеков уйига ташриф буюришди — бишкеклик фуқаронинг уйи тинтув қилинди ва унинг ўзи ҳибсга олинди.
«Мени ҳибсга олишяпти, телефонимни олиб қўйишяпти! Охригача! Байроқ ўзгармайди!!!», — қирғизистонликнинг ҳибсга олинишидан олдин ижтимоий тармоқларда ёзган сўнгги сўзи шу бўлган.
«Тўғридан-тўғри тараладиган нурлар» нинг ашаддий рақиби кейинги икки ойни тергов изоляторида ўтказади, у оммавий тартибсизликларни уюштириш ва ҳукумат амалдорлари талабларига бўйсунмасликка чақиришда айбланмоқда.
22 декабр куни Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Жўробековни ҳимоя қилиб, Қирғизистон ҳукуматини уни озод қилишга ва жиноий жавобгарликка тортмасликка чақирди. HRW «ҳукуматни танқид қилиш ва тинч намойишга чақириш тартибсизликларни қўзғатиш билан тенг эмас ва, албатта, бу жиноий ҳаракат эмас»лигини таъкидлаган.
Шунга қарамасдан митинг бўлиб ўтди, лекин етакчисиз. Оммавий ахборот воситалари ёзганидек, скверда амалдаги байроқларни кўтариб, бир неча ўнлаб одамлар тўпланишган. Улар депутатларни давлат рамзини ўзгартираётганини танқид қилишиб, тинчгина тарқалишган.
Таниқли курашчилар Ойсулу Тинибекова ва Жўламан Шаршенбековлар ҳам мамлакатнинг «тўғри нурли» рамзини рад этишган. Иккинчиси ҳатто янги байроқ сотиб олмоқчи эмаслигини ва халқаро мусобақаларда эски байроқдан фойдаланишини айтган. Спортчи дарҳол Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевдан жавоб олди. Хавфсизлик ходими ижтимоий тармоқларда ҳеч ким давлат байроғисиз аренага чиқишга ҳаққи йўқлигини ёзган. «Қани, уриниб қўрсинчи!!!» — дея махсус хизмат раҳбари Шаршенбековга таҳдид қилган.
Ислоҳотга қарши чиққан депутат Мирлан Самихўжа тўлқинсимон нурли байроқнинг қайтишини башорат қилган. Бироқ, унинг фаразига кўра, бу 20-30 йилдан кейин, яъни ҳозирги ҳукумат ўзгарганда содир бўлади.
Рассомлар ҳам муаммога эътибор қаратдилар. Шу тариқа Нурбек Насиранбеков мавзуга оид бир жуфт карикатурани тақдим этган. Бир расмда полиция фуқаронинг буюмларидан эски байроқни топиб, унга «тақиқланган» нарсани топиб олгандек муносабатда бўлади. Яна бирида президентга ўхшаган одам, эҳтимол байроқдан тўкилган бўлса керак, тиканларга ўралиб кетган ва «Гулла, Қирғизистон!» деган ёзув бор.
Лекин Элнур Исоқов ески байроқ учун очиқчасига ачинади. Иллюстратор ижтимоий тармоқларда коллажни эълон қилган, унда олов тилларидек нурларга эга собиқ қуёш сўнгги бор тоғлар ортига чўкиб бормоқда.
Дарвоқе, Қирғизистонда бундай ўзгаришлар биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Масалан, 2012 йили давлат мадҳияси атрофида баҳс-мунозаралар юзага келганди. Баъзи сиёсатчиларга рус тилига «Дўстларимга жонимни беришга тайёрман» деб таржима қилинадиган сатр ёқмаган. Мутахассислар билан маслаҳатлашувлар, қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтади. Натижада, улар «қўшиқдан ушбу сўзлар»га қўшиб, бир куплетни олиб ташлашга қарор қилишади.
Бир йил олдин давлатнинг яна бир рамзи йўқ қилинди. Қирғизистонликлар Бишкекнинг Aла-Тоо майдонига ўрнатилган «Эркиндик» монументи туфайли «республикада ҳамма нарса жойида» эмаслигини ҳис қилишди. Ҳайкалнинг юзи мамлакат биринчи президенти рафиқаси Майрам Aкаевага ўхшашлиги ҳақидаги тасдиқланмаган назария бу версияни билвосита қўллаб-қувватларди. Натижада монумент бузиб ташланди ва унинг ўрнига пойтахтнинг маркази улуғвор Манас билан безатилди.
Яна бир эпизод 2017 йилга тўғри келади, ўшанда Балиқчи шаҳридан бўлган экстрасенс Таалайкул Жанигулова фикрича, «Қирғизистон тараққиёт йўлига ўтолмаётгани» сабабини топган. Aйбдор археологлар 1956 йили ҳозирги Боткен вилоятининг бепоён ҳудудидан қазиб олган қадимий мумия бўлиб чиққан. Башоратчини ўша пайтдаги Маданият вазири Туғолбай Казаков қўллаб-қувватлаб, инсон қолдиқларини сақлаш халқ анъаналари ва шариат қонунларига зид, деб ҳисоблаган. Махсус комиссия бу масалани узоқ вақт муҳокама қилмаган — умум манфаатлар йўлида 2017 йил октябрь ойида мумия дафн қилинган.
Юқорида айтилган «давлат даражасидаги ҳаракатлар» бирор иш бердими йўқми — бу очиқ қолган савол. Шундан сўнг республика «Қўй-Тошда тўсиб қўйган Aлмазбек Aтамбаев» ҳодисасини, 2020 йил октабрь ойида ҳокимият тепасига Садир Жапаров келган давлат тўнтаришини, шунингдек, Тожикистон билан чегарадаги бир неча қонли можароларни бошдан кечирди. Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ҳам гулдек, деб бўлмайди.
Баъзи қирғизистонликлар байроқ ўзгаришида мистик нарсаларни кўришади. Яқинда Садир Жапаров янги вариант қабул қилинса, «биз байроғимиздаги тундук орқали кириб келаётган қуёш нурлари каби ривожланган ва мустақил давлатга айланамиз», деб таъкидлади. Қани, нурларни тўғрилайлик — Қирғизистонда ҳаёт яхши бўлиб кетади. Ажабмас, бу сафар иш бериб қолса?
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида