Махса куни

Бир йил аввал 22 ёшли қиз ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинишидан сўнг вафот этгани сабаб Эрон норозиликлар қуршовида қолиб кетганди
harpersbazaar.com.au сайти фотосурати

Ўтган йил 17 сентябрь куни Эронда «ҳижобни нотўғри кийгани» сабаб ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг вафот этган «22 ёшли Махса Амини номидан» норозилик намойишлари бошлан эди. Бутун Ислом Республикаси бўйлаб тарқалган норозилик намойишлари бир неча ой давомида тўхтамади. Расмий маълумотларга кўра, митингларни тарқатиш чоғида 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, ҳибсга олинганлар сони эса ўн минглаб одамларни ташкил этган. Мазкур воқеаларнинг бир йиллиги фаоллар ва ҳокимият ўртасидаги қарама-қаршиликнинг янги босқичига олиб чиқиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, одамлар барчани «Махса куни» кўчага чиқишга ва ўз ҳуқуқлари учун курашни давом эттиришга чақирадилар. Полиция, ўз навбатида, бундай ҳаракатларни кутган ҳолда, йирик шаҳарларда патрулларни кучайтирди, аксари шаҳарларда шаръий кийиниш қоидаларини бузганлик учун қаттиқ жазолар берилиши ҳақидаги огоҳлантирувчи баннерлар осиб қўйилди. Нега Эрон раҳбарияти ўлими мамлакатни деярли инқилобга олиб келган 22 ёшли курд аёлидан қўрқишда давом этмоқда?

Норозилик сабаблари

2022 йил 13 сентябрь куни Теҳрон ахлоқ полицияси ўз наздида «нотўғри» ҳижоб кийган Махса Аминини ҳибсга олган. Айтишларича, унинг шарфи остидан сочлари чиқиб турган, бу эса тақиқланган. Бир неча кундан кейин қиз комага тушиб, 16 куни вафот этгани маълум бўлади. Расмийлар Курдистон вилоятилик 22 ёшли қизнинг ўлими тасодиф эканини айтишади. Бироқ, қизнинг қариндошлари бундай хабарга ишонишмайди ва Махса полиция бўлимида қийноққа солиниши оқибатида охир-оқибат ўлганига амин бўлишган.

17 сентябрь куни Махса она шаҳри Саккезеда дафн этилганидан кейин норозилик намойишлари бошланиб кетади. Ахлоқ полициясининг шафқатсиз ҳаракатларидан норози бўлган маҳаллий аҳоли шаҳар маъмурияти олдига боради, хавфсизлик кучлари эса уларга қарата ўт очади.

Митинглар тезда мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқалади. Аввалига акциялар ғарбда – Курдистонда, кейин эса бутун республика бўйлаб, жумладан пойтахтда ҳам бўлиб ўтади. Намойишчиларнинг ўзагини ҳижобларини ечиб, сочларини қирқиб олган ва Эрон диний етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаийга ишора қилиб, «Диктаторга ўлим!» дея ҳукуматга қарши шиорларни ҳайқирган ёш қизлар ва ўқувчи қизлар ташкил этганди.

Полиция ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) вакиллари намойишчилар билан «ади-бади» айтишни эп кўрмагани боис, митинглар бошланганидан сўнг дарҳол ижтимоий тармоқлар ва мустақил оммавий ахборот воситаларида ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотлар пайдо бўла бошлади. 21 сентябрь куни Курдистон вилояти губернатори маҳаллий аҳолидан уч киши ўлганини тан олади. Унинг сўзларига кўра, улар «ҳукуматга қарши чиққанлар» томонидан махсус кучлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа хавфсизлик хизматлари томонидан фойдаланилмайдиган ўқотар қуроллар билан ўлдирилган.

Кундалик намойишлар тобора кўпроқ шаҳарларга тарқала бошлайди, полиция ва ИИҚК жангарилари билан тўқнашувлар одатий ҳолга айланади. Қурбонлар сони ҳам ошиб боради. «Махса Амини номидаги» ҳаракат бошланганидан бир ҳафта ўтиб, расмий маълумотларга кўра, 41 киши ҳалок бўлган.

Намойишчилар муваффақиятга эришганлари ҳақида ҳам хабарлар берилади. Шундай қилиб, ўша Курдистондаги кичик Ошнавийя шаҳри аҳолиси бу ерда бир муддат ҳокимиятни қўлга киритишга муваффақ бўлади. Маҳаллий жамоатчиликнинг аниқлик киритишича, бир неча кун давом этган шиддатли тўқнашувлардан сўнг хавфсизлик кучлари ҳудудни тарк этишга қарор қилади. Намойишчилар Ошнавийядан кириш ва чиқишни тўлиқ назорат қилиб, йўл тўсиқларини ўрнатадилар.

Бироқ, бу маълум бир жойда ҳукуматга қарши намойишлар иштирокчиларининг ягона муваффақияти эди. Шунга қарамай, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва айниқса ИИҚК фуқароларни аямасдан ҳаракат қилишди — улар нафақат сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газлардан, балки инсонларни қирғин қиладиган ўқотар қуроллардан ҳам фойдаланишди. Митингни ичкаридан бошқариш ёки ҳатто намойишчилар етакчиларини йўқ қилиш мақсадида митингчилар ниқоби остида оломон орасига «Басиж» (ИИҚК ёшлар қаноти) вакиллари киритилди.

Бундай ҳолларда одат бўлганидек, расмийлар бутун республика бўйлаб Интернетга киришни деярли бутунлай чеклаган ҳолда ахборот блокадасини ташкил қилдилар. Ва шунга қарамай, интернетда эронликлар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади. Хусусан, октябрь ойи ўрталарида Курдистон вилоятининг маъмурий маркази – Санандажда ваҳший вазият юзага келгани маълум бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, бу ерга нафақат махсус кучлар аскарлари бўлган автобуслар келган, балки намойишларни тарқатиш учун армия авиацияси ҳам қўлланилган. Натижада, хориж оммавий ахборот воситалари воқеа гувоҳларига таяниб хабар қилганидек, ИИҚК ва полиция шаҳарни ёпган, намойишчиларни ўраб олишади ва ҳақиқатда «қаили ом» уюштиришади, фуқароларни отиб, уларнинг устига осмондан бомба ташлашади.

Намойишлар уч ойдан кўпроқ давом этди ва фақат янги йилга келиб барҳам топди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кўчалардаги жангларда 525 киши ҳалок бўлган.

22 ёшли Махса Аминий ўлими 1979 йили, Эронда ислом инқилоби сабаб ҳокимият тепасига радикал сиёсатчилар келганидан буён энг жиддий тартибсизликлар сифатида эътироф этилган. Кейинчалик ҳукумат қаттиқ сиёсат олиб борган ҳолда аҳолини диний қоидаларга, жумладан кийиниш қоидаларига қатъий риоя қилишга мажбур қилганди.

Футболчилар аёлларни ҳимоя қилишди

Кузги норозилик намойишлари пайтида Эрон икки лагерга бўлиниб қолди: аҳолининг бир қисми митингларда қатнашди ёки уларни қўллаб-қувватлади, бошқалари ҳукуматни қўллаб-қувватлаб, намойишларнинг қаттиқ бостирилишини олқишлашди. Эътиборлиси, Махса Амини портретлари ва «Аёл, ҳаёт, эркинлик» шиорлари билан кўчага чиққан фуқаролар тарафида мамлакатдаги кўплаб таниқли шахслар бўлган. Асосан, булар ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлислар ва обуначилар армиясига эга маданият ва спорт вакиллари эди.

Ушбу туркумда 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошида нафақат ўз ватанида порлаган, балки Европанинг элита клубларида ҳам ўз ўрнини ўрнатолган терма жамоанинг собиқ футболчиларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, 2004 йили қитъанинг энг яхши футболчиси, «Осиё Марадонаси» лақабини олган Али Каримий ўзини кўрсатди. Ижтимоий тармоқлар орқали у намойишчиларни очиқ қўллаб-қувватлаган ва ҳатто Эрон армиясини намойишчилар томонига ўтишга чақирган.

ИИҚК футбол афсонасини мухолифат етакчиси деб эълон қилди ва унинг ҳибсга олинганини эълон қилди. Хавфсизлик кучлари Каримийнинг исломий республикадаги мол-мулкини, жумладан, кўчмас мулкларини мусодара қилди. Бундан ташқари, махсус хизматлар спортчи истиқомат қиладиган Дубайда операция ўтказишни режалаштиргани хабар қилинган. «Сохта қочқин» ўзининг таниқли ватандошидан ватанини тарк этишга ёрдам беришни сўрайди, бунинг учун собиқ футболчи бошқа амирлик шаҳри — Фужайрага келиши керак эди. Охирги дақиқада Эрон миллий хавфсизлик ходими Каримийни тузоқ ҳақида огоҳлантиради ва шу билан унинг эркинлигини ва, эҳтимол, ҳаётини сақлаб қолади.

Собиқ терма жамоа шеригининг нуқтаи назарини Эрон терма жамоасидаги голлар бўйича рекордчи Али Даеи баҳам кўради.

«Ватанга нима қилдингиз? Қизим нима бўлганини сўраяпти. Мен нима деб жавоб беришим керак, қандай гуноҳларим учун? Эрон халқини иккиюзламачи ва исёнчи қилиб, унга қарши репрессия, зўравонлик ва ҳибслар қўллаш ўрнига, уларнинг муаммоларини ҳал қилинг», — деб ёзади собиқ футболчи ижтимоий тармоқларда.

Айтганча, октябрь ойи охирида Даеи Махса Амини вафотидан кейин «қирқи»га бағишланган мотам тадбирларида қатнашиш учун Саккезга ташриф буюради. У ерда спортчи полиция томонидан ҳибсга олинган. Машҳур спортчи ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкин эди. Бироқ, кам сонли ОАВ хабарларига кўра, у мамлакатни тарк этиш ва интернетдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Сардор Азмун. sportbox.ru сайти фотосурати

Амалдаги футболчилар орасида россиялик мухлисларга яхши таниш бўлган, Қозоннинг «Рубин» ва Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубларида ном қозонган ҳужумчи Сердар Азмун бўлди «норозилик овози» бўлди. 2022 йил октабрь ойида ҳужумчи немис «Байер» клубини ҳимоя қилди, Ислом Республикаси расмийларини танқид қилишга жазм қилолди. Қолаверса, футболчи ўз баёнотлари туфайли ноябрь ойининг охирига бошланиши режалаштирилган Қатардаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориш хавфи борлигини тушунарди.

«Мен энди жим туролмайман. Бунинг учун терма жамоадан четлатиладиган бўлсам, бундай қурбонлик эронлик бир аёл бошидаги битта сочига ҳам арзимайди. <…> Одамларни шунчалар осонлик билан ўлдираётганингиз учун сизларга уят бўлсин. Олға, Эрон аёллари!» — дея футболчи норозиликларни қўллаб-қувватлади.

Айтганча, форвардни жаҳон чемпионатига олишди. Қолаверса, Эрон терма жамоаси мусобақанинг биринчи ўйинида британияликларга қарши акция ўтказди – футболчилар намойишчиларни қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида ўз мамлакатлари мадҳиясини куйлашдан бош тортишди, мухлислар эса уларни трибунадан олқишлашди.

Улар янгиланиш даврини кутишмоқда

Намойишларга қайтсак, расмийлар музокаралар олиб бормасликка қарор қилганини, кучли босимни кучайтиришганини қайд этамиз. Футболчилар, актрисалар, журналистлар ҳибсга олинди... Қоидага кўра, «ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаганлик учун» сўзлари билан. Бундай қўллаб-қувватлашн интернетдаги постларда ёки эронлик аёлларнинг ҳижобсиз суратларини чоп этишда намоён бўлиши мумкин эди.

Ҳатто мамлакат раҳбариятининг яқинлари ҳам қатағон ғилдираги остида қолди. Масалан, 2022 йил ноябрь ойи охирида Эрон олий ҳукмдори Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жияни Фарида Морадхоний ҳибсга олингани маълум бўлди. Терговчиларга кўра, у «Махса Амини номидан» давом этаётган митинглар фонида халқаро ҳамжамиятни Ислом республикаси билан алоқаларни узишга очиқ чақирган.

Махса Амини портретларини кўтарган намойишчилар. iglobenews.org сайти фотосурати

Шунингдек, «ажабтовур» воқеалар ҳам ахборот оламини четлаб ўтмади. Шу тариқа британиялик журналистларга намойишларда қатнашгани учун ўлимга ҳукм қилинган бодибилдер Саҳанд Нурмуҳаммадзоданинг ғалати қийноқларга сол ингани ҳақида сўзлаб беришган. Маҳкум жаллодларни кутар экан, унинг иродаси уч марта куч синовидан ўтказилган. Эронликни кўзларини боғлашган, стулга чиқаришиб, осишмоқчи бўлишган. Нима учун «ўлимша маҳкум маҳбусни» хавфсизлик кучлари бундай қийнашгани бировга номаълум.

«Апельсин соати» руҳидаги воқеаларга нима дейсиз? Эрон Таълим вазири Юсуф Нурий намойишлар чоғида қўлга олинган мактаб ўқувчилари қайта тарбияланиш учун руҳий касалликлар клиникаларига юборилганини тасдиқлаган. Мулозим, албатта, «ахлоқ тузатиш дастури» ҳақида батафсил маълумот бермаган, аммо тиббиёт муассасалари мутахассислари келажакда уларнинг «ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлари» нинг олдини олиш учун ёшлар билан ишлашларини таъкидлаган. Вазирнинг сўзларига кўра, айрим талабалар мажбурий даволанган.

Намойишчиларни қўрқитиш учун ҳукумат ўлим жазосига доир ҳукмларни эълон қила бошлайди. Намойиш иштирокчисига нисбатан биринчи шундай ҳукм 14 ноябрь куни маълум бўлди. Суд Теҳрон вилоятида яшовчи фуқарони ҳукумат биносига ўт қўйиш, жамоат тартибини бузиш ва миллий хавфсизликка қарши фитна уюштиришда айбдор деб топади. Бу кимсани «Аллоҳнинг душмани» деб аташади ва ўлимга ҳукм қилишади. Кейинчалик бу рўйхат тўлдириб борилади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, 2022 йили Эронда 582 киши қатл этилган. Бироқ, йилнинг сўнгги чорагида қанча инсон қатл қилинганига аниқлик киритилмаган.

«Қамчилаш» сиёсати тартибсизликларга барҳам берувчи омиллардан бири бўлса, яна бири баъзи имтиёзлар билан «кўнгилларни овлаш» усули эди. Масалан, «Фарғона» мухбири Александр Рыбин жорий йилнинг январь ойида Эрон кўчаларида аёллар ҳижобсиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эътиборини тортмай чиқа бошлаганини таъкидлаган. Ахлоқ полициясининг вакиллари анча кам. Журналист таъкидлаганидек, маълум бир мувозанат ўрнатилган: ҳеч ким боши очиқ қизларга тегмайди, бунинг эвазига ёшлар норозилик намойишларига чиқишмайди. Шаръий кийиниш қоидаларига риоя қилиш қоидасини ҳеч ким расман бекор қилмаган бўлса ҳам.

Ўтган йил охирида ҳатто ахлоқ полицияси тарқатиб юборилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар берилган эди. Аммо бу маълумот тасдиқланмади — июль ойида ОАВ ушбу бўлим ходимлари томонидан республиканинг йирик шаҳарларида патрул хизмати қайта тиклангани ҳақида ёзди. Бундан ташқари, ҳукумат ҳижобга беписанд эронлик аёлларни аниқлаш учун жамоат жойларига ақлли камералар ўрната бошлаган.

Мамлакатнинг фаол аҳолисини тинчлантириш учун яна бир ҳаракат март ойида содир бўлди, унга кўра ҳукумат «Махса Амини номи билан аталган» норозилик намойишлари пайтида ҳибсга олинган 22 минг кишини афв этган.

Ва ниҳоят, Сердар Азмуннинг навбатдаги постини келтирмоқ лозим, унда футболчи 22 ёшли курд қизининг келажакдаги Эрон давлати ва жамиятидаги мумкин бўлган ислоҳотларидаги ролини таъкидлайди.

«Махса Амини ва унга ўхшаб бу дунёни тарк этган бегуноҳ инсонлар қалбимни тирнайди. Тарих уларни ҳеч қачон унутмайди. Мен сизлар билан бирга эканимни ҳис этинг, опа-сингилларим, сизлар билан фахрланаман ва бир кун келиб бу мамлакатдаги мавқеингиз ўзгаришига ишонаман. Умид қиламанки, юртим аёллари азоб чекишни бас қилади», — деб ёзади Азмун.

Эҳтимол, «Махса куни» сабаб Эронда ҳаёт ҳақиқатдан ҳам бошқача бўлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди