Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI халқаро конгресси бўлиб ўтди. Тадбирда 30 дан ортиқ давлатдан юзлаб олим ва мутахассислар иштирок этдилар.
Лойиҳанинг жаҳон илмий ҳамжамияти, ундан ҳам кўпроқ Ўзбекистоннинг ўзи учун аҳамиятини етарли баҳоламаслик инсофдан бўлмайди. Республика тарихнинг бундай беқарор даврида ҳам дунёга очиқ бўлиб, ҳатто жаҳон ҳамжамиятини бугунги кунда ўнлаб мамлакатларнинг музей ва кутубхоналарида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросини 60 жилдлик альбом- китобларга жамлаш орқали бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамият бошқаруви раиси, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси муаллифи Фирдавс Абдухолиқов «Фарғона» мухбири билан суҳбатда лойиҳа, унинг ютуқлари, дуч келаётган қийинчиликлар ва лойиҳа тамал тошини қўйган одамлар ҳақида ҳақида сўзлаб берди..
— VI Конгрессни олимларнинг бир йиллик меҳнати натижаси деб ҳисобласак, биринчи қурултойдаги таассуротларингиз билан ҳозир, яъни беш йил ўтгандан кейингисида фарқ каттами?
— Биринчи қурултойда биз «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркум китобларининг биринчи ўн жилдлигидаги меҳнатимиз эътирофини кутгандик. Илмий жамоатчилик бизни қандай қабул қилиши, Конгресс бизга қандай баҳо бериши қизиқ эди. Ўша пайтда уч юзга яқин меҳмонлар — музейлар ва кутубхоналар вакиллари ҳам бор эди. Лекин ўшанда анжуман меҳмонлар учун Самарқанд ва Тошкентга сайёҳлик сафари сифатида қизиқроқ бўлди ва биз учун бу биринчи имтиҳон, сабоқ бўлди.
Энди эса Конгресс профессионал ҳисобланади. Бу қандайдир тантанали йиғин эмас, гарчи бу ерда туристик экскурсиялар етарли бўлса-да, уларни ташкил этгани учун Ўзбекистон Туризм вазирлигига миннатдорчилик билдирамиз. Ва асосий мақсад ҳатто янги альбомлар тақдимоти ҳам эмас, чунки биз йилига ўнта жилд чоп этишимиз мумкинлигини англадик. Келгуси китоб-альбомлар устида ишлашни режалаштириш учун лойиҳада ҳали алоқалар ўрнатмаган мамлакатлардан илмий дунё вакилларини таклиф қиламиз. Гап биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари ҳақида кетмоқда. Шундай экан, биз учун Конгресс янги аъзоларни киритиш орқали илмий ҳамжамиятимиз географиясини кенгайтириш имконидир. Масалан, VI Конгрессда ўтган йилги аъзоликдан атиги 25 фоиз иштирокчи, қолган 75 фоизи янги чеҳралар, яъни янги манзиллар, янги кутубхона ва музейлар жам бўлган.
Қўшниларимиз билан ҳозирча ҳамкорлик қилмаяпмиз. Яқинда Кастеев номидаги давлат санъат музейи билан ҳамкорликда иш бошлаган Қозоғистон бундан мустасно. Тожикистон билан музокаралар давом этмоқда.
— Минтақа давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик шунчалик зарурми?
— Қўшнилар билан ҳамкорлик жуда муҳим. Конгрессда минтақанинг мутлақо барча давлатлари, жумладан Туркманистон ва Афғонистон вакиллари иштирок этди. Бу Конгресс ва лойиҳамизнинг катта ютуғи, деб ўйлайман.
Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари кутубхоналаридаги кўплаб осори-атиқаларни аниқлаш қийинлиги доимо муаммо бўлиб келган, чунки бу ҳудуд маданиятлар аралашган, империялар, динлар ва цивилизациялар туғилган қудратли макондир. Бу ер ягона маданий макон бўлган. Нега Туркманистон, Қирғизистон ёки Афғонистон эмас, балки Ўзбекистоннинг барча маданий мероси, деган савол Марказий Осиё олимлари томонидан доимо ўртага қўйилган.
Марказий Осиё меросини мамлакатлар бўйича тақсимлаш биз учун «Гордиум тугуни»га айланди. Аммо биз уни кесиб ташладик.
Биз ҳамкорларга лойиҳани ўзларига қулай номлашни таклиф қилдик. Масалан, «Тожикистон музейларида Маворауннаҳр маданий мероси» ёки «Марказий Осиё маданий мероси» каби.
Аслида Ўзбекистоннинг маданий мероси бутун инсоният мулки эканлигини тушунтирдик. Яъни, альбомни «Қирғизистон музейлари коллекцияларида Марказий Осиёнинг маданий мероси» ёки Туркманистон деб номлашимизга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Бу вариант ҳаммага қулай эди. Энди эса минтақамиз давлатлари билан ҳамкорликни бошлаймиз. Бу тадқиқот учун кенг материалларни тақдим этади — биз 30 та китоб-альбом тайёрлашимиз мумкин.
— Бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатиляптими?
— Ҳа, масалан, Покистон, Эрон, Ирландия, Дания, Озарбайжон билан. Барча масалалар битта мажлис, битта Конгресс доирасида ҳал этилмайди. Масалан, Озарбайжон вакиллари Конгрессларда мунтазам қатнашадилар, бироқ бу юртга бағишланган альбом фақат шу йил нашрга тайёр бўлади.
V Конгрессда Озарбайжондаги гилам музейи директори Ширин Меликова иштирок этганди. Биз унинг Озарбайжон бўйича жилднинг куратори бўлишига келишиб олдик. У Бокуга қайтиб борди, материал тўплашда жуда яхши ишларни амалга оширди ва энди биз Озарбайжон альбоми қандай бўлишини аниқ биламиз.
Бу қурултойда биз кейинги икки-уч йилнинг пойдеворини қуряпмиз. Гарчи бугунги кунда 21 та альбом устида иш кетаётган бўлсада. Лекин биз тўхтаб қолмаймиз.
— Конгресс кўпчилик қила олмаётган ишларни бажаришга қодир. Масалан, Эрон ва Исроил ёки Ҳиндистон ва Покистон вакилларини бир стол атрофида жамлаш.
— Ҳа шунақа. Яқинда биз Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан суҳбатлашдик ва бирдан Покистондан олимлар келиб суҳбатга қўшилишди.
Ҳамкорлик қилиш истаги қисман рақобат билан боғлиқ. Покистонликлар бу ерда илк бор, ҳиндлар эса доимий меҳмонимиз. Шу билан бирга, ҳиндлар бизни узоқ вақт давомида бюрократия билан қийнашди. Ва ҳар қандай бюрократия қўрқувга таянади. Биз бу бюрократик машинани фақат тўртинчи йили, улар биз сақлаган хазина изловчилари эмаслигимизни англаганларида мағлуб этишга муваффақ бўлдик. Бобурийлар сулоласи ёдгорликлари, миллий музейлар ва бошқалар ҳақида жилдлар нашр этилди.
Эҳтимол, покистонликлар кўп нарсадан маҳрум бўлишлари мумкинлигини тушуниб етишгандир. Мана энди улар ҳиндлар билан барча қарама-қаршиликларига қарамай, ҳамкорлик қилишга тайёр.
—Бу йили хорижлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда қандайдир аниқ ютуқлар борми?
– Буюк Британиядан «Ал-Фурқон» Ислом фонди бизга беш йилдан сўнг ҳамкорлик таклиф қилди. Йиллар давомида биз улар билан икки ёки уч марта бирга бўлдик, улар биз билан шундай. Бу вақт ичида биз ҳамкорликни эълон қилдик, аммо бу фақат сўздагина қолди. Улар фақат бизни ва ниятларимизни ўрганишди. Уларни икки нарса қийнарди: бу лойиҳа сиёсий эмасмикан, бизлар «Троя отлари» каби — Ўзбекистон ҳукумати экспонатларни ўз ватанига қайтаришни талаб қилмасмикан?
— Британия фонди билан ҳамкорлик нималарга асосланган?
– Улар нафақат Буюк Британияда, балки бошқа мамлакатларда ҳам Ўзбекистон қўлёзма меросини ўрганиш йўналишини кучайтириш ва бу борада бизга ёрдам беришни таклиф қилмоқдалар. Жумладан, жаҳон архивларида жамғарма ходимлари илоҳиёт олими, ислом диншуноси Кафал аш-Шошийнинг 13 та қўлёзма нусхасини топди. У асли тошкентлик бўлиб, шу ерда вафот этган. Унинг қабри устига мақбара қад ростлаган, у ҳанузгача мусулмонлар томонидан зиёрат қилинади ва эзозда. «Ал-Фурқон» қўлёзмаларни инглиз тилига таржима қилишни таклиф қилди, шунингдек биз ўз навбатида уларни ўзбек тилига ўгириб, илмий тадқиқотларимизда фойдаланишимиз мумкин.
Бу ўтган Конгресс эришган ютуқлардан бири холос. Дарҳақиқат, турли соҳаларда кўплаб натижалар мавжуд. Масалан, биз ўндан ортиқ кинолойиҳаларни муҳокама қилдик. Жумладан, Марко Поло ва Ибн Сино ҳақидаги фильмлар.
Қурултойда иштирок этган режиссёр Тимур Бекмамбетов билан «Қирқ-қиз» қорақалпоқ достони мавзусидаги лойиҳани амалга ошириш борасида келишиб олдик.
— Ўтган конгрессда муҳим илмий кашфиётлар ҳақида сўз юритилдими?
— Албатта. Масалан, Тожикистон Миллий университети профессори Бадриддин Мақсудов Алишер Навоийнинг энг нодир, умрбоқий қўлёзмалари университетда топилганини айтди. Уларни ўрганиб, шифрланганидан сўнг, бу топилма илмий дунёда шов-шувга сабаб бўлади.
Сиёсий таҳлилчи, тарихчи, ёзувчи, АҚШнинг учта президентининг Россия ва Евросиё бўйича маслаҳатчиси, Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси Фредерик Старр Конгрессда ўзининг «Заковат бобида рақиблар, эрамизнинг 1000-йиллари: Беруний ва Ибн Сино ўз уйғониш даврини яратгани тўғрисида» китобини тақдим этди.
Турли мамлакат олимлари Ўзбекистондан юз минглаб километр узоқликда топилган ажойиб хазиналар ҳақида сўз юритдилар. Бу — Куала-Лумпурдаги Ислом санъати музейида сақланаётган 1311 йиллик Сўғд чопони, Италиядаги Бухоро амирининг тилла тақинчоқлари тўплами ҳамда ўтган аср машҳур ўзбек рассомларининг Кастеев номидаги Олма-Отадаги давлат санъат музейидаги 66 та асари ва Эрмитажда сақланаётган ўзбек хонларининг Россия императорларига тақдим этган дипломатик совғалари, Малайзиядаги Бухоронинг ўрта аср мовий кулолчилик буюмлари коллекцияси ва бошқалар.
– Лойиҳанинг эртанги куни, келажагига назар ташласак, унинг амалий аҳамияти нимада?
— Бизнинг асосий мақсадимиз – маданий меросимизни каталоглаштириш ва хоҳласангиз, дунёнинг турли коллекцияларида сақлашдир. Қолаверса, айтиш жоиз, экспонатлар ҳақида учинчи томон олимлари, шарқшунослар эмас, балки коллекциялар сақланадиган музей ходимларининг ўзлари ёзмоқдалар. Нима учун бу жуда муҳим? Сизга ёрқин мисол келтираман.
Бир неча йил аввал Британия музейи экспозициясини ўрганар эканмиз, сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг косасини топдик. Ушбу ноёб экспонатда унинг Эрон маданий меросига тегишли эканлиги таъкидланган. Биз бу воқеага аралашиб, Хоразмшоҳлар ва Эрон ҳудуди турли ҳудудлар эканлигини музей мудирларига тушунтирдик. Музей ноаниқ тушунтиришлар берди, лекин охирида биз ходимларни бизнинг ҳақ эканлигимизга ишонтирдик ва улар бу тарихий ноаниқликни тузатдилар
— Бу биргина ҳолатми?
— Афсуски йўқ. 1993 йили, айниқса, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Германияга ташрифи ва ўша пайтдаги канцлер Гелмут Кол билан учрашуви муносабати билан Европанинг нуфузли музейларидан бири бўлган, энг бой ўзбек коллекцияси сақланадиган Линден музейида Ўзбекистоннинг энг бой коллекциялари кўргазмаси ташкил этилди. Ўзбекистон маданий мероси очилди. Кўргазма натижасида «Ипак йўли ворислари» номли ранг-баранг альбом-каталог нашр этилди. Лойиҳага ўша пайтда Ўзбекистон бозорига киришни мақсад қилган Mercedez-Benz ҳомийлик қилган. Ушбу инсонпарварлик акцияси — кўргазма ташкил этиш ва альбом чиқариш учун компания 1 миллион доллар ажратган.
Шундай қилиб, орадан 23 йил ўтиб «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси доирасида китоб асосида Ўзбекистон маданий меросига оид каталогимизни тайёрлаш учун музейга мурожаат қилдик. Аввалига бир йил кутишимиз кераклигини айтишди. Бизни узоқ вақт қабул қилишмади.
Ниҳоят, Германия Ташқи ишлар вазирлиги туфайли бизга рухсат беришганида, каталогдаги кўплаб санъат объектларининг келиб чиқиш жойи «Ўзбекистон»дан «Эрон»га ўзгартирилгани маълум бўлди.
Ҳозирча музей раҳбарияти бу қандай содир бўлганини бизга аниқ тушунтириб бера олмайди. Биз эса ҳануз ушбу музей билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қиляпмиз, аммо натижа йўқ. Мана сизга ота-боболаримиз яратган осори-атиқалар тарихининг бир қанча амалдорлар хоҳиш-иродаси билан бошқа нарсага ўзгартирилишига мисол.
— «Ўзбекистон архитектура эпиграфияси» лойиҳасини ҳам амалга оширяпсиз. Унинг мазмун-моҳиятида нимада?
— Ёдгорликлар, афсуски, абадий эмас. Улар вақт ва иқлим шароитлари таъсирида вайрон бўлиши мумкин. Пьер Нодар, Дудин, Прокудин-Горскийларнинг юз йиллик ёдгорликларимиз фотосуратларини бугунги кун билан солиштирсангиз жиддий фарқни кўрасиз. Биз юз йилдан кейин нима бўлишини билмаймиз. Лекин бу меъморий ёдгорликларни, бу иншоотларга битилган ёзувларни тузатишимиз кифоя. Ҳукумат бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, архитектура эпиграфияси бўйича китоблар нашр этиш учун маблағлар ажратяпти.
Бундай лойиҳа биринчи марта амалга оширилмоқда. Биз қадимий меъморий иншоотлардаги битиклар ҳақидаги кўплаб афсона ва фикрларни йўқ қилишга муваффақ бўлдик. Масалан, Самарқанддаги Амир Темур қабридаги битикда қабрни бузганлар лаънатлар остида қолиши ҳақидаги ўзига хос огоҳлантириш деган фикр бор.
Биз қабрдаги ёзувларни батафсил ўрганиб чиқдик ва энди ишонч билан айтишимиз мумкинки, уларда лаънат ва огоҳлантиришлар йўқ. У ерда фақат буюк саркарданинг шажараси абадийлаштирилган.
Бундан ташқари, кўпчилик ёдгорликлардаги ёзувлар фақат диний хусусиятга эга деб ҳисоблайди. Дарҳақиқат, уларда фақат Қуръондан оятлар келтирилмаган. Булар сўфий битиклари, шоирлар рубоийлари, ҳукмдорлар хабарларидан ҳам и борат.
Ушбу ёдгорликларни ўрганиш тарихида биринчи марта нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам битикларни кенг кўламли декодлаш ишлари олиб борилмоқда.
— Сиз давлат кўмаги ҳақида гапиряпсиз. Ҳокимиятнинг ёрдами қанчалик муҳим ва бундай лойиҳалар давлатга умуман нима учун керак?
— СССР парчаланиб кетганидан сўнг мамлакатлар ўз давлатчилиги, иқтисодий ривожланиш моделлари, ҳудудий бўлиниши ҳақида бир қарорга келганидан сўнг, миллий ўзликни англаш масалаларини ҳал қилиш вақти келди. Миллий маданий мерос эса унинг асосидир. Шундай экан, маданий меросимизни излаб топиш, ҳимоя қилиш, тузатиш, келажак авлодларга етказиш биз учун ўта муҳим масала. Акс ҳолда тарих қайта ёзилади ва биз маданий меросимиздан маҳрум бўламиз. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлаш масалаларини давлат сиёсати даражасига кўтарди.
Қўллаб-қувватлаш масаласига келсак, давлат ва ҳукумат ёрдамисиз, олимлар учун яратилган шарт-шароитсиз лойиҳалар амалга ошмасди. Ҳар бир қурултой учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус кўрсатмалар берилади. Ҳукумат билан мулоқотимиз бор, улар бизни тинглашади. Икки йил муқаддам Конгрессда олимлар мамлакатимиздаги барча таълим муассасалари кутубхоналарини альбомларимиз билан таъминлаш таклифи билан Президентимизга мурожаат қилган эди. Ўзбекистон Бош вазири ташаббусимизни давлатимиз раҳбарига етказди, ёрдам берди, 35 жилдни 10 минг нусхада чоп этиш учун ҳукумат томонидан маблағ ажратилди. Улар Халқ таълими вазирлиги тизимидаги муассасалар ўртасида тақсимланди. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» китоб-альбомларининг тўлиқ тиражи мамлакатимизда 350 минг нусхада чоп этилди.
Бу йил бизга Конгрессни ўтказиш учун жой ажратилди – Самарқанд шаҳридаги Ёшлар ижод саройи.
Янги Ўзбекистон – мақсадга эришиш йўлида мустаҳкамланиш рамзи. Биз янги Ўзбекистоннинг ижодкоримиз, республика маданий меросининг ёрқин ташриф қоғозимиз.
— Жаҳон Жамиятининг бош ҳомийси ERIELL раҳбарияти ушбу анжуман аҳамиятини тўлиқ тушуниб, ушбу кенг кўламли лойиҳа учун масъулиятни ҳис этадими?
— ERIELL тўлиқ маънода ҳомий эмас. Биз буни ҳомий-ташкилотчи деб атаймиз. Лойиҳанинг бошланишида компания вакиллари туришди. Бу нафақат молиялаштириш, балки ташкилий ресурс, рағбатлантиришда ёрдамдир. [Компания раҳбари] Бахтиёр Фазилов шахсан бу ғояни қўллаб-қувватлаган ва у лойиҳанинг фахрий генерали эмас. Биз алоқадамиз, айтишим мумкинки, у барча жараёнларга шўнғиб кетган, олимлар, уларнинг асарлари билан таниш.
Масъулият ҳақида: компания раҳбарлари тадбирни юқори савияда ташкил этиш учун ҳамма нарсани қилишди. Мен сизга бир мисол келтираман. Бизда бошқа нарсалар қаторида ERIELL раҳбарлари ва топ-менежерлари жойлашган ишчи чатимиз бор. Шундай қилиб, ишнинг сўнгги кунида компания раҳбариятидан чатда менежерлар ва ҳайдовчилардан тадбир тугагунига қадар Самарқандда қолишларини талаб қилган хабарни кўрдим. Чатда «Биз фақат охирги меҳмонни уйга жўнатганимиздагина шаҳарни тарк эта оламиз», деб ёзилган. Бу бизнинг лойиҳамизга бўлган муносабатнинг ёрқин мисолидир.
– Жорий йилнинг февраль ойида академик, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий раҳбари Эдвард Ртвеладзе вафот этди. Бутунжаҳон жамияти иш концепцияси ўзгарадими?
— Лойиҳанинг яшаб, ривожлана бошлаганида Эдвард Ртвеладзенинг хизмати улуғ. У лойиҳани илмий жиҳатдан тизимлаштирди, унинг йўналишини белгилаб берди. Ва бунинг аҳамияти ҳатто Эдвард Васильевичнинг жараённи шахсан назорат қилгани ва китобларни таҳрир қилганида эмас, балки у бутун ҳаёти ва касбий ваколатини лойиҳа бошланган пайтда ҳимоя қилишга сарфлаганидадир. 2016-2017-йилларда у лойиҳани ташқаридан ҳужумлардан, танқидчилардан, зимдан сув қуядиганлардан ҳимоя қилди.
Жирраки танқидчилар ҳужумлари йўлида жаҳон илм-фанида шубҳасиз обрўга эга бўлган титан тўғаноқ бўлиб турганини тушуниб етишди. Шу даражага етдики, у китоб муаллифларини очиқчасига қоралади, улар билан қўрқмасдан полемикага киришди. Баъзан олимлар лойиҳани тарк этади, деб ўйладик, лекин улар фақат Ртвеладзега тан бериб, ўзгартиришлар киритишди.
Эдвард Василевичнинг рихлатга равона бўлгани лойиҳа учун ҳам, жаҳон илми учун ҳам улкан йўқотишдир.
Эдвард Василевич жуда ақлли, узоқни кўра оладиган прагматик шахс эди. Эртами-кечми у бу дунёни тарк этишини жуда яхши биларди. У унинг иштирокисиз ҳам ишлай оладиган тизимни яратди. Сўнгги йилларда Эдвард Васильевич лойиҳа ишини шунчаки кузатиш имконига эга бўлди. Албатта, ишчи гуруҳни кучайтиришимиз керак. Ва биз у билан шуғулланамиз, лекин бу лойиҳа концепциясига таъсир қилмайди.
— Шахсан сиз учун лойиҳадаги энг муҳим, энг қимматли нарса нима?
— Бизнинг кучимиз, таянчимиз, албатта, одамлар, биз билан ишлайдиган олимлардир. Биз, айниқса, лойиҳанинг бошланғич босқичида бизга ишонганларни жуда қадрлаймиз. Айнан мана шу инсонлар, дастлабки ўнта китоб-альбом муаллифлари, дастлабки йилларда биз билан ёнма-ён ишлаган шарқшунос олимлар ҳозир ҳам барча конгресларимиз, бошқа тадбирларимизнинг доимий меҳмони, иштирокчисидир. Биз уларни доим таклиф қиламиз. Бу бизнинг принципимиз ва қоидамиз.
Лекин асосий бойлик бу лойиҳамиз жамоаси. Жумладан, панада туриб кенг кўламли тадбирни ўз елкасида ташкил этишга тоқат қилаётган инсонлар. Бу Екатерина Соболева, лойиҳада биринчи кундан бошлаб ишлаётган доимий координатор ва бугунги кунга келиб лойиҳанинг топ-менежерига айланди ва ўз елкасига юкланган масъулиятни муносиб тарзда бажара олди. Фан доктори, профессор, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий координатори, китоб-альбомлар муҳаррири Элмира Гул. Маданий меросга бағишланган ҳужжатли фильмлар муаллифи шаҳноза Ганиева. Кўнгиллилар, матбуот ходимлари. Ҳаммани санаб бўлмайди, лекин лойиҳада иштирок этган, унга қалб қўрини берган ҳар бир инсон биз учун азиздир. Биз улар билан фахрланамиз.
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
17 Декабрь17.12Пул қудратиАлишер Аминов — Жанни Инфантино ва арабларнинг нефть долларлари ҳақида
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
06 Декабрь06.12ФотоБарқарорликка туташган эркинликТошкентда Собир Раҳметов кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда