Гонконг раҳбари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Ли Цзячао Ли Цзячао бошчилигидаги Гонконг делегацияси Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар қилди.

Делегация таркибига 30 дан ортиқ киши кирган. Меҳмонларга Марказнинг илмий-маърифий фаолияти, асосий экспозициялари ҳамда Ўзбекистон тарихи ва минтақанинг маданий меросига бағишланган лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Делегация аъзолари ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида мавжуд қадимги цивилизациялар ҳақидаги материаллар, шунингдек, Мовароуннаҳр олимлари ва мутафаккирларининг илм-фан, таълим ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи экспозициялар билан танишдилар.

Марказ экспозицияларида қўлланилаётган рақамли қўлёзмалар, интерактив технологиялар ва мультимедиа ечимларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Делегация вакиллари бундай форматлар тарихий манбаларни кенг жамоатчиликка, жумладан ёшларга ҳам, янада тушунарли ва қизиқарли тарзда тақдим этиш имконини беришини таъкидладилар.

Ташриф давомида томонлар маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, тарихий-маданий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш, шунингдек қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Ташриф якунида Ли Цзячао Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз дастхатини қолдирди.

«Ушбу марказ нафақат Ўзбекистон, балки ислом цивилизациясига қўшилган улкан ҳисса — инсоният меросининг ривожланиш йўлини белгилаб берган бебаҳо меросдир. Бу катта ютуқ билан яна бир бор табриклайман. Бу мерос халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро яқин алоқаларни ривожлантириш жараёнида ҳам илҳом манбаи бўлиб, ўз таъсирини давом эттирсин», — деб ёзди Гонконг маъмурияти раҳбари.

Марказга ташриф Ли Цзячаонинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида амалга оширилди. Гонконг маъмурияти раҳбари Тошкентга Гонконг ишбилармон доиралари ва материк қисмидаги Хитой компаниялари вакилларидан иборат йирик делегация таркибида келди.

Ташриф давомида томонлар ўзаро 30 кунлик визасиз режим жорий этиш бўйича ноталар алмашдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Гонконг ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ