Мўғулистон миллий цирки труппаси Ўзбекистон шаҳарларидан ўзининг «Чингизхон» деб номланган дастури билан жаҳон бўйича гастролларини бошлади. Машҳур цирк артистлари Тошкент ва Самарқандда ўнлаб спектаклларни ўтказишни режалаштирганди, бироқ Мўғулистондан келган меҳмонлар учун ҳаммаси кутилганидек бўлиб чиқмади. Агар Тошкентда залнинг камида учдан бир қисми томошабинлар билан тўлдирилган бўлса, Самарқандда рентабеллик йўқлиги сабабли турни тўхтатишга тўғри келди. «Фарғона» мухбири Мўғулистон миллий циркининг Ўзбекистондаги муваффақиятсизлиги сабабларини суриштирди.
Музли аренада мўғул циркининг навбатдаги шоуси бўлиб ўтиши керак бўлган Самарқанд Family Park савдо марказига кираверишда Чингизхон сурати ва спектаклларнинг бошланиши санаси акс эттирилган реклама плакати ўрнатилган. Савдо маркази ичида эса реклама тасвири турибди. Бироқ, машъалалар ёқилиб, мўғул цирк артистлари салто ўйнайдиган муз аренасида маҳаллий ёшлар конкида учиб юришарди. Қўриқчидан шаҳарда яна бир неча кун концерт бериши керак бўлган цирк «қаерга кетди» деган саволимга жавобан: «Улар кетишди», деганини эшитдим.
Мўғулистон халқ цирки 8 апрелдан 8 майга қадар Тошкентда концерт бериши ҳақида маълумот март ойи ўрталарида пайдо бўлганди. Чипталар 70 000 сўмдан 120 000 сўмгача (6,5 дан 11 долларгача) нархларда сотилди. Май ойи бошида Самарқандда цирк намойишлар кўрсатиши тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Гастрол 13-23-май кунларига режалаштирилганди. Чипта нархи 50 000 сўмдан 70 000 сўмгача (4,5 дан 6,5 долларгача) бўлди.
Мен Мўғулистон цирки труппаси раҳбари Батхулег Жаргалсайханнинг рақамини тердим. У жуда банд эди. Йигитлар реквизитларни йиғиштириб, кетишга тайёрланмоқдалар, аммо продюсер учрашиб, бундай тўсатдан қилинган қарор сабаблари ҳақида гаплашишга рози бўлди.
— «Чингизхон» номли янги кўрсатув тайёрлаб, жаҳон бўйлаб турнеимизни Ўзбекистондан бошлашга қарор қилдик. Циркимиз дунё бўйлаб саёҳат қилган, лекин Марказий Осиёда ҳеч қачон бўлмаганди. Тошкентга апрель ойида етиб келдик. Томошаларимиз Рамазонга тўғри келди. Эҳтимол, бу қандайдир тарзда одамлар ташрифига таъсир қилгандир. Залнинг бандлиги 30 фоиздан ошмади. Ҳеч бўлмаганда биз камида 50% одамлар ташрифини кутгандик, зеро харажатлар катта – 25 нафар санъаткорнинг уй-жойи, озиқ-овқати ва ҳоказоларни тўлаш лозим эди. Буларнинг барчасини ўзим ва Kulegu Enterprises компаниям тўлади. Фақат мактаблар бўйлаб югуриб, циркни реклама қилганимдан сўнггина бир марта зални тўлдиришга муваффақ бўлдим.
- Нега гастрол учун бундай омадсиз вақтни танладингиз?
— Бизга цирк директори маслаҳат берганди. Умуман олганда, гастролимиз, жумладан, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида ҳамкорлик меморандуми билан боғлиқ эди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида ҳамкорлик меморандуми 2018 йили имзоланган. Мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни, жумладан, маданий-маърифий йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлаш режалаштирилган эди.
- Самарқандга келганингизда рўза аллақачон тугаган эди.
– Бизга шаҳардаги мактаблар ва бошқа ташкилотларда реклама кампанияси ўтказилади, цирк томошасига қизиқадиганлар келишади, деб ваъда беришди, лекин охир-оқибат иш юришмади. Чипталар Тошкентдагидан арзонроқ эди, аммо бу ҳам ёрдам бермади. Нархлар жуда юқори экани ҳақидаги гаплар қулоғимга чалинди.
Биз тўрт марта чиқиш қилдик. Биринчи куни 150 киши келди, кейинги кунларда эса ундан ҳам кам – 100, 80, 70 та одам ташриф буюрди — гарчи бизга камида 500 киши керак бўлса-да. Шу боис Самарқанддаги дастуримизни муддатидан олдин якунладик. Кейинги сафар мен маркетинг билан шахсан шуғулланаман ва шоуни ўзим ташкил қиламан.
- Нега дарҳол ўзингиз маркетинг билан шуғулланмадингиз?
- Ўзбекистонда биринчи марта бўлишимиз, бозор бизга нотаниш. Шунинг учун биз мезбон томонга ишондик, лекин буни эплашолмади. Улар ижтимоий тармоқларда реклама қилиш билан чекланишди, мақсадли мутахассис ишлади. Меҳнатга ҳақ тўланди. Аммо Ўзбекистонда бозор қандайдир бошқача ташкил этилган экан. Жуда мураккаб. Кейинги сафар биз профессионал жамоага мурожаат қиламиз, ишларни илгари суриш учун бир ёки икки ой керак бўларкан. Токи, биз келганимизда, чипталар сотилган ва зал одамларга тўла бўлсин.
— Баъзи ўзбеклар дастур номини провокация деб қабул қилганидан хабарингиз борми?
- Бу ҳақда ўйлаб кўрдим, лекин дунёнинг аксарият мамлакатларида Чингизхонга муносабат ижобий, унга жаҳон тарихининг бир қисми сифатида қарашади, деб ўйладим. Мўғул саркардасига нисбатан салбий муносабатда бўлган жойлар аслида кам. Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш гапларга дуч келдим. Чингизхон тарихий персонаж, таниқли бренддан бошқа нарса эмаслигини тушунтирдим. Одамлар мени тушунишди. Ва томошабинлар ҳам дастурдан мамнун бўлишди.
Чингизхон (Темужин) — тарихдаги энг йирик қитъа империяси бўлган Мўғуллар империясининг асосчиси. У мўғулларнинг Хитой, Ўрта Осиё, Кавказ ва Шарқий Европадаги истилоларини уюштирган. 1219—1221-йилларда Хоразм билан уруш олиб борган, бу урушда кўплаб шаҳарлар, жумладан, Самарқанд ва Бухоро ҳам босиб олиниб, талон-тарож қилинган.
— Ўзбекистонда ишлар якунландими?
- Мен труппани бўлишга қарор қилдим. Баъзи санъаткорлар уйларига жўнаб кетишади, бошқалари эса Бухорода Ўзбекистон сайёр циркларидан бирига қўшилиб, «Чингизхон» дастурини қисқартирилган шаклда намойиш этишда давом этадилар.
- Сиз ҳамкасбларингиз билан келишиб олдингизми?
- Уларнинг ўзлари шуни таклиф қилишди. Бунга пешвоз чиқдик. Биз санъаткорларимизга Ўзбекистонда ҳеч бўлмаганда нимадир ишлаб олиш имкониятини бердик. Бухорога ташриф дастлаб биз томондан режалаштирилмаган эди.
- Кейинчалик нима бўлади?
— Қозоғистон, Қирғизистон ва Европа бўйлаб гастрол сафаримиз бошланади, у ерларда доимо Мўғулистон миллий циркидан мамнун, бизларни доим одамлар тўла заллар қарши олади.
Family Park савдо маркази маъмурияти Мўғулистон циркига ҳамдард бўлиб, савдо маркази молиявий менежери Фариз Самадов хорижлик санъаткорларнинг Ўзбекистондаги омадсизлиги ҳақида ўз фикри билан ўртоқлашди.
- Биз томондан имкон қадар ҳамма нарса қилинди — муз аренаси кунига уч соатлик чиқишлар учун майдонча сифатида тақдим этилди, ўз маблағимиз ҳисобидан реклама баннерлари тайёрладик, чипталар чоп этдик, ижтимоий тармоқларда иш олиб бордик. Сиз шуни тушунишингиз керакки, биз ҳам циркнинг муваффақиятли намойишидан манфаатдормиз. Муз Аренаси — бу катта музлатгич бўлиб, уни ишлатиш жуда қимматга тушади. Ҳа, одамлар конкида учиш, хоккей ўйнаш учун келишади, лекин музлатгични фақат дам олиш кунлари ёки кўп одамлар бўлган кечқурун пайти ёқиб бўлмайди — у кечаю кундуз ишлаши керак. Шундай қилиб, муз аренасидан даромад йўқ, шунинг учун харажатларни бир маънода қоплаш учун биз мақсадли фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
- Маркетингда камчиликлар бўлганмиди?
- Балки. Менимча, меҳмонлар ўз дастурига яхши ном танлашмаган. Кўзга цирк эмас, «Чингизхон» сўзи ташланарди. Савдо марказида кинотеатримиз бор, балки баъзи одамлар буни кино рекламаси деб ўйлагандир. Қолаверса, цирк реклама кампаниясини бироз олдинроқ бошлаш керак эди. Май ойининг бошида биз уларнинг Самарқандда намойишлар ўтказишидан хабардор бўлдик.
- Цирк вакилининг айтишича, мактаб ўқувчилари жалб қилинган ҳолда иш олиб борилиши ваъда қилинган экан?
- Мактабларга цирк томошаларига боришни тавсия этиш илтимоси билан вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилдик. Бироқ, болалар ёки ота-оналарни чипта сотиб олишга, уларни томошага келишга мажбурлаш мумкин эмас. Шунга қарамай, томошабинларни жалб қилиш тавсия этилди. Биз текин чипта ажратган давлат қарамоғидаги болалар ҳам томошага келишмади.
Тўрт сеансга жами 288 та чипта сотилган. Тасаввур қилинг, биргина спектаклни чироқда ёритиш ишлари учун 250 доллар тўланган. Хуллас, бор-йўғи 22 та чипта сотилгандан сўнг, турни якунлашга қарор қилдик.
— Наҳотки самарқандликларга циркнинг қизиғи бўлмаган бўлса?
- Мен ҳам жуда ҳайрон бўлдим. Йил бошида бизда руслар цирки намойишлар ўтказди, унда камида 500 томошабин қатнашди. Чипталар ҳам қимматроқ бўлган – 60 000 сўмдан 100 000 сўмгача (5,5 дан 9 долларгача). Яқинда бино олдидан Андижон миллий цирки – дорвозлар чиқишлари учун майдонча ажратдик. Шоу бепул эди, лекин томошабинлар хоҳлаган миқдорда пул қолдиришлари мумкин эди. Дорвозларга қизиқиш юқори эди. Мўғул цирки келиши билан ижтимоий тармоқлардаги самарқанд гуруҳлари дарҳол салбий тўлқинни бошлаб юборишди. Одамлар дастурнинг «Чингизхон» деб номланишидан норози эдилар.
Мўғулистон халқ цирки ҳар йили ўз труппасини турли халқаро шоуларга юборади. Мўғул цирки артистлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, АҚШ, Австрия, Швейцария, Япония, Германия, Голландия, Италия, Франция, Норвегия, Буюк Британия, Корея, Исроил, Россия ва Хитойда чиқишлар қилган. Кўплаб халқаро мукофотларни қўлга киритганлар. 2020 йилда Мўғулистон миллий цирки Монакода ҳар йили ўтказиладиган фестивалда «Бронза масхарабоз» мукофотига сазовор бўлганди.
Мўғул цирки ўз дастурида ҳайвонлардан деярли фойдаланмайди, отлар ва туялар бундан мустасно, аксарият чиқишлар акробатикага асосланган. Ўтган йили Мўғулистон миллий цирки ўзининг 80 йиллигини нишонлади.
- Дастурнинг номланиши сизни безовта қилмадими?
— Аввало, биз Мўғулистон миллий цирки дунёда жуда машҳур, ўзининг миллийлиги ва ноёб акробатик чиқишлари билан машҳур эканлигидан келиб чиқдик. Биз самарқандликларни хурсанд қилмоқчи бўлгандик. Умуман, шаҳримизда гастрол санъаткорлари иштирокидаги бундай оммавий-маданий тадбирлар кўпам ўтказилмайди. Биз вазиятни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз. Қизиқарли спектакллардан хабар топганимизда, санъаткорларни Самарқандга таклиф қиламиз.
Ҳамма ҳам бизга келишга тайёр эмас. Ташкилиш ишларга кўп куч сарфладик, бироқ одамлар тадбирларга келишмаса, бу жуда қийин масала. Ўзимнинг учта фарзандим бор ва биз бундай қизиқарли воқеаларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламиз, бутун оила билан борамиз.
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
17 Декабрь17.12Пул қудратиАлишер Аминов — Жанни Инфантино ва арабларнинг нефть долларлари ҳақида
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
06 Декабрь06.12ФотоБарқарорликка туташган эркинликТошкентда Собир Раҳметов кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда