Қози ва қалдирғоч

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, олтинчи очерк. Тўлебий Алибек ули, қозоқлар ва ўзбеклар авлиёси
Хованди Тоҳур мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Биз мухбиримиз Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолар ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган фотоочерклар туркумини чоп этишда давом этамиз. Бизнинг бугунги материалимиз қозоқларнинг “Жети жарги” қонунлар тўпламини яратган донишманд қози, шоир ва нотиқ Тўлебий Алибек улига бағашланади.

XVIII аср ўрталаридаёқ Тошкент Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ва ҳунармандчилик марказларидан бирига айланиб бўлган эди. Шу билан бирга, Тошкент ўша пайтда ўзининг барпо этилган иморатлар майдони ва аҳолиси сони бўйича минтақанинг энг қўҳна шаҳарлари бўлган Самарқанд ва Бухородан қолишмас эди.

Бироқ, кўчманчилар қабилалар яшайдиган чўл ва даштларга чегарадош зироатчилик воҳасида ҳаёт жуда ҳам нотинч кечарди. Олдинги асрлардаги каби истеълочиларнинг эътиборини ўзига тортувчи шаҳар доим ғанимларнинг вайрон келтирувчи ҳужумларини бошидан кечирар, унда тез-тез ҳокимлар алмашиб турар ва фақатгина аҳолининг анъанавий турмуш тарзи ўзгармай, Ислом динига садоқати сақланиб қолган эди.

Ўша даврлардан бизнинг кунларгача Тошкентнинг тарихий марказида бир вақтнинг ўзида икки халқнинг – ҳам қозоқлар ва ҳам ўзбекларнинг зиёратгоҳига айланиб қолган ажабтовур меъморий ёдгорлиги – Қалдирғоч бий мақбараси сақланиб қолган. Ўзбеклар унинг сиймосида хорижий истеълочилар ва ғайри динлар тажовузига қарши кураш олиб борган афсонавий рамзни кўрадилар. Қозоғистоннинг жанубий вилоятларидан келган зиёратчилар эса бу мақбарани ўзларининг миллий қаҳрамони — буюк қози, шоир ва нотиқ, “Жети жарги” қонунлар тўпламининг муаллифи, Дулат уруғидан бўлган Тўлебий Алибек улининг дафн қилинган ери сифатида ҳурмат қиладилар.

Қаршилик кўрсатиш ҳаракатини бошқарди

XVII асрда ички низолар ҳамда шиалар ҳукмдорлик қилаётган Эрон билан доимий урушлар туфайли ўзбек Шайбонийхонлари сулоласининг қудрати анча заифлашиб қолган эди. Вазиятдан фойдаланган кўчманчи қозоқ қабилаларининг хонлари Сирдарёнинг жанубий соҳилидаги ҳосилдор вилоятларини эгаллашга киришдилар.

Икки юз йил ўтиб қозоқларнинг ўзлари ёвуз жунгар қабилаларининг тажовузига дуч келдилар. Жунгарлар бунгача Тибет, Қашғар ва Мўғулистонни забт этиб, бутун Марказий Осиёни зир титратдилар ва минтақа аҳолисини Чингизхон даврини эслашга мажбур қилиб қўйдилар.

Жунгарлар тайшеси – “Коинот Ҳукмдори” Цэвэн-Рабданнинг ўғли валиаҳд шаҳзода Галдан Цэрэн Тошкентни забт этиб, вайрон қилди, шаҳарга ўлпон солди ва ҳатто унда Жунгар хонлигининг расмий дини бўлмиш ламаизм мазҳабидаги буддизмни жорий қилишга уринди.

Босқинчи жангарилар мусулмонларнинг муқаддас қадамжоларини таҳқирладилар, қиличлари билан Қаффол аш-Шоший мақбарасидаги Қуръон оятлари ёзилган лавҳаларни кесиб ташладилар. Шундай қилиб, III асрда Буюк Ипак йўли орқали Буюк Кушон империясидан Мўғулистон ва Хитойга сайёр роҳиблар томонидан олиб кирилган Махаяна буддизми сал бўлмаса ўша сўқмоқлар орқали истеълочилар найзаси билан қайтиб келишига оз қолганди.

Халқ ривоятларида айтилишича, истеълочилар ҳукмронлигига қарши курашни Тошкентнинг ўша пайтдаги ҳокими – адолатли қози, шоир ва нотиқ Тўлебий Алибек улу бошқарган. Аниқлик киритиш жоизки, ривоятлар афсонавий шахсга эмас, балки реал тарихий шахснинг ишларига асосланган. Ўша давр хроникасидан маълум бўлишича, Тўлебийнинг келиб чиқиши қозоқлар миллатини ташкил этган уч қабила иттифоқининг энг кўп сонли ва донгдор Юқори жузи Дулат уруғининг Жанис қанотига бориб тақалади.

Қалдирғачбий мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Тўлебий 1663 йилда Қозоғистон жанубида, Чу дарёси водийсининг Жайсан деб аталувчи ерида қабила қозиси Алибек бий оиласида туғилган. Хон Жўлбарис вафотидан сўнг Тўлебий Тошкентда олти йил – 1743 йилдан 1749 йилгача ҳокимлик қилган. Замондошлар қозининг заковати ва адолатига тан бериб, юқори баҳолаганлар. Тўлебий бошқа икки буюк қозилар – Қазибекбий ва Айтекебий билан бирга Ислом шариатининг ҳуқуқий меъёрларини шу жумладан, кўчманчи қабилаларда расм бўлган ҳаётий қоидалар тўплами, анъанавий одат низомлари билан бирлаштирувчи қозоқларнинг “Жети Жарги” қонунлар тўпламининг муаллифларидан бири бўлган. Қозоқлар томонидан “Улкан мусибат” дея аталувчи Жунгар хонлиги билан урушлар даври йилларидан сўнг Тўлебийнинг обрўси қабиладошлари ўртасида мисли кўрилмаган даражада кўтарилиб кетди. Шу жумладан, унинг деҳқончилик ва зироатдан фойдаланиш, ўтроқ халқлардан фойдали кўникмалар ва ҳунарларни ўзлаштириш бўйича оқилона чақириқлари унинг обрўсини кўтарилишига сабаб бўлди. Унинг “Ким отасини кўрган бўлса, ўқ отишни ўрганади, ким онасини кўрган бўлса, пўстин тикишни билади”, деган ибораси маълум. Тўлебий 1756 йилда Жанубий Қозоғистон вилоятининг ҳозирги Лангар тумани ҳудудидаги Ақбурхан Ўрдада вафот этди, бироқ Тошкентнинг марказида дафн этилди.

Дарё илоҳими ёки мусулмонлар ҳимоячиси?

Ривоятга кўра, дашти-биёбонлардан жунгар чавандозларининг улкан лашкарлари Тошкентга яқинлашиб келаётганини эшитган кўпчилик одамлар ваҳимага тушиб, кўп ҳолларда уйлари ва бор мулкини ташлаб қочиб кетдилар. Бироқ Тўлебий жойидан жилмади. Биргина номининг ўзи мусулмонларни даҳшатга солишига одатланган Галдэн-Цэрэн қозининг бу ишидан ажабланиб, уни ўз ҳузурига олиб келишни буюради ва ундан “нега қочиб кетмадинг, наҳотки қўрқмадинг?” деб сўрайди. Бунга жавобан Тўлебий ўтовнинг туйнугига қалдирғоч уя қуриб, полапонлар очгани туфайли уни бузишга қўли бормагани айтган. Ривоятларга кўра, меҳр-шавқат нималигини билмайдиган ҳукмдор бу жавобдан таъсирланиб, на қозига ва на унинг қариндош-уруғига ёмонлик қилмади. Ўшандан бери, Тўлебийни Қалдирғочбий деб атай бошладилар. Кейинроқ у ўзи бош-қош бўлиб халқни истеълочиларга қарши курашга кўтарган. Жунгарлар қувилганидан сўнг уни Тошкентга ҳоким этиб сайладилар, вафот этганидан сўнг эса жуда катта эҳтиромлар билан Ҳазрат Имом – шайх Хованди Тоҳурнинг ёнига дафн этдилар.

Бироқ шуни ёдда тутиш керакки, буларнинг ҳаммаси ривоят, холос. Ҳақиқий Тўлебий Алибек улу Тошкентда 1743 йилдан 1749 йилгача, яъни Галдан-Цэрэн Тошкентни забт этишидан йигирма йил кейин ҳокимлик қилган. Табиийки, тарихий қози афсонавий Қалдирғочбий сиймосидан ҳар ҳолда бироз фарқ қилган.

Калдирғочбий мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

1741 йилда татар савдогари Шубай Арсланов ўрис ҳарбийларининг топшириғини бажара туриб, Орскдан Тошкентга сафар қилади. Унинг разведка маълумотларида қандайдир Қусен исмли қозоқ беги Тўлебийни Тошкентдан “сиқиб чиқариб юборгани” айтилади. Шу билан бирга, Арслановнинг маълум қилишича, ўзаро адоватда бўлган икки феодал жунгар хони волийларинг итоаткор хирож тўловчилари бўлган ҳолда маҳаллий аҳолини “қаттиқ сиқувга олиб келишган”.

Тўлебийнинг қароргоҳи қадимий суғориш Бўзсув канали Чирчиқ дарёсидан ажралиб чиқаётган жойда ўрнашган эди. Ўша пайтларда канал бутун Тошкентни ичимлик ва суғориш суви билан таъминлаб келган. Бу эса қозоқ бийга улкан шаҳар ва унинг четидаги қишлоқларнинг ҳаётини ҳеч муболағасиз назорат остида ушлаб туриш имкониятини берган. “Агар истаса, шаҳарга оқаётган канални бўғиб қўйиши ва унинг сувини бошқа тарафга оқизиб юбориши мумкин, экинларига сув берилмай қолишидан тошкентликлар ўлиб кетишлари мумкин, шунинг учун ҳам бўйсунишга мажбурлар”, — дея ёзади Арсланов ўзининг рус ҳарбий разведкасига юбораётган ҳисоботларида. Бу каби ҳаракатлар мусулмонларнинг авлиё ҳомийсига қараганда кўпроқ жоҳилия пайтидаги дарё илоҳларига мос келади. Шунга қарамай, ўша савдогарнинг ўзи Тошкент аҳолисининг кўпчилиги Қусенбек ва жунгарлар зулмидан айнан Тўлебийнинг паноҳига қочганларини ёзади. Шундай бўлганми ёки бошқачами аниқ эмас, бироқ халқ хотирасида Тўлебий адолатли ҳукмдор ва мустақиллик учун курашган арбоб сифатида қолган.

Мақбара ичидаги ханжар

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида, шайх Хованди Тоҳур мақбараси ёнида жойлашган Қалдирғочбий мақбараси ўша даврда қурилган кўплаб меъморий ёдгорликлардан ўзининг услуби жиҳатидан сезиларли даражада фарқ қилади. Унинг устига юмалоқ эмас, балки конус шаклидаги учли гумбаз қўйилган. Қайд этамиз, бу каби шакл Олтойдан Каспий денгизигача бўлган майдоннинг дашт ва чўл ҳудудларида қурилган ибодат иншоотларига кўпроқ хос бўлиб, бу ерларда туркий кўчманчи қабилаларининг маданияти жанубдаги сингари араб ва форс анъаналарининг кучли таъсирига дуч келмаган. Ёдгорликнинг илк тадқиқотчиларидан бири, тошкентлик археолог Галина Пугаченковага кўра, 12 қиррали баланд барабан устидаги пирамида шаклидаги чодирсимон гумбаз “гўё Тўлебийнинг туғилган ўлкалари бўлмиш Тянь-Шань ва Алатау тоғларининг чўққиларини эслатаётгандек бўлади”.

Яна битта қизиқарли тафсилот муқаддас қадамжонинг ўзига тегишли. Ўзбекистонлик олимлар Қалдирғочбий мақбараси XV асрда, яъни тарихий Тўлебий туғилишидан уч юз йил олдин қурилган бўлиши мумкин, деган хулосага келдилар. Унинг ҳудудида кимга тегишли бўлгани номаълум қўҳнароқ қабрлар ҳам топилган. Қизиғи шундаки, бу ҳақдаги маълумотлар совет археологи Михаил Массон томонидан тақдим этилган. Унинг ёзишича, XIX асрда гўё Қалдирғочбий мақбарасида дафн этилган қандайдир персонаж чинакамига мусулмон бўлмаган ва амалдаги анъаналарга риоя қилинмаган ҳолатда дафн этилган, деган мазмундаги миш-мишлар пайдо бўлган эди. Миш-мишлар ҳақиқатга нечоғлиқ мос келишини текшириш учун ўша пайтдаги шаҳар ҳокимларидан бири тунларнинг бирида қоровул Эшонқул билан бирга қабрни очган. Лаҳад ичида сопи қимматбаҳо тошлар билан безалган ханжар топилган. Бу эса Исломдаги дафн маросимига оид қоидаларга хилоф эди. Топилмани жойида қолдиришга қарор қилинди, мусулмонлар ўртасида ғулғула пайдо қилмаслик учун ҳоким қоровулга бўлиб ўтган ишлар ҳақида оғиз очмаслик ҳақида қатъий буйруқ берди. Кейин бўлса қоровул қаёққадир гумдон бўлди. Кўп йиллар ўтиб мақбара ичида таъмир ишлари олиб борилаётган пайтда қачонлардир сағанани очишда иштирок этган одам ханжарни олишга уриниб кўрди. Бироқ ханжар жойида йўқ эди. Бу ҳақда у гўё ўлимидан олдин ўз ўғлига айтиб берган экан.

Замондошларимиз бўлган тарихчилар фикрига кўра, мақбаранинг ўзи қачон қурилганидан қатъий назар, Қалдирғочбий шахсига мустақиллик учун кураш рамзи сифатида авлиёларга хос эҳтиром кўрсатиш анъанаси Тошкентда Ҳожи Муҳаммад Юнус (ёки Юнус ҳожи) ҳокимлик даврида – 1784-1802 йилларда пайдо бўлган. Жунгар хонлиги зулмидан озод бўлганидан сўнг шаҳарда, Европадаги ўрта асрлардаги савдогар республикаларни эслатувчи ўзига хос бошқарув шакли ўрнатилди. Бироқ Тошкентни обрўли фуқароларнинг йиғини эмас, балки улар томонидан сайланган шаҳарнинг тўртта даҳаси: Шайхонтоҳур, Кўкча, Бешёғоч ва Себзор ҳокимлари бошқарган. Уларнинг ортида турган ҳизблар ўртасида таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган доимий курашлар шаҳарнинг тинч ҳаётига раҳна солиб турган. “Зироатчилик ва чорвачилик таназзулга юз тута бошлади, фойда келтирувчи боғлар яратиш хонавайронликка учради, ҳар ким ўзининг уста-ҳунармандчилиги билан шуғулланиш ўрнига уйидан қуролланиб чиқар ва ўз ҳаётини хатарда кўрарди” – дея ёзгандилар ён-атрофдаги тоғларда руда конларини излаётган рус тоғ инженерлари Бурнашев ва Поспелов.

Бироқ 1784 йилда демократик ўзаро низолар тўхтади. Тошкент оқсоқоллари қурултойи шайх Хованди Тоҳурнинг зурриёди, ёшлигида Тўлебийга котиблик қилган Шайхонтоҳурнинг ҳокими Юнус хўжани Тошкент ҳукмдори этиб тайинлади. Юнус хўжа даврида Тошкент мустақил шаҳар-давлатга айланиб, ўзининг таъсир доирасини қўҳна Шош зироатчилик воҳасидан анча ташқарига чиқариб, кенгайтиришга эришди.

Қалдирғочбий мақбарасида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўзини бошқариш ва гуллаб-яшнаш даври ҳақидаги маълумотларни ўзининг “Тарихи жадидайи Тошканд” китобида баён қилган Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг ёзишича, бу доруломонлик деярли йигирма беш йил давом этган. 1808 йилда Тошкент яна истеълочилар қўлига ўтади. Бу сафар шаҳарни ўзбекларнинг минг уруғидан бўлган Қўқон ҳукмдори Олимхон босиб олади. Бироқ бир йил ўтиб фитначилар томонидан уюштирилган суиқасд натижасида Олимхон ўлдирилади.

Бухоро амири Насрулло Қўқон хони Мадалини марҳум отасининг ҳарамидаги канизакка уйлангани учун кофир деб эълон қилади. Шундан сўнг Насрулло унга қарашли ҳудудларнинг кўпини босиб олади, 1842 йилда Тошкентни ўзига бўйсундиради. Шаҳар йигирма йил давомида навбати билан қўқонликлар ва бухороликлар томонидан ҳужумларга дуч келади ва қўлдан- қўлга ўтиб юради. 1865 йил 15 июнь куни генерал Черняев томонидан забт этилган Тошкент Россия империясига қўшиб олинади ва яна бир йил ўтиб Туркистон генерал-губернаторлигининг расмий пойтахтига айланади.

Қайд этиш жоизки, Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Қалдирғочбий мақбарасини зиёрат қиладиган одамларнинг сони бугунги кунда унчалик кўп эмас, бироқ Қозоғистондан келган меҳмонлар ва айниқса, ўзининг келиб чиқишини афсонавий Дулат уруғидан деб билгувчилар бу қадамжони зиёрат қилмай кетмайдилар.

Ўз аждодларининг тарихи ва шажарасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатувчи ота-боболарининг тарихини унутмай авайлаб сақлаб келаётган ҳозирги замон қозоқларнинг кўпчилиги.учун Тўлебий буюк доҳий, уруғнинг раҳнамоси саналади. Ўзбекистон пойтахтининг ҳозирги аҳолиси ҳақида гапириладиган бўлса, уларнинг деярли ҳаммаси, гарчи муқаддас қалдирғоч ҳақидаги ривоятни билганлари билан, бу афсонани Тўлебий исми билан боғламай қўйишган.

Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона"

  • Туркманистон терма жамоаси дарвозабонига чет элга чиқиш тақиқланди

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида