Аниқ чизиқлар устаси

Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

11 декабрь куни Тошкентдаги Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактабининг кўргазмалар залида Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия академиги ва республика давлат герби муаллифи Анвар Мамажоновнинг шахсий кўргазмаси очилди.

Анвар Мамажонов «Бедана яна сайрайди» кўргазмасининг очилиш маросимида. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона"

«Бедана яна сайрайди» романтик номини олган кўргазма рассом таваллудининг 75 йиллигига бағишланади. Унда 137 та график асар: гравюралар, шунингдек, қалам, тушь билан чизилган асарлар намойиш этилган. Улар орасидан таниқли жанр устасининг дастлабки ва кейинги асарлари ўрин олган. Рассом баъзи туркмлар устида ўнлаб йиллар давомида тер тўккан.

Анвар Мамажонов. «Чоллар» туркумидан. Қалам, қоғоз. 2010-2025

Анвар Олимжонович Мамажонов 1950 йили Тошкентнинг тарихий мавзеси — Бешоғочнинг эски кўчаларидан бирида туғилган. Унинг ўз иқрорига кўра, у беш ёшидан расм чиза бошлаган. Ота-онаси узоқ вақт ишлагани боис, уни болалар боғчасидан кеч олиб кетишган. Тарбиячи унга қоғоз ва қаламлар берган ва болакай ижодга берилиб, барча ташвишларини унутган.

1973 йили у Тошкент театр ва рассомлик институтининг кулолчилик бўлимини тугатган ва амалий санъат комбинатида ишлай бошлаган. Лекин у талабалик даврида ўрганган севимли машғулотини — эски бозорлар, чойхоналар, ҳунармандчилик устахоналари ва бедана бозорига (қушлар бозори) боришни канда қилмаган ва у ерларда қалам билан кўрганларини қоғозга туширган. 1982 йили дўсти, график рассом Виктор Апухтиннинг таклифи билан унинг биринчи «Эски Тошкент» номи билан аталган график асарлари Тошкент санъат кўргазмасида намойиш этилган ва муваффақият қозонган.

Анвар Мамажонов. «Эски маҳалла» туркумидан. Тушь, қалам, қоғоз

Тахминан шу даврда рассом Ғафур Ғулом нашриётига ишга таклиф қилинади ва у ерда кўп йиллар давомида ўзбек ва жаҳон адабиётининг буюк намоёндалари — Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Примқул Қодиров ва Чингиз Айтматовдан тортиб Александр Дюма ва Жонатан Свифтга қадар адиблар асарларига иллюстрациялар чизади. 1983 йили Анвар Мамажонов СССР Рассомлар уюшмасига аъзо бўлади.

Рассомнинг энг ижтимоий аҳамиятга эга асари 1992 йил 2 июлда тасдиқланган Ўзбекистон республикаси герби бўлди. Мамлакат гербида бахт ва фаровонлик рамзи бўлмиш афсонавий Ҳумо қушини тасвирлаш таклифини Мамажонов илгари сурган. Бироқ, рассомнинг ўзи хотирлашича, қуш тасвирини шахсан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов таҳрир қилган.

Рассомнинг қуш ҳақидаги асл концепцияси кўпроқ қор калхатини эслатган, у қаҳрли нигоҳи билан пастга, ишончли ҳимоядаги Ерга қараган бўлган. Лекин Ислом Каримов Ҳумо ташқи кўринишидан йиртқич хусусиятлардан холи бўлиши кераклигини таъкидлаган. Ва қуш пастга эмас, балки юқорига — осмонга ва келажакка қараши керак бўлган.

Ўзбекистон герби. lex.uz сайти фотосурати

Бироқ, рассом президентни Ўзбекистон байроғига иккита ингичка қизил чизиқни қўшишга кўндирган, зеро Шарқда қизил ранг коммунистик ғояларни эмас, балки ҳаётийлик ва ташқи таъсирларга чидамлиликни англатган. Бу рамзлар суверен давлатнинг икки ўн йиллик даврида ташқи ва ички сиёсатига қандай таъсир қилганини ўзингиз мушоҳада қилсангиз бўлади.

Кейинчалик рассом бадиий асарларга иллюстрациялар чизишни ёшларга сабоқ бериш билан уйғунлаштиради. Аммо унинг асосий иштиёқи ва, албатта, ҳаётининг мазмуни — халқ турмушига оид саҳналарнинг график эскизларини яратиш бўлиб қолган. Улар моҳирона бажарилган. Аниқ, аммо силлиқ чизиқлар кўпинча бутун маконни мураккаб ўзаро боғлиқликлар билан тўлдиради, баъзан анъанавий ўзбекона безаклари каби зич жойлашади. Композицион ва стилистик жиҳатдан улар классик Шарқ миниатюраларини, хитой расмларининг бир қисмини ва парадоксал равишда шимолий Уйғониш даври гравюраларини эслатади. Баъзи асарлар томошабинни ўзининг кўп фигурали табиати билан ҳайратда қолдиради — уларда ўнлаб ёки ҳатто юзлаб персонажлар тасвирланган бўлиши мумкин, лекин уларнинг ҳар бири ўзида индивидуалликни сақлаб қололган. Бундай композицияларга фотосурат орқали таъриф бериш имконсиз, уларни фақат тўлиқ ўлчамда кўриш лозим.

Замонавий томошабин нуқтаи назаридан, Анвар Мамажонов асарлари, албатта, энди табиатдан олинган эскизлардек кўринмайди. У эслаб қолган ва суратга муҳрлаган Тошкент энди йўқ. Бугунги рассомлар мамлакатнинг энг чекка бурчакларида — Бойсун, Гелан ва Фарғона водийсида — бу колорит, турмуш тарзи, анъанавий либослар ва кундалик вазиятлар қолдиқларини излаш учун бутун куч ва маблағ ларини сарфлайдилар. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, Мамажонов бу натураларни ёшлигида, мавжуд бўлгану, аммо тўлалигича қадрланган пайтида асарларига сингдирган.

Бундан ташқари, рассом ўз асарларида нозик дидли томошабин сеза оладиган постмодернист «донолик»ни қолдирган. Унинг расмларида, ҳатто ўнлаб персонажлар иштирок этган расмларда ҳам аёллар, болалар, ўсмирлар ёки ҳатто ўрта ёшли одамлар камдан-кам ҳолларда тасвирланган. Асосий лирик мавзу — бу ўз-ўзидан табиий, кўпинча бўрттирилган, кучли ҳис-туйғулари деярли карикатура даражасига кўтарилган кекса ўзбек эркакидир. Рассомга кўра, у болаларча идрок поклиги ва табиий жўш урадиган ҳиссий реакцияларни бадиий ижодкорликнинг ва умуман олганда, дунё билан уйғунликнинг асоси деб билади. Кўпчилик одамлар бундай ҳолатга фақат қариликда қайтиш имкониятига эга бўладилар. Шунда ҳам, токи улар ҳаётини тўғри, виждонан яшаган бўлсалар. Шунинг учун унинг график туркумлари Шарқ экзотикаси ёки қотиб қолган ориентализм намойишига асосланмаган. Парадоксал равишда, дастлабки ҳужжатли сифатига қарамай, улар самимий, меҳрибон истеҳзоли автопортретлар сериясидир.

Павел Беньков номидаги санъат коллежидаги кўргазма 2026 йил 31 январгача давом этади.

Андрей Кудряшов
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ