Атрофда ноябрь ойининг хомуш кунлари ҳукм суради. Булутли осмондан вақти-вақти билан кузги ёмғир ёғади. Янги йилга ҳали олти ҳафта бор. Лекин нега энди ҳозирдан байрамни нишонлашни бошламаслик керак? Негаки, биз Тошкентдамиз, бу ерда ҳар ким ўз имконияти доирасида, биров манфаати ва ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, ўзи хоҳлаган нарсани қилиши мумкин.
Тошкентнинг кўнгил очар Magic City паркида ўтган дам олиш кунлари мамлакатда илк бор Янги йил арчасининг тантанали очилиш маросимини ўтказганларида мана шундай фикрда бўлганлар чоғи.
Баландлиги 27 метр, нурли гирлядлар билан безатилган арчани «Дисней маликаси саройи» олдида, тарихий Нойшванштайн қалъасининг маҳаллий нусхаси қаршисидаги сунъий кўл қирғоғида ўрнатдилар.
17 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да арча устида байрам чироқлари йиғилганлар шод-хуррам олқишлари остида ёқилди.Шу билан бирга, кўл марказида машҳур оҳанглар ритмида кўп қаватли бино баландлигига тенг келадиган мусиқали фаввора ишлай бошлади.
Кўл ва фаввора устидаги қалъа балконидан арқон бўйлаб моҳир зиплайнерлар учиб, Амстердам қирғоқларини эслатувчи биноларнинг балконларига бориб тушдилар. Ҳиёбоннинг бошқа қисмида Самарқанд Регистони майдонини такрорловчи бинолар олдида маҳаллий эстрада хонандаларининг концерти бошланди.
«Сеҳрли шаҳар» кўчаларига аниматорлар чиқишди. Тўғри, Қор бобо ва Қорқиз улар орасида кўринмади — ахир, уларнинг вақти ҳали келмаганди. Бироқ, бошқа эртак ва ғалати персонажлар етарлича эди.
Тошкент доимо нон шаҳри бўлиб келган. XXI асрда у тобора ажойиб шаҳарга айланиб бормоқда. Ўйин-кулгилар кўпинча сохта характерга эга бўлса-да, бироқ улар минглаб фуқаролар, вилоятлардан ташриф буюрувчилар ва чет эллик сайёҳларга самимий қувонч улашарди.
-
Magic Cityда, Тошкент, 2024 йил 17 ноябрь. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»
-
Magic Cityда, Тошкент, 2024 йил 17 ноябрь. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»
-
Magic Cityда, Тошкент, 2024 йил 17 ноябрь. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»
-
Magic Cityда, Тошкент, 2024 йил 17 ноябрь. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»
Шоумен ва маркетологлар Янги йил қатъий календар байрами эмаслигини аллақачон тушуниб етишган. Анъаналарга риоя қилиш учун бизда Наврўз бор, лекин у ҳам бир ой давомида нишонланади. Агар уч миллионлик, кўп маданиятли метрополнинг маълум ҳудудлари йил бўйи мунтазам байрамлар нишонланадиган жойларга айланса, яхши бўларди. Фақатгина қўшнилари хотиржам, тўқ, тинч-тотув яшаса бўлди.
Magic City – 9000 квадрат метр майдонни эгаллаган Марказий Осиёдаги энг йирик оилавий дам олиш ва кўнгилочар боғи ҳисобланади. У 2021 йил июнь ойида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғни реконструкция қилиш жараёнида очилган. Magic Cityнинг ўн битта кўчасида машҳур шаҳарлар — Барселона, Лондон, Амстердам, Самарқанд ва бошқа тарихий биноларнинг макетлари ўрин олган. Паркда океанариум, нурли ва мусиқали фаввора, 18 та пуллик аттракцион, ўнлаб дўконлар, бутиклар, қаҳвахоналар ва ресторанлар мавжуд. Очилганидан ҳозирги кунгача паркга кириш бепул.